...
МЕНЮ
ONLINE TV

Оксана Чусовитина: “Президент айтган сўзлардан қаттиқ рухландим, медалимни уларга бағишлайман”


23:12, 26.08.2018 Интервью
 4 640

43 ёшли Оксана Чусовитина Осиё ўйинларида иштирок этиб, кумуш медаль соҳибасига айланди.

Айни кунларда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари давом этмоқда. Унда ўзбекистонлик спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этяпти.
 
Аввал хабар берганимиздек, ўзбек спорти афсонаси, Олимпия ўйинларининг етти карра иштирокчиси Оксана Чусовитина спорт гимнастикасининг таяниб сакраш баҳсларида кумуш медаль соҳибасига айланди. Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти ушбу муваффақиятдан сўнг Оксана Чусовитина билан суҳбат уюштирди.
 
- Мусобақага тайёргарлик жараёни жуда қаттиқ ўтди. Бу кумуш мен учун олтинга тенг. Шоҳсупада иккинчи бўлиб турибманки, демак ҳали қиладиган ишларим бор. Хатоларни тўғирлаб, олдинга қараб ҳаракат қилиш керак. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сизнинг қандай тайёргарлик кўрганингизни мусобақа ва унинг якуний натижаси кўрсатиб беради.


 
– Сиз Ўзбекистон терма жамоаси сафида кўплаб комплекс мусобақаларда иштирок этгансиз. Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинлари қолган мусобақалардан нимаси билан фарқ қилмоқда? Умуман, ташкилий масалалар ҳақида нима дея оласиз?
 
– Ташкилий томонлама… Буни муҳокама қилишимиз шарт эмас. Чунки барча спортчи бир ҳил шароитда чиқиш қилади. Кимдир ажратиб қўйилмаган. Барча бир ҳил хоналарда яшайди, битта жойда овқатланади, битта жойда машғулотлар олиб боради. Муҳими, мусобақага чиқиб, охиригача курашиш керак.
 
– Сиз еттита Олимпиадада иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи ҳисобланасиз. Айнан шу сабабли ҳам сизни “Гиннес рекордлари” китобига киритишган, шунингдек, халқаро гимнастика федерациясининг “Шон-шараф зали”дан ҳам номингиз бор. Эътиборлиси, сиз фаолиятингизни тугатмай туриб ушбу эътирофга сазовор бўлдингиз. Бу муваффақиятлардан қай даражада фаҳрланасиз ва улар сизга қай даражада куч бера олади?
 
– Бундан жуда фахрланаман. Ушбу муваффақиятларга Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб эришганман. Ватанимга қайтиб, мамлакатимиз номидан мусобақаларда иштирок этишни узоқ вақт кутдим. Менинг катта орзуим бор. Айнан шу мақсад сари олға боряпман. Барча мендан сўрайди: “Сен нима учун ҳалиям мусобақаларда иштирок этасан, бунга қандайдир мотивация борми?”.

Бунга доимо бир ҳил жавоб бераман. Менда ҳали ушалмаган бир орзуим ва мақсадим бор. Унга эришишни жуда-жуда истайман. Еттита Олимпия ўйинларида иштирок этган бўлсамда, Ўзбекистон учун медаль ютиб бера олмаганман. Ватаним учун Олимпиада медалини тақдим этиш менинг энг асосий мақсадимдир. Олимпиадада совриндор бўлиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.


 
– Оксана, ушбу Осиё ўйинларини сиз учун Токиодаги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг навбатдаги босқичи десак бўладими? Ўша пайтда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафида бўласизми?
 
– Ҳар бир мусобақада биз рақибларимизни ўрганамиз, уларнинг ҳаракатларини кузатамиз, қаттиқ тайёргарлик кўрамиз. Мен ўз ҳолатимга доимо ҳаққоний баҳони бераман. Шу йилнинг ноябрь ойидан Олимпия ўйинлари учун саралаш мусобақалари, яъни Жаҳон кубоги босқичлари бошланади. Ўша мусобақалар орқали биз рейтинг очколари тўплаб борамиз. Ўз олдимга мақсад қўйдимми, уни албатта амалга ошираман. Ўтган йили декабрь ойида мамлакатимиз Президенти билан учрашгандим.

Улар шундай сўзларни айтдики, мен янада рухланиб кетдим. Республикамиз раҳбари мени кузатмоқда, менга мухлислик қилмоқда. Ушбу ишончни оқлаш, мен билан фахрланишлари учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Осиё ўйинларида қўлга киритган ушбу медалимни айнан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бағишлайман ва уларга катта раҳмат айтиб қоламан.


 
– Фаолиятингизни якунлагандан сўнг мураббийлик қилиш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
 
– Ҳали яна икки йил бор. Бу гимнастикачи учун катта вақт. Ўзбекистонда гимнастика янада ривожланишини, юқори савияга кўтарилишини ва бунга ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Бизда бир неча йилдан сўнг катта ареналарга чиқа оладиган кўплаб ёшларимиз бор. Шунинг учун, мен мураббий ва ёшларга ўз тажрибамни, маслаҳатларимни бериб бораман.

Акмалхон Эшонхонов Жакартадан махсус
Суратлар муаллифи Анвар Ильясов

Теглар:Осиё ўйинлари Asian Games Оксана Чусовитина 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!