...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЖЧ-2018. Кўришгунча, Месси. Франция Аргентинани уйига равона қилди


22:37, 30.06.2018 Спорт
 1 935

“Казань Арена”да бўлиб ўтган баҳсда Европа вакилларининг қўли баланд келди.

ЖЧ-2018 мусобақаси 1/8 финалидан ўрин олган Франция ҳамда Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. “Казань Арена”да бўлиб ўтган баҳсда Европа вакилларининг қўли баланд келди.
 
Учрашув дебюти французларга омадли келди, майдон марказидан тезлик олган Килиан Мбаппе рақиб жарима майдони ичида тўхтатилди. Натижада белгиланган пенальтини Антуан Гризманн аниқ бажариб, ҳисобни очди.
 
Биринчи бўлим тугаши арафасида Анхел Ди Мария жарима майдони ташқарисида ажойиб зарба йўллаб рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлим дебютини Аргентина фаол бошлади ва бу ўз самарасини берди: стандарт вазиятдан сўнг Лионель Месси жарима майдони ичида зарба берди ва бу Габриэль Меркадога тегиб дарвозадан жой олди.
 
Бу гол Францияни уйғотиб юборди ва ташаббус буткул Европа вакилларига ўтди. 57-дақиқада Бенжамен Павар жарима майдонидан қайтган тўпга тўхтатмасдан зарба берди ва турнирнинг чиройли голларидан бирига муаллиф бўлди.
 
64-дақиқада Лукас Эрнандес тўпни жарима майдони ичига ташлаб берди, у ерда Мбаппе яқин масофадан аниқ зарба бериб жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан тўрт дақиқа ўтар-ўтмас Франция қарши ҳужумда рақибни жазолади, Блез Матюиди бошлаган ҳужумни Оливье Жиру давом эттирган ҳолда Мбаппени дарвозабон билан бирга-бир вазиятга олиб чиқди ва Килиан ўйиндаги дублини нишонлади.
 
Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Серхио Агуэро Мессининг узатмасидан сўнг ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди, бироқ қолган вақт ҳисобни қисқартиришга етмади.
 
Шу тариқа, Франция ушбу ғалабадан сўнг чорак финалга йўл олди, Аргентина эса турнирни тарк этди.
 
ЖЧ-2018, 1/8 финал.
Франция – Аргентина 4:3.
Голлар: Гризманн (13, пенальти), Павар (57), Мбаппе (64,68) – Ди Мария (41), Меркадо (48), Агуэро (90).
 
Франция – Льорис, Варан, Умтити, Люка Эрнандес, Павар, Матюиди (Толиссо, 75), Погба, Канте, Жиру, Гризманн (Фекир, 83), Мбаппе (Товен, 89).
 
Аргентина – Армани, Маскерано, Отаменди, Меркадо, Рохо (Фасио, 46), Тальяфико, Ди Мария, Банега, Перес (Агуэро, 66), Павон (Меса, 75), Месси.
 
Огоҳлантиришлар: Рохо (11), Тальяфико (19), Маскерано (43), Банега (50), Матюиди (72), Павар (73), Отаменди (90), Жиру (90).








 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Франция Аргентина ЖЧ-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!