...
МЕНЮ
ONLINE TV

Атайми ё..? Бекободдаги 300 кишилик икки тўйда одамлар заҳарланди


15:20, 31.03.2018 Жамият
 13 128

Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда. 2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилган.

Бекобод шаҳридаги “Бахт уйи” тўйхонасида 28 март куни фуқаро Бегали Юнусов томонидан ўтказилган никоҳ тўйида 300 нафар, “Дилдора” тўйхонасида фуқаро Дилобар Гулмуродова ўтказган қиз базмида 280 нафар меҳмонлар қатнашган. Улардан 55 нафари заҳарланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Гап шундаки, кеча, 30 март соат 06:20 дан 31 март соат 14:30 гача 55 нафар, шу жумладан 6 нафар болалар тана хароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, бўғимларда оғриқ каби, шикоятлар билан шифохонага мурожаат қилган ва улардан 50 нафари Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига, 4 нафари туғруқ бўлимига ва 1 нафар бемор Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти шифохонасига “ўткир гастроэнтерит, овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси билан ётқизилган.
 
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасида қуйидагилар аниқланди:


 
Иккала тўйхонада ҳам Бекобод шаҳридаги “Нодирбек омад барака” хусусий корхонасига қарашли “Истиқлол” кафеси томонидан тайёрланган “Мужской каприз”, “Японча”, “Қиролича”, “От шефа”, “Пикантный”, “Оливье”, “Гўштли бодринг” салатлар, норин, чучвара, люла кабоб, угра, бифстроган таомлар дастурхонга қўйилган.
 
Беморлардан олинган биологик намуналар Тошкент вилояти санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига юборилган.
 
Юзага келган эпидемик вазиятни жойида ўрганиш, беморларни даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказишда маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори, т.ф.н. А.Абдушукуров, институт шифохонасининг бош врачи, т.ф.н. Ж.Тўйчиев, 3 нафар реаниматолог, Республика санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Б.Алматов ва бўлим мудири 2018 йил 30 март куни Бекобод шаҳрига юборилган.
 
Шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон заҳиралари етарли. Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда. 2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилган. Мурожаат қилган 7 нафар беморларга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволлари қониқарли бўлгани учун уйларига кетишга рухсат берилган.
 
Тўй маросимида иштирок этган фуқароларнинг рўйхатини аниқлаш, профилактик ва эпидемия қарши тадбирларни амалга ошириш учун шаҳар тиббиёт бирлашмасидан жалб этилган 136 нафар патронаж хамширалар ва санитария-эпидемиология хизматидан 50 нафар мутахассислар томонидан хонадонма-хонадон юриб, суриштириш ишлари олиб борилмоқда.
 
Ўтказилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши тадбирлар, беморлардан олинган биологик намуналарнинг лаборатория таҳлили натижалари, якуний ташхис тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади.
 
Юзага келган эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.

Теглар:Соғлиқни сақлаш вазирлиги Заҳарланиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар