...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда газ ва электр энергияга ижтимоий лимит жорий этилади. Бу нима дегани?


19:06, 03.10.2018 Таҳлил
 12 210

60 йиллик ускуналар бадалини яна халқ тўлаши керакми, деган ўйларингиз мендан ҳам ўтди, рости. Лекин масаланинг моҳияти бошқа нуқтада кўринади.

Буюк адиб Абдулла Қаҳҳорга савол беришибди: Уйда ҳам бирор иш қиласизми? – Ҳа, ёниқ қолган чироқларни ўчириб юраман.
 
Бугун “Халқаро пресс-клуб”нинг “Энергетика ресурслари: ислоҳотлар даврида тежамкорлик ва истеъмол маданиятидаги муаммоларнинг таҳлили” мавзуидаги сессияда иштирок этиб, айнан юқоридаги суҳбат ёдимга тушди.
 
Сув, газ, электр энергияси... Булар ҳеч қачон тугамайдиган ва доим услуксиз бўлиши керакдек туюладиган неъматлар. Уйда интернет ўчиқ бўлса, бир кунингизни кўрарсиз, аммо сув, газ ё электрда узилиш бўлса, ўзингизни қўярган жой тополмайсиз. Қишга тайёгарлик юзасидан бир ҳафта иссиқ сув бўлмаса, тонгда дийдириб совуқ сувда юз ювиш нималигини кўп қаватли уйларда яшайдиганлар яхши билади.
 
Гапни узоқдан бошлаётганимга ажабланманг. Биламан, сизнинг ҳам қулоғингизга газ ва электр энергиясининг нархи ошиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар етиб келган. Ва аччиқланишга ҳам, яна қаерга ошади, ойлик ошмаяпти-ку дейишга ҳам улгургансиз. Ҳатто, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзбекэнерго”нинг қарзи, ишламай ётган қимматбаҳо жиҳозлари ва металлолом бошқа нарсага ярамай қолган 60 йиллик ускуналар бадалини яна халқ тўлаши керакми, деган ўйларингиз мендан ҳам ўтди, рости. Лекин масаланинг моҳияти бошқа нуқтада кўринади.
 
Тўғри, бир қатор объектив ва субъектив сабаблар монелик қилиб, Ўзбекистон энергетика соҳасида қатор муаммолар йиғилиб қолди. Бунинг ортидан эса ишлаб чиқариш пасайди, заводлар эскирди, таъмирталаб жойларга пул етказиб берилмади. Охир-оқибат қарздорлик кун сайин ортди. Ўзбекистон энергитика маҳсулотларининг дунё бозоридаги имижи тушиб кетди. Фақат яқин қўшниларнинг корига ярашдан бошқа тузукроқ экспорт майдонини топмадик. Экспорт ҳам қайсидир қишлоқнинг рисқини қийиш эвазига бўлди, десангиз хато қиласиз. Ўрнига сув олдик, қишлоқ хўжалигини бойитишга, бозорларда нарх-наво арзон бўлишига ҳаракат қилинди.
 
Баъзан мана, Қозоғистонга қаранг, ривожланишини кўряпсизми, деб қоламиз-у у ердаги нарх-наво билан қизиқмаймиз. Нарх деганда 1 литрлик кола ё ўсимлик ёғи ҳақида гап кетмаяпти. Узлуксиз истеъмол қилинадиган газ ва электрни айтяпмиз.
 
Масалан, 1 кВт·с электр энергияси қиймати Қозоғистонда 5,1 цент, Россияда 5,8 цент, Ҳиндистонда 5,0 цент, Хитойда 5,5 цент, Европа Иттифоқи мамлакатларида 9,0 – 14,0 евроцент бўлгани ҳолда, Ўзбекистонда 2,8 центдир.
 
Ўзбекистонда нарх анча мўтадил. Тарифларнинг пастлиги, афсуски, электр энергиясидан оқилона фойдаланмаслик, истеъмолчиларнинг кўпинча самарасиз ишлатиши ва исроф қилишига олиб келмоқда. 
 
Давлат қашшоқ эмас. Чорасиз ҳам деёлмаймиз. Эрта учун қадамни бугундан ташлаган, захира ҳам тайёр. Ўзимиз тугул қўни-қўшнига ҳам етади. Бугун нима учун икки хонали уйда яшаётган пенсионерлар каби 12 хонали ҳовлида яшаётганлар бир хил тарифда пул тўлаши керак, деган масала кун тартибига чиқяпти. Давлатнинг ижтимоий ҳимоясидан кўпроқ ким фойдаланяпти? Икки, уч, боринг ана тўрт хона уйда яшаётганларми ёки сауна, ҳовуз, спорт зал ва кинотеатри мавжуд уйда истиқомат қилаётганларми? Хорижда яшил, қизил, кўк чироқлар ёқилган, саройдан оз-моз фарқ қиладиган уйда яшаётганларга пулини ҳам “яшил” қоғозларда тўлаб қўйинг, деган амалиётга аллақачон ўтилган. Ҳатто, биз доим ана, мана деб кўрсатадиган Қозоғистонда ҳам.
 
