...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Чингиз Айтматов номи берилди


13:35, 12.07.2018 Жамият
 1 099

Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш белгиланган эди.

Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов номи берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати маълум қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги  “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш белгиланган эди.
 
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 38-сессиясида ушбу масала кўриб чиқилиб, Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Бодомзор йўли кўчасига Чингиз Айтматов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
 
Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов (1928-2008)  қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти ҳисобланади.
 
Унинг илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. “Байдамтол соҳилларида” (1955), “Юзма-юз” (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим” (1962), “Момо ер”, “Сомон йўли” (1963), “Алвидо, эй Гулсари” (1966) каби қиссаларида муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган.
 
Айтматовнинг “Тоғ ва чўл қиссалари” туркумига кирган асарлари юксак баҳоланди. Айтматовнинг “Оқ кема” (1970) қиссасида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилади.
 
“Денгиз ёқалаб чопаётган олапар” (1977) қиссасида муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топган. “Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамғаси” (1990) романларида замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
 
Ўтмишини унутган, ҳиссиз, ҳамма нарсага лоқайд, итоат-у, буйруқни бажаришдан бошқа нарсани билмайдиган, туйғу, нозиқ ҳиссиётлари сўнган манқурт образи тасвири Айтматов ижодининг муҳим қирраларидан биридир.
 
Чингиз Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, “Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин” деб ҳисоблайди.
 
Адиб Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” (1995), 2Буюк хизматлари учун” (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги “Олтин медаль” мукофоти таъсис этилган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Чингиз Айтматов Бодомзор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар