...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Россияга таклиф билан чиқди


17:44, 19.10.2018 Жамият
 18 406

Давлатлар раҳбарлари биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумида иштирок этди.

Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. “Ўзэкспомарказ”да очилган форумда Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ушбу форумга ташриф буюрди.
 
“Биз стратегик шеригимиз ва иттифоқдошимиз - Россия Федерацияси билан барқарор ва ишончли муносабатларимизни юксак қадрлаймиз. Ушбу форумнинг юқори нуфузи ва юксак даражада ташкил этилгани икки томон ҳам ҳамкорликдан манфаатдор экани, бу борада улкан салоҳият мавжудлигининг яна бир ёрқин тасдиғидир”, деди давлат раҳбари.
 
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини айнан ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар белгилашини таъкидлади.
 
Юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш учун кооперацияни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.
 
Эришилган келишувларга мувофиқ, Россиянинг Иваново вилояти компаниялари иштирокида мамлакатимизда қўшма тўқимачилик кластерлари, Москва бозорларига мева-сабзавот етказиб бериш учун Сурхондарё вилоятида замонавий агромажмуа, Свердловск вилояти билан ҳамкорликда Қашақадарё вилоятида енгил ва оғир металл конструкциялар заводи, татаристонлик шериклар билан биргаликда Тошкент вилоятида кимёвий ўғитлар ва Қорақалпоғистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда Москва, Бошқирдистон, Оренбург ва Россиянинг бошқа субъектларидаги улгуржи-тақсимот марказлари инфратузилмасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бундай лойиҳалар жуда кўп.
 
Форумда ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий масалалари, аниқ лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинган. Уларнинг натижасида умумий қиймати 2 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланган.
 
Шавкат Мирзиёев Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ҳар йили ўтказишни таклиф қилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ўзбекистон-Россия Шавкат Мирзиёев Владимир Путин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар