...
МЕНЮ
ONLINE TV

27 йиллик савол: Каримовсиз ҳам Ўзбекистон мустақил бўлармиди?


13:57, 31.08.2018 Таҳлил
 35 056

Ислом Каримов Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилар экан, зиммасига қанчалик залворли масъулиятни – 20 миллиондан зиёд халқининг тақдири учун жавобгарликни олаётганини тўлиқ англар эди.

Бундан роппа-роса 27 йил аввал, 1991 йил 31 августда Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Президент Ислом Каримов “Мен 1 сентябрни жумҳуриятимизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, дея Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилди.
 
Ушбу воқеа телевидение орқали жонли эфирда кўрсатилди. Депутатлар мамлакат раҳбарининг баёнотини нақадар саросима ҳолатида қабул қилганликлари ўша ҳодиса шоҳиди бўлганларнинг ҳали ҳам эсида. Юз йилдан ортиқ муддат давомида улкан империянинг чекка бир музофоти бўлиб келган мамлакатнинг раҳбари томонидан қилинган бу қадар дадил баёнотга одамлар қандай муносабатда бўлишни билмас эди.
 
Ўша лаҳзаларда ушбу тарихий ҳодиса аҳамиятини жуда кам одам англагани бор гап. Зал сукунатга чўмган. Президент Ислом Каримов йиғилиш иштирокчиларини “Қани қарсакларингиз?!” деб саволга тутганидан кейингина улар бироз ҳушёр тортиб, қўрқа-писа қарсак чалган эди.
 
Бу, республика раҳбарининг шубҳасиз фавқулодда дадил баёноти эди. Негаки, бундай мардонавор қадам ортидан Ислом Каримов нафақат лавозимидан маҳрум бўлиши, айни чоғда, унинг шахсий дахлсизлиги ҳам хатар остида қолиши мумкин эди. Ахир, бу даврда Ўзбекистон – Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи таркибида бўлиб, мамлакат ҳудудида совет армиясининг Туркистон ҳарбий округи қўшинлари жойлаштирилган эди.
 
Ислом Каримов Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилар экан, зиммасига қанчалик залворли масъулиятни – 20 миллиондан зиёд халқининг тақдири учун жавобгарликни олаётганини тўлиқ англар эди.
 
СССР давлатининг парчаланиши арафаси барча республикаларда ички сиёсий беқарорлик ва иқтисодий турғунлик авж олгани билан ёдда қолган.
 
Собиқ Иттифоқ ҳудуди дунёга жуғрофий номи билан танилган миллатлараро қонли зиддиятлар домига тортилган эди: Сумқайит, Қорабоғ, Приднестровье, Жанубий Осетия, Фарғона каби ҳодисаларда кўплаб одамлар қурбон бўлди, йирик қочқинлар оқими юзага келди.
 
Ислом Каримов ўзи ўша кунларни кейинроқ бундай тавсифлаган эди: “Ҳали совет коммунистик тизими ҳукмронлик қилган 1989 йилни ёдга олайлик. Май ойи охири – июнь ойи бошларида “Фарғона фожиаси” деб аталган мудҳиш ҳодиса рўй берди. Бутун собиқ Иттифоқни ларзага солган ушбу ҳодиса нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиёни ағдар-тўнтар қилиб юбориши мумкин эди”.
 
Республикада ўта таҳликали вазият юзага келган бўлиб, нафақат Фарғона водийси, балки Тошкент, Сирдарё ва бошқа вилоятларнинг айрим ҳудудлари “ҳўлу қуруқ баравар ёнадиган” хатарли ҳолатда эди. Миллий ва диний асосда кескин жанжаллар авж олган бўлиб, улар кўпинча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан оммавий тўқнашувларга айланиб кетар эди.
 
1990 йили қўшни Қирғизистон ҳудудида, Ўш вилоятида кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган миллатлараро қонли фожиа – ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида тўқнашувлар рўй берди. Вазият ўта қалтис эканига қарамай, Совет Иттифоқининг марказий ҳукумати ушбу муаммони ҳал қилишдан ўзини четга олди. Биринчи Президентимизнинг жонбозлиги ва қатъий ҳаракатлари боис вазиятни ўзгартириб, зиддиятга аралашиб қолган инсонларни муросага келтириш йўли топилди. Шу тариқа эндигина куртак отаётган мудҳиш миллатлараро урушнинг олди олинди.
 
Ўша йили Президент Ислом Каримов томонидан Бўка ва Паркентдаги этник зиддиятлар ҳам бартараф этилди.
 
Давлат раҳбари ўша мураккаб паллаларда фақат мардонавор хатти-ҳаракатларгина мамлакатни омонсиз инқироздан қутқариб қолиши мумкинлигини яхши англар эди. Шу боис Президент Ислом Каримов 1991 йил 31 августда мамлакатнинг келгуси тақдирини ҳал қилган тарихий қарорни эълон қилди. Ўша куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида” қарор ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида” қонун қабул қилинди.
 
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти учун бу тарихий воқеа Мустақилликка эришиш учун узоқ ва машаққатли кечган йўлнинг хайрли якуни эди. Қолаверса, бу ҳодиса мамлакат тарихида янги саҳифа очилганини ҳам англатарди. Олдинда эса Олий Кенгашнинг бир гуруҳ депутатлари томонидан Президент Ислом Каримовни ҳокимиятдан четлатишга уриниш, 1991 йилги Наманган воқеалари (кейинроқ “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳига қўшилган Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ўшанда ҳокимиятни эгаллашга уринган эди), қўшни Тожикистонда беш йил давом этган фуқаролар уруши, Афғонистонда вазиятни буткул издан чиқиши, Тошкентда 1999 йил февраль, 2004 йил март ва июлда содир этилган террорчилик ҳуружлари, Бухородаги портлашлар, Сариосиёда экстремистик гуруҳларининг чегарадан ўтишга уриниши, 2005 йил Андижон воқеалари, 2010 йил Ўш воқеалари каби мушкул имтиҳонлар кутар эди.
 
Ислом Каримовнинг довюраклиги ва жасорати қаторида фавқулодда меҳнатсеварлигини таъкидлаш жоиз. Унинг юксак нотиқлик маҳорати ҳам ҳамиша ибрат ва намуна бўлиб қолиши шубҳасиз. Ислом Каримов инсонларнинг юрагига теран нигоҳ ташлаб, улар қалбига сўз билан йўл топа олар эди. У, шунингдек, халқаро майдонда тенг ҳуқуқли ҳамкор ҳамда ўз миллати тақдирига масъул ота сифатида мулоқот олиб борган беназир сиёсатдон ўлароқ тарихда қолди.
 
Биринчи Президентимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз!” деган фикри миллионлаб юртдошларимиз қалбига муҳрлангани бежиз эмас. Зотан, бу умидбахш сўзлар юрт равнақига ҳисса қўшиш, эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилишда Ўзбекистон аҳлига илҳом ва далда берган эди.
 
Ҳа, Ислом Каримов бўлмаганида, Ўзбекистон эҳтимол тарихий ҳодисалар йўсини ва бошқа бир қатор объектив омилларга кўра мустақил давлатга айланар эди. Аммо ушбу савол очиқ қолмоқда: ўша лаҳзада мамлакат раҳбарлигига айнан Ислом Каримов каби инсон келмаганида, Ўзбекистон ва унинг кўп миллионлик халқи тақдири қандай кечар эди? Зеро, бу инсон ўша долғали йилларда глобал ва минтақавий хавфу таҳдидларни моҳирона четлаб ўтиб, мамлакатимизни хатарсиз тараққиёт йўлига олиб чиқа билди, шунингдек, Ўзбекистоннинг келгуси ривожи учун мустаҳкам пойдевор қўя олди.

Теглар:Ислом Каримов хотираси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!