...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркиянинг энергетика соҳасидаги йирик ширкатлари нега Ўзбекистонга кирмаяпти? Элчи жавоб берди


13:39, 05.10.2018 Интервью
 3 918

Аҳмед Башар Шен бу ҳақда гапираркан масаланинг ҳуқуқий асосларини кўриб чиқиш, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклигини айтди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти куни кеча электр энергетикасидаги ишлар аҳволини чуқур таҳлил қилиш, соҳани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказган эди.
                       
Бугун мамлакатда энергетика соҳаси, хусусан, нефть, газ, электр энергияси ишлаб чиқариш, соҳани ривожлантириш, эски анъаналардан воз кечиб, жаҳон тажрибасини ўрганиш ва буни татбиқ этиш, соҳада монопол тизимни йўқотиш масаласига ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, охирги ҳафтада газ ва электр энергияси, қолаверса, бензин нархининг ошиши ҳақидаги хабар катта шов-шувларга, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Туркияда электр энергиясининг 60 фоизи хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилишини қайд этиб, Ўзбекистонда бу йўналиш анча оқсаганини таъкидлаганди.
 
Маълум, Туркия кун сайин ривожланиб бораётган мамлакатлардан бири. Туркияда энергетика соҳаси жуда барқарор тараққий топиб бормоқда. Бошқалар нефтни қайта ишлаш, оддий газни етказиб бериш масаласида бош қотираётган бир пайтда, Туркиядаги хусусий ширкатлар чиқиндидан газ оляпти, қуёш энергиясини бутун мамлакатга тарғиб этмоқда. Хўш, нега бу ширкатлар энергетикада жуда катта оқсаш кузатилаётган Ўзбекистон бозорига кирмаяпти? Мазкур савол билан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шенга мурожаат қилдик.
 
“Инвестиция шундай нарсаки, у бугун истаб, эртага чўнтагидаги 50 миллион долларни бир ишга тикиш дегани эмас. Бундан аввал, туркиялик ишбилармонлар билан бўлган баъзи муаммоли воқеалар бор. Албатта, ҳозир муносабат ўзгарган, лекин ўша даврдан қолган асоратлар бироз сақланиб қолган. Бугунги имижнинг юксалиши эса аста-секинлик билан бўлади.
 
Туркиялик инвесторлар мамлакатимизда яқиндагина кузатилган доллар билан боғлиқ муаммолар гирдобида қолдилар. Масалан, 10 миллион доллари бор инвестор пулини биринчи ўринда Туркияда ишлатади, чунки доимий фаолиятда бўлиб турган корхоналарда доллар нархининг кескин ошиб кетиши муаммолар туғдиряпти. Шунинг учун бу йўналишда бироз тўхташ кузатилаётган бўлиши мумкин.
 
Ўзбекистон айни дамда энергетика соҳасида жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу ислоҳотлар яқинда ўз натижасини кўрсатади.
 
Ўзбекистонга келиб иш бошлаш истагидаги ширкатларимиз бўлди. Масалан, қуёш батареясини, табиий газдан электр олишни ўргатмоқчи бўлган фирмалар бор. Кўплари инвестиция киритишни ҳам бошладилар. Улар орасида нарх масаласида ҳануз бир тўхтамга кела олмаганлар ҳам йўқ эмас. Яъни, Ўзбекистон тарафидагилар билан музокаралар давом этмоқда”.
 
2011-2012 йиллар атрофидаги воқеаларни турклар, турк корхоналари билан ҳамкорликда ишлаган ўзбекистонликлар яхши эслайди. Ўша вақтларда Ўзбекистонда турк ширкатларига нисбатан антипатия уйғонди. Албатта, бунга етарли асослар бўлгани сир эмас. Шу боис Ўзбекистоннинг Туркия билан муносабатлари бироз совуқлашди. Турк ширкатларининг кўпчилиги Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатди. Бунинг асорати эса ҳануз давом этмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг ноябрь ойида Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувда эндиги муносабатлар бошқа йўлдан боришини ва бунда турк инвесторлари ҳам ҳалол йўлни танлашлари кераклиги, тўғри йўналишдан боришлари шартлиги талабини қўйганди.
 
Ўзбекистонда инвесторларга ҳеч қачон бугунгидек эътибор қаратилмаган. Шундай бўлса-да, қонунчиликда айрим ечимини кутиб турган масалалар бор. Масалан, ер давлатники экани: бу жуда тўғри, аммо миллионларини сарфлаб, бирор ширкат, меҳмонхона қурган инвестор кун келиб маблағини олиб чиқиб кета олишига қандай ишонсин? Ахир мулкни таги билан кўчириб кетолмайди-ку.
 
Аҳмед Башар Шен бу ҳақда гапираркан масаланинг ҳуқуқий асосларини кўриб чиқиш, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклигини айтди.
 
“Туркиядаги корхоналар давлат-хусусий шерикчилик тизимида кўп йиллардан буён ишлаб келади. Масалан, бирор инвестор мамлакатга келиб кўприк қурса, давлат ўша кўприкдан кунига 1 000 та автомобиль ўтишига, ҳар бир автомобилдан топиладиган маблағга кафолат беради. Агар бирор кун 1 000 та эмас, 998 та машина ўтгудек бўлса, қолган икки автомобилдан қолиши керак бўлган даромадни давлат ўзи тўлаб беради. Ўзбекистонга ҳам давлат-хусусий шерикчилик тизимини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос керак.
 
Туркиядан келиб, энергетика соҳасида Ўзбекистонга инвестиция киритиб, фаолияти, тажрибасини ўргатадиган хусусий ширкатларга ҳам ҳудди шундай кафолат керак. Давлат қанча вақт биз берган маҳсулотни, яъни электр энергиясини ёки газни сотиб олинишига кафолат беради, қабилидаги саволлар бор тадбиркорларда.
 
Туркия кўприклар, тоннеллар, кўплаб шифохоналарни ўзи қургани йўқ. Аксинча, инвесторларга топширди ва уларга кафолат берди. Менимча, Ўзбекистонга ҳам шундай ҳуқуқий сотиб олиш кафолатини бериш амалиёти лозим”.
 
Маълумот ўрнида, ўтган бир йил ичида Ўзбекистон-Туркия қўшма корхоналари сони 250 тага ортган. 
Қамариддин Шайхов,
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари

Теглар:Аҳмед Башар Шен Инвестиция Ўзбекистон-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!