...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бонжур, Франция! Бизнинг сендан умидимиз катта, сени-чи?


20:33, 06.10.2018 Таҳлил
 3 812

Европа ва Ўзбекистон алоқаларида Франция ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши лозим.

Ўзбекистон бугунги кунда ўз қизиқишларини халқаро майдонда фаол олға суряпти ва янги бозорларга кириб боряпти. Бунга мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этиб бориши ва давлат раҳбариятининг таълим ҳамда инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бўлган уринишлари ҳам имкон яратиб беряпти.
 
Катта майдонларга чиқиш
 
Ўзбекистон Собиқ Иттифоқ парчалангач, бошқа давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга бир бел боғладию, кўплаб сабаблар ортидан бу белбоғ бўшашди. Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитой билан ишчи алоқаларда бўлиб турди. Марказий Осиё давлатларининг баъзилари билан муносабатлар совуқлашган даврларни ҳам кўрдик.  Аммо охирги икки йилда мамлакатнинг ташқи сиёсати таг-томири билан ўзгариб боряпти.
 
2016 йилда Шавкат Мирзиёев Президент бўлгандан сўнг, Марказий Осиё давлатларига бир неча бор расмий ташрифлар билан борди. Алоқалар тез суръатларда ўзгарди.
 
Ўзбекистон Президенти 8-9 октябрь кунлари Франция Республикасига ташриф билан боради ва Эммануэль Макрон билан музокаралар ўтказади. Эътиборлиси шундаки, бу Мирзиёевнинг Президент этиб сайлангандан кейин, Европа давлатларига илк ташрифи. Ва бу ташриф расмий Парижнинг таклифига биноан амалга ошади.
 
Бугунги кунда Франция Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга жиддий эътибор беряпти. Бу эса Франция учун фойдали бўлиши табиий. Масалан, француз компанияси “Veolia” Ўзбекистоннинг сув таъминот тизимини модернизация қилиш учун шартнома тузди. “Orano” уран конларини ишга тушириш ниятида. “Thales” Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ҳарбий кузатув спутникларини етказиб беришни мўлжаллаган. “Airbus” бўлса юк самолётларини экспорт қилишни мақсад қилган.
 
Шу кунгача нима қилдик?
 
Хабарингиз бор, 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Ҳиндистон Республикасида бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар олиб борди. Етакчилар энергетика, туризм, тиббиёт, адлия, фармацевтика, ҳарбий таълим, ахборот технологиялари соҳалари бўйича 20 та келишувга эришдилар. Шу жумладан, Андижон вилояти ва Гужорот штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ҳамда эркин фармацевтик зона ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди. Икки мамлакат компаниялари 3 миллиард долларга тенг 50 та лойиҳани имзоладилар.
 
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд капитали билан 145 та корхона ишлаб турибди. Шундан 21 тасида ҳинд капитали 100 фоизни ташкил қилади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 327 миллион долларга етган. Яқин вақтларда бу кўрсаткични 1 миллиардга етказиш режалаштирилган.
 
Бундан ташқари, Ўзбекистонга Американинг йирик корпорациялари ҳам инвестиция киритиш ниятида. Жорий йил май ойида Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг таклифига биноан АҚШга ташриф буюрди ва Президент Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистон-АҚШ компаниялари ўртасида тузилган 10 дан ортиқ келишувлар имзоланди.
 
Бугунги кунда “General Motors” Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқаряпти. Тез орада “General Electric” ҳам турбиналарга хизмат кўрсатиш учун кириб келиши кутиляпти. Шунингдек, “Honeywell UOP” нефтни қайта ишловчи комплекс қуриш учун, “Silverleafe Capital Partners” Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалик кластерларини барпо қилиш мақсадида Ўзбекистонда иш бошлаши кутиляпти.
 
2019 йилда Ўзбекистонда ўзбек-беларусь ҳамкорлигидаги пойафзал ишлаб чиқарувчи корхона ишга тушиши керак. Аммо бу хали ҳаммаси эмас. Енгил саноатдаги энг катта инқилоб Тошкентда ўзбек пахтасига қизиқиш билдирган “Gucci”, “Louis Vuitton”, “Adidas” ва “Nike” каби йирик компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўлади.
 
Ўтган бир неча йиллар мобайнида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида Хитой компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириб келди. Осмон ости мамлакати тадбиркорлари ГЭСлар қурди, кўмир ва уран конларини ўзлаштирди, текстил ва кимё саноати фабрикаларини очди.
 
Ўзбекистонда Конфуций институти ҳам фаолият юритиб келади. Улар Хитой маданияти фестивали ва Хитой киноси кунларини ўтказадилар. Ҳар йили ХХР Ўзбекистон саноати ва инфратузилмасига 1 миллиард доллардан ортиқ капитал киритади.
 
Францияда нима бор?
 
