...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркияда ўйнаётган ўзбек футболчиси Ватанга қайтишни истайдими?


14:38, 12.06.2018 Интервью
 5 729

“Пахтакор” тарбияланувчиси Асрор Ғофуровдан интервью олиб, уни биз билан баҳам кўрдилар.

Ўзбекистонлик футболчи Асрор Ғофуров жорий мавсум Туркия 4-дивизионида чемпионликка эришди. “InterFutbol” нашри ходимлари Асрор Ғофуровдан интервью олиб, уни биз билан баҳам кўрдилар.
 
- Асрор ака, авваламбор, чемпионлик билан табриклаймиз.
 
- Эътибор ва табрик учун раҳмат.
 
- Барча учун қизиқ, Туркия чемпионатига қандай бориб қолдингиз?
 
- Аслида, “Пахтакор” тарбияланувчисиман. 2006-2013 йиллар мобайнида шу клуб ёшлари билан 2 ва 1-лигаларда ўйнаганман. 2013-йилда шартномам тугагач, Туркия сафарим бошланган.
 
- “Пахтакор” янги шартнома таклиф қилмаганми?
 
- Таклиф бўлган, лекин фаолиятимни Европада давом эттиришни хоҳлаганман.


 
- Футболдаги биринчи устозингиз ким?
 
- Шуҳрат Раҳмонқулов. Ушбу мутахассисдан 7-8 йил футбол сирларини ўрганганман. Албатта, футболга биринчи қадам ташлашингизда, дастлабки мураббийингиз асосий ролни ўйнайди.
 
- Туркия чемпионатига агентлар орқали бордингизми ёки...
 
- Албатта, “Пахтакор”да ўйнаб юрган вақтларим агентлар туфайли четдан таклифлар тушган.
 
- Ҳозирда “Пахтакор”нинг ўйинларини кузатиб боряпсизми?
 
- Ҳа, кузатяпман. Қолаверса, жамоа устози Шота Арвеладзе менга нотаниш эмас. У Туркия чемпионатида катта из қолдирган футболчи ва мураббий.
 
- Жамоадагилар билан ҳалигача алоқангиз сақланиб қолганми?
 
- “Пахтакор” ёшлар жамоасида Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров ва Владимир Козак билан бирга тўп сўрганман, улар билан доимо алоқадаман.
 
- Туркия футболини камситмаган ҳолда кейинги саволга ўтамиз. Ушбу мамлакат қуйи дивизионларида ўйнагандан кўра, “Пахтакор”да қолганингиз афзал эмасмиди?
 
- Биласизми, Туркияга келганимда, дастлаб ушбу мамлакат Суперлигаси вакили, машҳур “Бешиктош” тарбияланувчилари сафига қўшилганман. Кейин эса 1-дивизионда қатнашувчи “Манисаспор” жамоаси билан 3,5 йиллик шартнома имзолаганман. Мавсум охирига бориб жамоам 2-лигага тушиб кетган. Аммо Туркия 2 ва 3-дивизионида легионерлар ўйнаши тақиқлангани сабабли яна жамоамни ўзгартиришга мажбур бўлганман.


 
- Демак, жамоангиз 3-дивизионга чиққанини инобатга олсак, фаолиятингизда яна ўзгаришлар кузатиларкан-да?
 
- Худди шундай.
 
- Ўзбекистон жамоаларидан таклифлар бўлиб турибдими? Ватанга қайтишга нима дейсиз?
 
- Йуқ, ҳозир мамлакатимиздан ҳеч қандай таклифлар бўлмади. Бир кун келиб қайтаман, лекин ҳозир эмас. Энди 23 ёшдаман.
 
- Туркия чемпионати ўз мухлислари билан ҳам мақтаниши мумкин. Ушбу биринчиликда сизни лол қолдирган нарса нима?
 
- Дарҳақиқат, футбол мухлислар билан янада гўзал. Биз томошабинларни стадионга жалб қила оляпмизми, демак тўғри йўлдамиз. Туркияда футболчиларга ажойиб шароитлар яратилган. Хусусан, жамоам 4-дивизионда тўп сурди, лекин бизда машғулот ўтказиш учун 3та стадион ва яшаш учун алоҳида база бор.
 
- Аксарият легионерларимиз билан суҳбатлашганимизда, ўзбек паловини соғинишганини айтишади...
 
- Албатта, мен ҳам нафақат ошни, балки ўзим туғилиб-ўсган юртдаги барча нарсани соғиндим.
 
- Жамоангизда легионер футболчиларга муносабат қандай?
 
- Уч нафар легионер тўп сурамиз. Табиийки, маҳаллий мухлислар хорижлик футболчилардан янада кўпроғини кутишади.
 
- Демак, фаолиятингизни Туркия чемпионатида  давом эттирасизми?
 
- Келаси мавсумни ушбу биринчиликда бошласам керак. Ўз навбатида, бошқа чемпионатларда омадимни синаб кўриш ниятим ҳам йўқ эмас.
 
- Ҳозирданоқ таклифлар тушишни бошлагандир?
 
- Албатта, таклифлар бор, агентим билан гаплашиб, бир қарорга келамиз.
 
- Суперлига ўйинларини кузатиб бораётган бўлсангиз, бу йил бизнинг чемпионат савияси ҳам анча ошди. Хўш, сизнингча, чемпионликка қайси клуб асосий даъвогар?
 
- “Бунёдкор”. Чунки жамоа ёшлардан ташкил топган, уларда иштиёқ юқори.
 
- Суперлигадаги ҳозирда энг кучли мураббий ким?
 
- Нўъмон Ҳасанов, Миржалол Қосимов ва Илҳом Мўминжонов.
 
- Фаолиятингиздаги энг муҳим ўйин?
 
- Туркия кубоги доирасида кечган “Галатасарой”га қарши баҳс.
 
- Энг катта орзуингиз?
 
- Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш.

Теглар:Асрор Ғофуров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!