...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жамғариб бориладиган пенсия нима? Унинг кексаликда қандай фойдаси бор?


13:11, 24.12.2018 Реклама
 7 631

Пенсия маблағларини янада кўпайтириш мақсадида, йиғилган маблағларига қўшимча фоизли даромадлар қўшиб берилмоқда.

Ғолиб ЭШМИРЗАЕВ,
Жамғариб бориладиган пенсия
таъминоти тизимини бошқариш
департаменти директори


Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 2 декабрдаги “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги ушбу қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги 595-сонли Қарорига асосан, мамлакатимизда 2005 йил 1 январдан бошлаб, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими амалиётга татбиқ этилган.
 
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, жамғариб бориладиган пенсия тўловлари фуқароларнинг иш ҳақиси ҳисобидан эмас, балки даромад солиғи ҳисобидан ўтказилади. Яъни, айни пайтда фуқаронинг даромад солиғига тортиладиган иш ҳақисининг икки фоиз миқдори давлатга тўланадиган даромад солиғидан чегирилиб, фуқаронинг Халқ банкида очилган шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказиб берилади. Бунда фуқаро оладиган иш ҳақиси камаймайди, аксинча, давлат унинг номига қўшимча маблағни йиғиб боради. Буни эса, фуқароларнинг фаровон яшаши учун давлат томонидан бериладиган ойлик пенсияга қўшимча мадад пули деб ҳисоблаш мумкин. Шундай қилиб, ўтказилган бадаллар иш берувчининг ҳам, ишловчи фуқаронинг ҳам моддий манфаатларига зиён етказмайди.
 
Бундан ташқари, иш берувчиларнинг ходимлари номига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия маблағларини ўтказишидан ташқари, фуқаролар ихтиёрий равишда ҳам ўз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига маблағ ўтказиб боришлари мумкин. Бу эса, фуқароларнинг кексаликда фаровон яшашлари учун етарли жамғармага эга бўлишида бевосита хизмат қилади.
 
Шунингдек, фуқароларнинг моддий манфаатларини кўзлаган ҳолда уларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағларини янада кўпайтириш мақсадида, йиғилган маблағларига қўшимча фоизли даромадлар қўшиб берилмоқда.
 
Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағлари Халқ банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган ҳолда аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи муҳим стратегик лойиҳаларга жойлаштирилади.
 
Ушбу жойлаштиришдан олинадиган даромадлар эса фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия маблағларига фоизли даромадлар кўринишида тўлиқ тўлаб берилади.
 
Демак, давлат томонидан фуқароларга бюджетга ўтказиладиган маблағлар ҳисобидан жамғариб бориладиган пенсия маблағлари берилиб, шу билан бирга, ушбу маблағларни жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳисобига ҳар йили фоизли даромадлар қўшиб берилмоқда.
 
“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга кўра, Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларининг алоҳида ҳисобини юритади. Яъни,банк томонидан жамғариб бориладиган пенсия тизимида фуқароларни ҳисобга олиш, уларнинг маблағлари ҳисобини юритиш, ушбу маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга маблағларини ўз вақтида тўлаб бериш каби вазифалар амалга оширилмоқда.
 
Иш берувчи ўз ходимлари номига ўтказилаётган мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши учун жавобгар ҳисобланади.
 
Фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига иш берувчилар томонидан ҳар ойда ўтказиладиган маблағларини доимий равишда кузатиб бориш имконияти ҳам яратилган. Бунинг учун улар интерактив хизмат турларидан фойдаланган ҳолда ҳисобварақларида қанча маблағ йиғилганлигини кўришлари мумкин.
 
Бугунги кунда жамғариб бориладиган пенсия тизими бўйича Халқ банки томонидан фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида, бир қанча интерактив хизмат турлари яратилган. Жумладан, жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) жамғариб бориладиган пенсия маблағлари қолдиғи ҳақида маълумот олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, фуқароларга банк филиалига мурожаат этмасдан туриб, уяли мобил телефони орқали жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамидаги маблағлар ҳаракати тўғрисидаги маълумотларини “SMS” хабар орқали билиб олиш имконияти яратилган.
 
Шунингдек, юридик шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ходимларини жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга олиш ҳамда ходимлари номига ўтказилган маблағлар реестрларини юбориш имкониятига эга.
 
Ҳозирги кунда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Бу эса, албатта келгусида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг янада ривожланишига туртки бўлади.
Реклама ҳуқуқи асосида

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!