Энди давлат раҳбарининг Францияга ташрифига қайтсак. Европа очилаётган эшик айнан Франция орқали бўляпти. Унга ҳар икки томон ҳам қаттиқ тайёргарлик кўряпти. Ўзбекистон делегацияси аллақачон Францияга етиб борган. У ерда Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи арафасида қатор тадбирлар ўтказилди.
 
Ўзбекистон раҳбарининг ушбу давлат ташрифи фақатгина Франция билан алоқалар ўрнатиш учунми ёки бутун Европага қўл узатиш учунми?
 
Франция Европа сиёсатида Германиядан кейин иккинчи давлат ҳисобланади. У Европа Иттифоқида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан яхши алоқалар ўрнатиши унга Европанинг бошқа давлатлари билан ҳам дўстлик ришталарини боғлашга имкон беради.
 
Европадан нима наф, нега у билан яқинлашиш керак, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин.
 
Европа дунёнинг энг ривожланган минтақаси. Технологик инқилоб аллақачонлар юз берган “Кўҳна қитъа” дунёнинг бошқа ерларида яратилаётган технологик янгиликларни ҳам тезда ўзлаштира олади. Асосийси, Европа мамлакатларида катта инвестиция киритиш имкониятига эга компаниялар талайгина.
 
Улардан баъзилари Ўзбекистонга кириб кела бошлаган ҳам. Хусусан, автомобиль саноатида катта обрўга эга “Peugeot Citroёn” француз компанияси Жиззахда завод қуриш бўйича келишувга эришган. Бу Ўзбекистонда “GM Uzbekistan” империясига яхшигина рақобатчи пайдо бўлади дегани.
 
Франция ўзининг нефть саноатидаги компаниялари билан машҳур. Француз компаниялари нефтга бой араб давлатларида узоқ йиллардан бери фаолият олиб боради. Уларнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиши “қора олтин”ни қазиб олиш ва қайта ишлашдаги техника ва технологияларни энг замонавийларига алмаштириш имконини бериши шубҳасиз.
 
Франция қишлоқ хўжалиги ўта тараққий этган мамлакатлар қаторига киради. У қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда Европада биринчи, дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Шу билан бирга ушбу соҳага замонавий техникалар яхши татбиқ этилгани сабабли мамлакат аҳолисининг жуда кам қисми ушбу соҳада фаолият юритади. Француз компанияларининг Ўзбекистонда фаолиятини йўлга қўйиши мамлакатда аграр соҳа ривожига яхши таъсир қилиши турган гап.
 
Франция Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида. Таъкидлаш жоизки, Франция дунёда энг кўп сайёҳ ташриф буюрувчи мамлакат ҳисобланади. Шундай қилиб, француз компаниялари – Orex-Loisirs, SCP Geode, Compagnie des Alpes Тошкент вилоятидаги “Чорвоқ” эркин туристик зонасини қуришда иштирок этиш истагини билдирган. Бу борада музокаралар давом этяпти.
 
Аслини олганда Франция яна бир соҳада яхшигина тажрибага эга. У ҳам бўлса, Ўзбекистон энди қадам қўяётган атом энергетикаси. Францияда дунёдаги энг кучли АЭСлар қурилган ва ҳозир ҳам ҳеч бир муаммосиз хизмат қилади. Ўзбекистон ҳам энди-энди АЭСлар қуришни йўлга қўйяпти. Бу борада ҳамкорлик қилиш учун биз русларни танладик.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш 200 миллион доллардан ортиқ. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга расмий ташрифи давомида янги келишувларга эришилиб, ўзаро савдо бир неча миллиардга етишини кутиб қоламиз.
 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Франция билан алоқаларни ривожлантириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши эҳтимоли юқори. Хусусан, Ўзбекистон Франция орқали Европа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга имкон яратади.
 
Ўзбекистон ва Франция алоқаларидан ўзаро савдони ривожлантиришга эътибор бериш муҳим. Аммо, бунданда муҳим бир жиҳат бор. Биз Европанинг энг тараққий этган давлати билан савдо қилишдан аввал, ундан иш услубини ўрганишимиз лозим, чамамда. Масалан, Ўзбекистон нефтдан ёки пахтадан 10 хил маҳсулот ишлаб чиқарса, Франция 20 хил маҳсулот ишлаб чиқаради ва унинг сифати ҳам халқаро бозорда рақобатга дош беради. Демак, биз улардан маҳсулот эмас, ишлаб чиқариш технологиясини сотиб олсак, бу давлат учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали бўларди.
 
Бундан ташқари, Франциядан янги-янги инвесторларнинг Ўзбекистонга келишига эришиш ҳам иқтисодиёт учун фойдали саналади. Инвестицияни Ўзбекистонга пул кўринишида эмас, тўғридан-тўғри техника шаклида киритишга эришиш биз учун алоҳида ютуқ бўлади, дейиш мумкин.
 
Президентнинг ташрифини кузатамиз. Умид қиламизки, Европанинг гегемон давлатларидан бири билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишнинг уддасидан чиқамиз.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ўзбекистон-Франция Ташқи алоқа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!