...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент тақиқига қарамай ўқитувчилар пахта ва турли мажлисларга жалб қилиняпти


14:50, 16.10.2018 Жамият
 10 653

Халқ таълими вазири бу борада текширувлар ўтказяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақиқланганига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини пахта йиғим-терими ҳамда турли мажлисларга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.
 
Бу борада Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар ҳамда таълим ходимларини пахта йиғим-теримига ва маҳаллий ҳокимликларнинг йиғинларига ноқонуний жалб қилиш тўғрисида маълумотлар келиб тушган.
 
Масалан, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ҳокимликлар ва прокуратура раҳбарлари вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан пахта йиғим-теримига одамларни жалб қилишни талаб қиляпти.
 
Юқорида келтириб ўтилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати вакиллари вилоят прокуратураси раҳбарияти билан суҳбатлашган ва натижада пахта йиғими учун ташкил этилган штаб-квартирада таълим ходимларини мажлисларга жалб қилиш тўхтатилган. Бундан ташқари, пахта теримига жалб қилинган ўқитувчилар уйига жўнатилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидан 450 нафар, Жиззах вилоятидан 39 нафар одамлар ўз уйларига қайтган.
 
Ҳозирги вақтда вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати Андижон ва Навоий вилоятларида ўқитувчиларнинг йиғим-терим ишларига жалб этилганлиги ҳақидаги маълумотни текширмоқда. Ўрганиш натижалари белгиланган тартибда чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилади.
 
Шуни таъкидлаш керакки, вилоят халқ таълими бошқармаларининг айрим раҳбарлари ҳали ҳам эскича фикрлаб, маҳаллий раҳбарларнинг оғзаки кўрсатмаларига буйсуняпти.
 
Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармалари ходимлари ва мактаб директорларини Ҳокимликда ўтаётган турли йиғилишларга жалб қилиш ҳолатлари учраб турибди. Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани ҳокими ҳар душанба куни соат 06:30 да 89 та мактаб раҳбарларини селектор йиғилишига чақиряпти.
 
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган. Қолаверса, ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ҳуқуқий хизматни ташкил этиш вазифаси қўйилган.
 
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқитувчилардан шикоятларни қабул қилиб олишда “Устоз овози” виртуал инспектор хизматини ишга туширган.
 
Вазирлик ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларини қонуний ҳуқуқлари бузилган тақдирда, “Устоз овози” виртуал инспекторига ёки Telegram ботига мурожаат қилишга чақирган.
 
“Ҳудудий раҳбарларни бу соҳада таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини бузилишига алоҳида эътибор қаратишини сўрайди, чунки Президент қарорларини тўғри амалга оширмасдан, юқори малакали мутахассисларни таълим тизимига қайтариш жуда қийин”, деб таъкидланган Халқ таълими вазирлиги хабарида.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ўқитувчи Пахта Сурхондарё вилояти Қашқадарё вилояти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар