...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЖЧ-2018: Жамоаларга қанча мукофот пули тегиши мумкин?


17:22, 08.06.2018 Спорт
 7 803

ФИФА жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 32 терма жамоани моддий рағбатлантириш учун 400 миллион доллар маблағ ажратган.

Россияда бўлиб ўтадиган мундиалда жамоалар фақат совринли ўринлар эмас, балки моддий рағбат учун ҳам жон куйдиради. Яъни ҳар бир миллий терма футболчилари ФИФА белгилаган мукофот жамғармасидан имкон қадар кўпроқ ундириш илинжида бўлади.
 
Қолаверса, миллий федерациялар томонидан муайян натижа учун ваъда қилинган мукофот тўлови ҳам уларга қўшимча мотивация беради.
 
ФИФА бўлажак жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 32 та терма жамоани моддий рағбатлантириш учун 400 миллион доллар маблағ ажратиб қўйган. Тақсимотга кўра, ҳар бир жамоа ЖЧда ўйнагани эвазига 9,5 миллион доллар олади – бу кафолатланган қатъий бонус.
 
Ушбу суммани қанчалик кўпайтириш эса иштирокчи термаларнинг ўзига боғлиқ. Мисол учун, Россияда жаҳон кубогини ютган жамоа 38 миллион евро олади (ЖЧ-2014 ғолиби Германия термаси Бразилиядан 35 “лимон” билан қайтганди).
 
Демак, ФИФА мукофот жамғармасини ошириш анъанасини давом эттирмоқда, деб ёзади “InterFutbol” нашри. Айтиш жоиз, халқаро футбол уюшмаси кетма-кет 5 та мундиалдан буён бонус миқдорини кўпайтирмоқда.
 
Таққослаш учун айтилса, 2002 йили умумий фонд “атиги” 154 миллион доллар эди. ФИФА шунинг баробарида 2010 йилдан эътиборан жаҳон форумига футболчи юборган клубларга ҳам ўзига хос “товон” пули тўламоқда.
 
Хуллас, ЖАР-2010да умумий тўлов миқдори 420 миллион долларни ташкил этган бўлса, Бразилия мундиалида бу сумма 564 “лимон”га етди. Бўлажак ЖЧ учун тўлов миқдори – 791 миллион доллар:
 
400 миллион - мукофот жамғармаси
209 миллион - клубларга базавий компенсация
 
134 миллион - футболчилари ЖЧ вақти жароҳатланган клубларга тўлов
 
48 миллион – йўлланма учун қўшимча бонус (1,5 миллиондан).
 
ФИФА мукофот жамғармаси тақсимоти
 
  ЖЧ-2018 ЖЧ-2014 Фарқ
Турнирга чиққанлик учун 1,5 1 +0,5
Гуруҳ босқичидаги иштирок учун 8 8 0
1/8 финалдаги иштирок учун 12 9 +3
1/4 финалдаги иштирок учун 16 14 +2
4-ўрин учун 22 18 +4
3-ўрин учун 24 20 +4
2-ўрин учун 28 25 +3
Чемпионга 38 35 +3

Барча суммалар миллион евро ҳисобида.
 
Маълумот ўрнида, ЖЧ-2018 финал босқичи 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Сочи, Нижний Новгород, Самара, Калининград, Екатеринбург, Саранск, Волгоград ва Ростов на-Дону шаҳарларидаги стадионларда бўлиб ўтади.

Теглар:ЖЧ-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!