...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сафарга чиққанлар рўза тутмаслиги мумкинми?


12:23, 28.05.2018 Бу қизиқ
 3 682

Мусофир ва беморлар каби ночор кишиларга имкониятларига қараб енгилликлар ато этилган.

Маълумки, рўза нафақат инсон руҳияти ва маънавиятига, балки организми учун ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Рўза тутиш рамазон ойида фарз бўлса-да, уни баъзи узрлар сабабли рамазондан бошқа пайтларда қазо қилиб тутиш ҳам мумкин. Мусофирлик, касаллик, ҳомиладорлик, кексалик ҳамда ҳайз ва нифос кўрган аёл шулар жумласидандир. Хўш, мусофирликда рўзани қандай тутиш керак?
 
Маълумки, сафар машаққат, қийинчилик ва хавф-хатарлардан иборат. Доно халқимизда, “Йўл азоби – гўр азоби” деган мақол бежиз айтилмаган. Шундай экан, мусофир ҳар хил ноқулай аҳволга тушади, қийинчилик ва машаққатларга дуч келади, заҳмат чекади, имкониятлари чекланиб, кўп нарсага эҳтиёж сезади ва ҳоказо. Табиийки, бу динимиз кўрсатмаларини адо этишда ҳам билинади. Ҳаётнинг барча жабҳасини қамраб олган Ислом динида ҳам шуларга алоҳида эътибор қаратган. Мусофир ва беморлар каби ночор кишиларга имкониятларига қараб енгилликлар ато этилган. Зотан, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага тоқатидан ортиқчасини юкламайди. Мусофир киши шариатнинг қайси кўрсатмасида қийинчиликка дуч келмасин, албатта, унга динимизда енгиллик бор. Жумладан, Рамазон рўзасини тутишда ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир...” (Бақара сураси, 185-оят). Демак, бемор ва мусофирларга Рамазонда рўза тутмасликка рухсат бор. Шарти шуки, хаста касалликдан тузалгандан, мусофир сафардан қайтиб, ўз юртига келганидан кейин, албатта, қолдирган кунлари миқдорича қазо тутадилар.
 
Мусофир сафар давомида қийинчиликка дуч келиши ё келмаслигидан қатъи назар, Рамазон ойи рўзасини тутмаслиги мумкин. Аммо сафар давомида машаққат бўлмаса, рўза тутиши фазилатдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Агар билсангиз, рўза тутишингиз яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).
 
Рамазон рўзасини тутиб, тонг отганидан кейин сафарга чиққан киши ўша куни рўзасини очмаслиги зарур. Мабодо очса, қазо вожиб бўлади. Шунингдек, мусофир кундузи юртига кириб борадиган ё муқим бўладиган бўлса ҳам, ўша куни рўза тутиши керак. Ўша куни рўза тутмаган ҳолда, Рамазони шарифнинг ҳақ-ҳурматидан қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожибдир.
 
ЎМИдан олинди

Теглар:Рамазон ойи Рўза 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!