...
МЕНЮ
ONLINE TV

Таниқли газета бош муҳаррири “Qalampir.uz” раҳбарига очиқ хат ёзди


12:42, 27.04.2018 Таҳлил
 7 822

Қамариддин, интернет нашри раҳбари сифатида гапларимдан хафа бўлмангу, назаримда, бугун “васвасаген” кўпроқ интернет нашрлари ижодкорларига керак бўлаётгандек.

Ислом ҲАМРОЕВ,
“Адолат” газетаси бош муҳаррири


 
Очиғини айтганда...
ТАНҚИД “ТЎҚМОҚ”ҚА АЙЛАНМАСИН
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат
 
Қамариддин, “Бугунги журналистларга “васвасаген” керак!” сарлавҳали мақолангизни ўқиганимга анча кун бўлди. Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, биринчи ўқиганимда мақолангиздаги айрим фикрлар ғашимни келтирди. Кейин яна қайта ўқидим. Бир жойлари маъқул тушгандек бўлди. Кейин яна бир марта ўқидим... Ва ниҳоят, сизга ушбу хатни ёзишга қарор қилдим. Аввалроқ ҳам ёшларимиз орасида “урф”га айланаётган “соқол қўйиш” ҳақидаги мақолангизни қизиқиб ўқиган эдим. Ўша мақолангизга нисбатан турли ижтимоий тармоқларда билдирилган муносабатлар билан ҳам танишдим. Айрим қўштирноқ ичидаги “билимдон”лар сизни нималарда “айб”лаганидан ҳам хабарим бор. Тан олиб айтиш керак, ўша мақоладаги фикрларингиз ичимдаги гаплар эди. Аслида ўша мақолангизга муносабат билдирмоқчи эдим. Лекин диний илмим етарли эмаслиги сабабли, бу “нозик” масала юзасидан фикр айтишга ўзимни маънавий ҳаққим йўқ деб ҳисоблаганим боис қўлимга қалам олишдан тийилдим. Бу мақолага диний илмга эга уламоларимиз муносабат билдирар, деб умид қилдим. Афсуски, аҳли илм сукут сақлашни жоиз билди. “Билимдон”ларнинг таъна-ю дашномларидан эса кўнглим тўлмади. Лекин шунда ҳам ўзим чуқур билмаган мавзуга қўл уришга жазм эта олмадим.
 
Энди асосий мавзу — “васвасаген”га қайтсак.
 
Ушбу мақолангизга нисбатан “акс-садо” ёки “муносабат” ёзсам ҳам бўларди. Лекин ўйлаб-ўйлаб сизга очиқ хат ёзишга қарор қилдим. Бунинг биринчи сабаби, бир пайтлар энг долзарб жанрлардан бири бўлган “Очиқ хат” бугун матбуотимиз саҳифаларида кўринмай қолди. Аниқроқ ва шоирона ташбеҳ билан айтадиган бўлсак, бу жанр аллақачон “Қизил китоб”га кириб бўлди. Ўйладимки, сиз билан хат орқали мулоқотимиз баҳона, балки йўқолиб бораётган “Очиқ хат” жанри яна матбуотимиз саҳифаларига қайтар.
 
Энди сизга очиқ хат ёзишимнинг иккинчи сабабига келсак.
 
