...
МЕНЮ
ONLINE TV

Аввалгиларга ўхшамас: АҚШнинг биринчи хоними ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар


16:07, 29.04.2018 Бу қизиқ
 10 703

Мелания Трамп таржимаи ҳолининг баъзи жойларини ўзгартирган, бир пайтлар эса АҚШда ноқонуний равишда ишлаган.

Дональд Трамп АҚШ бошқарувига ўтирганидан бери ОАВда энг кўп тилга олинадиган давлат раҳбарларидан бирига айланди.
 
Унинг кутилмаган қарорлари, агрессив ҳатти-ҳаракати ҳаттоки, журналистларни ҳам шошириб қўймоқда. Энг қизиғи, Дональд Трамп президент бўлгач, “Оқ уй”нинг янги хоними Мелания Трампга бўлган эътибор янада кучайган.
 
Дарҳақиқат, аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, америкаликлар бундай биринчи хонимни аввал асло кўришмаган: Мелания Трамп нафақат таржимаи ҳолининг баъзи жойларини ўзгартирган, бир пайтлар АҚШда ноқонуний ишлаган. Бундан ташқари, унинг плагиат – кўчирмачиликка қўл ургани ҳам аниқланди. Focus нашри АҚШнинг янги биринчи хоними ҳақида қизиқарли маълумотларни эълон қилмоқда.
 
1. Мелания Трамп сўнгги 200 йилда АҚШ ҳудуди ташқарисида туғилган илк биринчи хоним бўлди. Унинг ватани – Словения. Меланиядан олдин АҚШда фақатгина битта чет эллик биринчи хоним бўлган – олтичи президент Жон Кунси Адамснинг рафиқаси Луиза Адамс (1755-1852). У АҚШга Британиядан келган эди.
 
2. Focus нашрининг ёзишича, Меланиянинг асл фамилияси Кнавс эди. Бироқ у 1990 йиллари модель бўлиб ишлаб юрганида жарангдорроқ эшитилиши учун фамилиясини Кнаусга ўзгартирган.
 
3. Мелания АҚШга 1990 йилларнинг охирида келган ва маълум муддат ноқонуний ишлаб юрган. 1996 йилда қонуний ишлаш учун рухсатномаси йўқ эди, лекин моделлик ортидан яхшигина пул ишлар эди. Доналд Трампнинг ноқонуний мигрантларга қарши чорани кучайтириш ҳақидаги гапларининг кўпчиликка ёқмагани сабаби ҳам айнан шунда.
 
4. Меланиянинг расмий сайтида яқин пайтгача Словения университетининг архитектура ва дизайн факультетини тугатгани ҳақидаги маълумот бор эди. Аммо, журналистларнинг аниқлашича, Оқ уйнинг янги бекаси моделлик қилиш учун ўқишни ташлаб кетган экан.
 
5. Унинг олий маълумоти бўлмаса-да, моделликда юксак чўққиларни забт эта олган. Унинг расмлари кўпгина журналларнинг илк саҳифасини безаган. Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси чоғида оммавий ахборот воситалари орқали Меланиянинг эҳтиросли суратлари тарқаб кетди. Аммо бу ҳолат унинг обрўсига жиддий путур етказмади.
 
6. Трамп хоним ўта қиммат кийим-кечаклар ихлосманди. Омма олдида кўриниш берадиган бўлса, эгнида нархи осмонга сапчийдиган дизайнерлик либосини кўриш мумкин. Мелания 2005 йили Дональд Трампга турмушга чиққанида Dior мода уйида тикилган 100 минг долларлик келин кўйлагини кийган эди.
 
7. Ҳозир ишониш қийиндир, бироқ Дональд ва Меланиянинг тўйида эр-хотин Клинтонлар меҳмон бўлган. Тўйдаги суратларга қараб, ўша пайт Трамп ва Клинтонлар оиласининг муносабатлари ажойиб эканини айтиш мумкин.
 
8. Миллиардерга турмушга чиққан Мелания тўрт боланинг ўгай онасига айланди. Доналд Трампнинг катта ўғли Меланиядан атиги 8 ёшга кичик. Ҳозир биринчи хоним 48 ёшда, эридан эса 24 ёш кичик. 2006 йили Трамп хоним Дональдга ўғил туғиб берди, исми эса Бэррон қўйилди.
 
9. Мелания ўзини "Business woman" деб атайди. У QVC теледўконлар тармоғи билан ҳамкорликда заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
 
10. Мелания Трампнинг таржимаи ҳолини ўзгартирганию турли суратларининг тарқалгани Республикачилар партиясида сўзлаган нутқичалик можароли бўлмади. Маълум бўлишича, у нутқ матнининг бир қанча жойини Мишель Обаманинг нутқидан шундоққина кўчириб қўя қолибди. Албатта, кўчирмакашлик унинг обрўсига обрў қўшгани йўқ.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Мелания Трамп 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!