Бу билан бойларга қарши адоват қилинаётгани йўқ. Доим айтилган, бойлар кўпайса, жамиятга фойда. Фақат бой ҳам қадамини бойларга ҳос ташлаганидек, нарх-навога келганда ҳам хасислик қилмасин, дейиляпти, холос. Боиси Мажбурий ижро бюросидан олинган маълумотларга қараганда, электр энергия, газ ва сувдан катта миқдордаги қарздорларнинг асосий қисмини ҳам айнан ўша бир неча қаватли саройларда яшаётганлар ташкил этади. Улар ҳайдаётган автомобилнинг шиналари пулига битта оиланинг бир йиллик рўзғорини таъминлаб қўйиш мумкин, аслида. Бойоталар эса тўлашга келганда, ўзларига ярашадиган иш тутишмайди, баъзан.
 
Хўш қандай бўлиши таклиф қилинмоқда?
 
Статистик маълумотларга қараганда, бир ой давомида аҳолининг 80 фоизи ишлатадиган электр энергия ва газ миқдори деярли тенгдир. Кўпчиликнинг иши хўпчилик. Шундан келиб чиқиб, давлат томонидан газ ва электр энергияга маълум миқдорда лимит белгиланади. Лимитдан ошгунга қадар ҳар доимгидек пул тўланади, ошса бир бараварга оширилган ҳолатда ҳақ тўлаш тизими амал қилади.
 
Менда бир халқчил савол туғилди: ҳовлиларда яшайдиганлар иссиқ сувга пул тўламайди, иситиш учун сарфланадиган маблағнинг қайсидир миқдори газга харж қилинади. Шунда ҳам оила бюджетига анчагина иқтисод қилинади. Давлат томонидан қўйиладиган лимитда масаланинг шу жиҳатлари қанчалик эътиборга олинган экан... Ҳар ҳолда ҳозир қурилаётган кўп қаватли уйларнинг умумий қозонхонаси йўқ. Ҳамма ўз бошидаги қорни ўзи курайди. Уйи икки хонами ё беш хона барибир иситиш ўз ҳисобидан бўлади. Бу эса аввалги эски типдаги кўп қаватли уйларга нисбатан кўпроқ газ ва электр истеъмоли деганидир. Мутахассислар эса масаланинг бу тарафларини ҳам кўриб чиқишгани, гарчи янги уйларда иситиш тизими газ ва электр ҳисобига бўлса ҳам, лимитдан ошмаслигини айтишмоқда. Кўрамиз, бу лимит қанча этиб белгиланаркин...
 
Шу ўринда яна бир таклиф: биз қарздорликка кириб қолган, газ, сув, электр энергияси учун ўз вақтида тўлов қилмаётганларни қоралашни биламиз. ТВга, матбуотга олиб чиқамиз. Лекин истеъмолчининг истеъмолчилик маданиятини ошириш, шахсий қизиғишини орттириш учун тўловларни ўз вақтида бажарадиган истеъмолчиларни рағбатлантирдикми? “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекэнерго”, МИБ ана шу масалаларни атрофлича кўриб чиқса яхши бўларди. Боиси, гап фақат газ ва электрнинг пулини ошириб, унинг ортидан жарақ-жарақ пул топишда эмас, балки истеъмолчилик маданиятини ошириш, исрофдан қутилиш ҳақида кетяпти.
 
Ижтимоий тариф қўлланиб, лимит белгиланишига нисбатан шахсий кузатувларимиздан келиб чиқиб, билдирмоқчи бўлган таклифларимиз ҳам кўп. Балки, бу кўчпиликнинг кўнглидаги гапдир. Айтайлик, ўзига тўқ, ойлик даромади 3-4 миллионни ташкил этадиган, болалари кун давомида боғча ва мактабда бўладиган, кечки овқатдан кейин бир икки соат электрдан фаол фойдаланадиган кичик оила билан бир том остида яшаётган, кўп фарзандли ва ойлик даромади базўр рўзғорга етаётган оилаларни бир кафтда кўриш қанчалик тўғри? Яна ижтимоий ҳимояга муҳтожлар баттар муҳтожликда қолмайдими?
 
Мен билган кўп оилалар бор. Уй ололмаганидан тўрт-беш ака-ука оила, бола-чақаси билан бир ҳовлида яшайди. Даромади ҳам катта эмас. Табиийки, улар бошқаларга қараганда кўпроқ электр ва газ истеъмол қилади. Ёки тўрт хонали квартирада яшаётган 15 жон, тўрт оилани сиз кўрмаганмисиз? Уларнинг ҳақиқатан шароити йўқ. Хўш, ижтимоий меъёр тарифлари уларга келганда қандай амал қилади?  Бизнингча, масаланинг бу жиҳатларига кўз юмиб бўлмайди. 4-5 та бойваччанинг касрига минглаб ҳақиқатан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар қолмасин. Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор қабилида иш тутиш бизнинг давлатга ярашмайди, ахир.
 
Дарвоқе, ижтимоий тариф тизими қачон қўлланилиши ҳозирча аниқ эмас. Ушбу масала айни дамда тегишли идоралар муҳокамасида турибди. 
Қамариддин Шайхов,
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари

Теглар:Ўзнефтгаз Ўзбекэнерго 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!