Назаримда, журналистикамизнинг “васвасаген”га муҳтож бўлиб қолиш даражасига етиб қолганининг сабабини бугунги кун билан боғлаш бироз нотўғрироқ бўлади. Ёши улуғ журналистларимиз яхши билишади. Биз матбуот майдонига кириб келган йиллар (саксонинчи йилларнинг охирлари)да оммавий ахборот воситалари реклама орқали кун кўриши мумкин, деган тасаввурдан йироқ эдик. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби, оммавий ахборот воситалари ҳаётига ҳам бозор иқтисодиёти кириб келди. Ва бирдан билиб қолдикки, жаҳон оммавий ахборот воситаларининг асосий даромад манбаи РЕКЛАМА орқали бўлар экан. Ана шунда билган ҳам, билмаган ҳам ўзини РЕКЛАМАга уриб кетди. Ва ўшанда “рекламачи мухбир”ларнинг бутун бир армияси пайдо бўлди. Ўша йилларда уларнинг “юриш”идан бирон-бир ташкилот, идора-ю корхона четда қолмади. Қай корхонага бош суқсангиз, ўша корхона раҳбари қабулхонасида, албатта, икки-уч нафар “журналист” ўтирган бўлар эди. Мен бу ўринда “журналист” атамасини бекорга қўштирноқ ичига олмадим. Чунки улар ҳақиқий журналистлар эмас эди. Турли соҳалардан келиб, турли нашрларнинг гувоҳномасини “бир илож” қилиб олиб, халқона тил билан айтганда, “бир юмалаб” журналистга айланган, осон ва кўп пул топиш илинжида юрган бандалар эди (Тан олиб айтишимиз керак, бундай одамлар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, минг афсуслар бўлсинки, бундан кейин ҳам бўлади). Энг ёмон томони, ана шу “бир юмалаб журналист”га айланган “уддабурон”лар касбимизнинг обрўсини ерга урди. Айрим раҳбарлар тасаввурида журналист деган заҳматли ва шарафли касб эгалари гўё шартнома асосида ўтказиб берилган уч-тўрт сўм эвазига истаганча мақтов ёғдирадиган маддоҳга айланди. Мен бу ўринда барча оммавий ахборот воситалари ёки ўша йилларда уларда фаолият юритган ҳақиқий журналистларни айблаш фикридан мутлақо йироқман. Чунки улар ҳеч қачон ўз касбларига хиёнат қилмаганлар. Ҳар қандай асъаса-ю дабдаба, ҳар қанча бойлигу ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, қаламларига содиқ қолганлар.
 
Ўша “реклама”бозлик урчигандан урчиб кетаётган йилларда Навоий вилоятига хизмат сафари билан бордим. Бир йиғилишда Марказий банкнинг вилоятдаги раҳбари билан кўришиб қолдик. Аввалдан таниганим учун у менга “Ака, биласиз, акам ҳам журналист. Тошкентда кўп журналистларни танийман. Ҳурмат қиламан. Лекин бугунги журналистларга нима бўлаяпти? Мен раҳбарлик қилаётган банкка бир кунда камида беш-ўнта мухбир келади. Ҳаммаси пойтахтдан, ҳаммасининг қўлида гувоҳномаси ва албатта, шартнома бор. Ҳаммаси “Агар ёрдам бермасангиз, танқид қиламиз”, деб иддао қилади. Бу кетишда журналистиканинг обрўси нима бўлади?” деб савол берди. Ўша банкир билган нарсани, у айтмаса ҳам ундан кўра яхшироқ билар эдим.
 
Ўшанда банкирга жўяли бир жавоб айтолмадим. Лекин пойтахтга қайтгач, “Қаламимизни қадрлайлик” сарлавҳали мақола ёздим. Мақолам чоп этилди. Тўғрисини айтиб қўя қолай, ўша мақоламни биров мақтади, биров танқид қилди. Ҳеч бирига эътибор бермадим. Лекин энг алам қиладигани, таниқли “реклама”шунослардан бири катта бир даврада мени кўролмасликда айблади. Ўша даврада “жуда тўғри ёзибсиз, боплабсиз, аввалроқ ёзиш керак эди”, деб елкамга қайта-қайта қоққан ҳамкасбларимиз ҳам бор эди. Ҳеч ким чурқ этиб “реклама”шуносга эътироз билдирмади. Биласизми, у ўшанда нима деди? “Сиз бизнинг рекламадан топаётган даромадимизни кўролмаяпсиз”, деди. Мен ҳам эътироз билдириб ўтирмадим. Чунки унинг ўзи ички мақсадини баён қилиб бўлган эди. Унинг мақсади ОАВнинг ривожланиши, журналистиканинг тараққий топиши ёки халқимизнинг бирон-бир муаммосига ечим излаш эмас, аксинча, шахсий ДАРОМАД топиш, ўз чўнтагини қаппайтириш эди. У шу мақсадини уялмай-нетмай ошкор қилди, қўйди.
 
Ўшандан кейин яна бир мақола ёздим. Унга “Уялмасанг, билганингни қил”, деб сарлавҳа қўйганман. Агар билсангиз, бу қадимги пайғамбарларимиздан қолган ҳикматли сўзлардан бири. Шу ўринда яна бир гап. Ўша йилларда хусусий нашрларнинг пайдо бўлиши ва кескин кўпайиб кетиши ҳам журналистикамиз шаънига соя солдики, бу алоҳида бир мавзу бўлгани боис, унга тўхталиб ўтирмаймиз.
 
Бу энди кечаги куннинг гаплари. Лекин кези келганда буни ҳам айтишим керак эди. Айтдим.
 
Энди сизга очиқ хат ёзишга мажбур қилган, ҳа, ҳа, айнан мажбур қилган учинчи ва асосий сабабга келсак.
 
Сиз “васвасаген”да тўғри таъкидлагансиз. Кейинги бир ярим-икки йил ичида миллий матбуотимиз фаолиятида кескин ўсиш кузатилди. Буни ўзимиз ҳам биламиз, хорижий экспертлару ҳамкасбларимиз ҳам тан олишмоқда. Қайта-қайта эътироф этишмоқда. Албатта, бу жуда қувонарли ҳол. Лекин сиз мақолангизда алоҳида таъкидлаган яна бир ҳолат борки, бу кишини жиддий ўйлантириб қўяди. Ҳа, айтмоқчи бўлган фикримни тўғри англадингиз. Сизнинг кўнглингиздан ўтган хавотир, анча пайтдан буён кўпчилик журналистларни ҳам ўйлантириб келаётган эди. Сўзимни аввалида мисол қилган “реклама”шунослар бир четда қолиб, энди матбуот майдонида “забардаст танқид”шунослар пайдо бўлишмаяптими?! Улар шусиз ҳам жамият олдида озғин елкаларига энг оғир юкни елкалаш масъулиятини олган, яъни РОСТ СЎЗ айтиш ваколатига эга заҳматкаш журналистларимизнинг қолган-қутган обрўларини ҳам тўкиб қўйишмасмикан?!
 
Мана шу ҳадик юрагимнинг туб-тубида ғимирлаб юрганда сиз ёзган “васвасаген”ни ўқидим. Ўқидиму ўзимни “соқол” мавзусида ёзишга қанчалик ҳақсиз ҳисоблаган бўлсам, бу мавзуда ёзишга шунчалик ҳақли ҳисобладим. Чунки яқин ўттиз йилнинг нари-берисида ёзганларимнинг асосий қисмини танқидий мақолалар ташкил этади. 2008 йилда публицистик мақолаларимнинг бир қисмини йиғиб, китоб ҳолида чоп эттирган эдим. Сизга ушбу хатни ёзишдан аввал уйимдаги сарғайиб кетган газета тахламлари ва ўша китоб мундарижасини яна бир қур кўздан кечирдим ва танқидий мавзу ҳақида фикр билдиришга маънавий ҳаққим бор эканига яна бир карра амин бўлдим.
 
Аввал сиз мақолангизда мисол сифатида келтириб ўтган “Келинига кўз сузган қайнота” мавзусига андаккина тўхталиб ўтсак. Шахсан ўзим, ўзбек миллатининг фарзанди сифатида бу гапга ишонмайман! Бу бугунги ёш журналистлар тили билан айтганда, ўша кўрсатувнинг “рейтинг”ими, “имидж”ини кўтаришга кўр-кўрона уринишдан бошқа нарса эмас эди! Яна шу кўрсатувдами ёки шунга ўхшаш бошқасидами бир аёл чиқиб, “Эрим гўдак қизимни ваннада яланғоч олиб ётади”, деганга ўхшаш гап қилди. Буниси энди аввалгисидан ҳам ошиб тушди. Бунга ҳам ишонмадим ва бундан кейин ҳам ўзбек миллатининг бирор фарзанди бу қадар тубан кетишига ишонмайман.
 
Ана шу икки кўрсатув ҳақида бир даврада баҳс кетди. Биров у деди, биров бу. Индамай эшитдим. Шунда шифокор дўстимиз “Балки ўша қайнота ёки ота руҳий хастадир”, деб қолди. Биров бошимга гурзи билан ургандек бўлди. Шунда ўзимга ўзим савол бериб кўрдим: “Агар улар ростдан ҳам руҳий хаста бўлса-чи? Агар шундай бўлган тақдирда ҳам бу ҳолатни эфирга олиб чиқишга журналистнинг маънавий ҳаққи бормиди?!” Кейин ўз саволимга ўзим жавоб бердим: ЙЎҚ! Тан олиш керак, бугун газета ёки журналларимизни узоғи билан ўн беш-йигирма минг одам ўқиши мумкин. Аммо телевизорни миллионлаб томошабин кўради. Шундай экан, бир руҳий хастанинг (Агар ҳақиқатда шундай бўлса!) кирдикорини, бир бутун миллатнинг фожиаси сифатида эфирга олиб чиқишга ҳаққимиз борми? Яна ўша жавоб. ЙЎҚ!..
 
Яқинда тасодифан хусусий каналларимиздан бирида ажабтовур бир ҳолатга кўзим тушиб қолди. Кийими ҳаддан ташқари торлигидан тоғ бағридаги қишлоқ кўчаларида базўр одимлаётган қиз кутилмаганда тўхтади. Камерага қараб, кўзларини катта-катта очганча, киприкларини пирпиратиб, “Бу қишлоққа ҳалиям канализация келмаган экан!” деди. Аввал ҳайрон бўлдим. Бир лаҳза ҳазил кўрсатув бўлса керак, деб ҳам ўйладим. Кейин “журналист” қизнинг тинимсиз бидирлашидан тушундимки, бу — ТАНҚИДИЙ кўрсатув экан! Ана танқиду мана танқид!
 
Бир куни “Ўзбекистон” телеканалидан эфирга узатиладиган “Муносабат” ток-шоусида қатнашдим. Кўрсатувда бугунги журналистика муаммолари ва ютуқлари борасида гап борди. Шунда бир одам ўрнидан туриб, ўзини мақтай кетди. Айтдики, у аввал жуда кўп танқидий мақолалар ёзган экан. Шунинг учун жуда кўп марта тазйиқларга учраган экан. Энди жуда яхши бўлибди. Энди “мазза” қилиб танқидий мақолалар ёзадиган давр келибди. Унинг гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки уни танимадим. Танимаганим учун ўзимни айбдор ҳам ҳис қилдим. Тўғри, бугун ОАВларда жуда кўп журналистлар ишлайди. Ҳаммасини шахсан танишнинг иложи йўқ. Лекин яхши ёзадиган, тўғри ёзадиган, ҳалол ёзадиган журналистлар кам. Уларни эса, танимасликнинг иложи йўқ. Кўрсатувдан кейин ўша “фидойи журналист”нинг ким экани билан қизиқдим. Билсам, акамиз бир кўнгилочар газетада ишлар экан. Ўзи олтмиш ёшдан ошган бўлса-да, журналистлик фаолиятига ҳали ўн йил ҳам бўлмапти. Тан олиб ва очиқ-ойдин айтиш керакки, бундай газеталар яқин-яқингача ижтимоий мавзуларнинг яқинига ҳам йўламаган. Хусусан, ўзидан “қаҳрамон” ясашни орзу қилаётган акамиз ҳам.
 
Яқинда узоқ йиллардан буён газета-журналларда ишлаб (Тўғрироғи, кириб-чиқиб) юрадиган ҳамкасбларимиздан бири билан гаплашиб қолдим. Дабдурустдан “Ака, газеталар ўлиб қолди-ку”, деди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ваҳимасининг сабабини сўрадим. “Газеталаримизда танқид йўқ”, деди кўзларини лўқ қилиб. Савол бериш гали менга ўтди. “Ёзинг, нега ўзингиз ёзмайсиз”, деб сўрадим. Нима дейди, денг: “Мен-ку ёзаман-а, газеталар чиқаришмайди-да”. Бу камида ўн беш-йигирма йил газета-журналларда ишлаб, шу пайтгача пичоққа илингулик бир мақола ёзмаган ҳамкасбимизнинг гапи. Хайрлаша туриб, “Оғайни, ёзмасангиз ҳам газета ўқиб туринг”, дедим. Чунки у газета ўқимагани учун ҳам бугун босма оммавий ахборот воситаларида кечаётган ижобий жараёнлардан бехабар эди.
 
Қамариддин, интернет нашри раҳбари сифатида гапларимдан хафа бўлмангу, назаримда, бугун “васвасаген” кўпроқ интернет нашрлари ижодкорларига керак бўлаётгандек. Йўқ, хулоса чиқаришга шошманг. Мен газета-журналлар “ТАНҚИДБОЗЛИК” касалидан бутунлай холи, дейиш фикридан мутлақо йироқман. Бугун юқорида айтганимиздай ТВда ҳам, радиода ҳам, газета-ю журналларимизда ҳам танқидга “ружу” қўйиш бор. Шу ўринда ҳурматли ўқувчи учун алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим, бу ерда гап танқид қилмаслик ҳақида эмас, аксинча, нимани ва қандай танқид қилиш ҳақида кетаяпти. Танқид қилиш керак экан деб тоғ қишлоқда канализация йўқлиги, сой йўлига асфальт ётқизилмагани, соқол қўйма дейиш инсон ҳуқуқларини поймол қилиш эканини ёзаверсак, кўрсатаверсак, Афандининг бировнинг уйига ўғирликка тушиб, эгаси тутиб олгач, “Нега хотинингга ковуш олиб бермадинг”, дегандаги ҳолига тушиб қолишимиз мумкинлигини унутиб қўймаслик керак демоқчиман, холос. Чунки исботланган-исботланмаган танқидий мақолалар ҳам кўпроқ интернет нашрлари саҳифаларида кўзга ташланмоқда. Яна бир ёмон томони, бировларнинг фожиаси, кимнингдир автоҳалокатга учрагани, кимдир ёнғин туфайли ҳаётдан кўз юмганини достон қилиш, бу — танқид эмас! Бировнинг бошига тушган фожиадан фойдаланиб “машҳур” бўлишга интилиш, бориб турган ноинсофлик эмасми?!
 
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги оммавий ахборот воситалари чексиз-чегарасиз маконга эга. XXI асрнинг илғор технологиялари ҳозиргина сайтга жойлаштирилган мақолани ёки ТВда берилган кўрсатувни ярим дақиқа ўтмай Америка ёки Африка қитъаси фуқароларига ўқиш, кўриш имконини беради. Энди ўйлаб кўринг, олди-қочди танқидларимизни ўқиётган ёки кўраётган хорижликлар биз ҳақимизда қандай фикрга боришаяпти экан? Демоқчи бўлганимни халқона ибора билан айтсам, калтакнинг икки учи борлигини унутиб қўймайлик.
 
Яна бир гап. Бугун интернет нашрларидаги бир-биридан қўрқинчли сарлавҳалар (Мисол учун: “Қиз онасини пичоқлаб ўлдирди”, “Ўғил отасини кетмон билан чопиб ташлади”, “Она ўз фарзандини бўғиб ўлдирди”... ва ҳоказо) ҳам зиёли ўқувчининг энсаси қотишига сабаб бўлмоқда. Энг ёмон томони, ёшларимиз кўпроқ ана шундай мақолаларни топиб ўқишга ўрганиб қолишди. Энди ўзингизга бир савол бериб кўринг, бу мавзуларнинг фарзандларимиз учун қандай тарбиявий аҳамияти бор?! Ҳаётимизда онда-сонда учраб турадиган бундай фожиаларни ошириб-тошириб ёзиш ёки кўрсатиш орқали нимага эришмоқчимиз? Ахир ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган бир-икки кимсанинг фожиаси бутун бир миллатнинг, халқнинг, жамиятнинг фожиаси эмас-ку! Сиз ҳақсиз, ҳақиқий журналист ҳеч қачон бирон-бир салбий воқеа-ҳодисани топиб олиб, бу ҳолатни бутун бир жамиятнинг фожиаси сифатида талқин қилмаслиги, яъни “васвасаген” касалига мубтало бўлмаслиги керак.
 
Қамариддин, аслида хат ёзишдан мақсадим сизни қўллаб-қувватлаш эди. Лекин шу баҳонада ўйлаб юрганларимни ҳам айтиб олдим. Фикримча, журналистларнинг оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир чиқиши, у танқидий бўладими, таҳлилийми, бир мақсад, яъни жамиятимиз ривожи, миллатимиз тараққиётига хизмат қилиши шарт. Оммавий ахборот воситалари кимнингдир сохта обрў орттиришига хизмат қилмаслиги керак.
 
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганим, агар танқидчилигимизда ҳалоллик йўқолса, унинг ўрнида КАМПАНИЯБОЗлик бошланади. Ҳаммамиз излаб-қидириб танқидий “мавзу” топиб, “ёза” бошлаймиз. Ана унда танқид тараққиётимизга хизмат қилувчи воситага эмас, аксинча, халқ эртакларидаги “Ур тўқмоқ”қа айланади. Ана шундан эҳтиёт бўлишимиз керак, назаримда.
 
“Адолат” газетасининг 2018 йил 27 апрелдаги
17-сонидан олинди.

Теглар:Ислом Ҳамро Очиқ хат Журналистика Қамариддин Шайхов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!