...
МЕНЮ
ONLINE TV

Вазир Дилмурод Набиев Ўзбекистон ёзуви бор кийимда стадионга чиқишга ор қилдими?


11:25, 19.08.2018 Таҳлил
 11 775

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев айни вақтда Индонезия пойтахти Жакартада.

Акмалхон Эшонхонов,
“Qalampir.uz” интернет нашри журналисти


Аввалроқ, “Qalampir.uz” интернет нашри Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевга Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилгани ва шу сабаб билан унинг Индонезияга келиб номаълум меҳмонхонага жойлашгани ҳақида маълумот берган эди.
 
Кеча, 18 август куни Индонезияда Осиё ўйинлари мусобақасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимига қадар ўзбекистонликлар жойлашган олимпия шаҳарчасига келган спорт вазири маҳаллий вақт билан 18:08да бошланган очилиш маросимида Ўзбекистон делегация раҳбари сифатида иштирок этди.
 
“Qalampir.uz” Набиевнинг Жакартага келиб, спортчилар ҳолидан хабар олмагани ва яшаши керак бўлган олимпия шаҳарчасида эмас балки, меҳмонхоналардан бирига жойлашганини танқид қилган эди. Орадан вақт ўтгач, ушбу мақолага Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Матбуот хизмати жавоб қайтарди.
 
Унда ёзилишича, Дилмурод Набиев ўзига юклатилган вазифани қойиллатган. Ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас.
 
Шунингдек, маросим бошланишига саноқли дақиқалар қолганда спортчилар олдига келган вазир мусобақалар бўлиб ўтадиган ареналар билан танишган. Қўшимчасига, у ҳар бир спортчи билан учрашиб, уларга руҳий далда ҳам берган. Кун давомида вазирликнинг интернетдаги расмий саҳифасида бу ҳақда ахборотлар бериб борилган. Қувонарлиси, вазирлик сайти воқеалар ривожи ҳақида ахборотлар мунтазам бериб боришни режалаштирибди.
 
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз, вазирлик сайти “Нохолис ахборотларга ишонманг” сарлавҳаси остидаги мақолани ўчириб ташлаган. Мақола жойланган манзил ҳозирда мавжуд эмас. Демак, Жисмоний тарбия ва спорти вазирлиги бу ҳаракати билан “Qalampir.uz” ёзган ахборот нохолис эмаслигини тасдиқлашини билдирган.

Вазирлик ОАВда эълон қилинаётган хабарларга, хусусан, кеча Дилмурод Набиевнинг Индонезияда “йўқ бўлиб қолгани” ҳақидаги мақолага қаршимизга чиқмасдан бошқа манбалар орқали номимизни ҳам тилга олмай, жавоб қайтарганини қандай тушуниш мумкин. Вазирлик танқидларга бу тарзда ўзини оқлаб жавоб қайтарганидан кўра, қилаётган ишларини амалда кўрсатиши керак эмасмиди? Холбуки, вазирликдагилар ўзи ёзганига ўзи ишонмасдан уни саҳифасидан ўчирган. Бундай ишлаётган вазирликка Халқ қандай қилиб ишонч билдирсин? Спорт вазирлиги бировни обрўсизлантираман деб, ўзини обрўсини бир пул қилганини қачон тушуниб етади?
 
Вазирлик ОАВни ёлғон ахборот тарқатганда айблашга сарфлаган вақтини ўз устида кўпроқ ишлашга сарфлаганда мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бизни нохолис ахборот тарқатганда айблаган бошқа оммавий ахборот воситаларига ҳам айтар гапимиз бор. Биз қачон бир-биримизни қўлимиздан тутиб, бир мақсад сари борамиз? Журналистик позициямиз, ОАВ деган номимизни ҳимоя қилишга ўрганамиз? Ёки биз ҳам вазирлик Матбуот хизматидагиларнинг даражасидамизми? Хуллас, бу каби саволларнинг чегараси йўқ. Мавзудан узоқлашма

Дилмурод Набиевни очилиш маросимида делегация раҳбари сифатида қўлларида мамлакатимиз байроғини кўтарганча чиқиб келганини кўрдик ва савол туғилди.
Нега вазир шу куни стадионга спорт кийимида эмас костюмда чиқиб келди?
 
Миллий олимпия қўмитаси делегацияси иштирокчиларига ҳар бирида Ўзбекистон ёзуви туширилган экипировкаларни тақдим этган, жумладан, спорт вазирига ҳам расмий Ўзбекистон ёзуви туширилган эпикировкаларни тақдим этган. Лекин Дилмурод Набиев бу кийимладан фойдаланишга ор қилган кўринади, 50 мингдан зиёд томошабин ва турли мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари тўпланган стадионга костюмда чиқди-я...
 
Унинг бу ҳаракати бошқалар учун оддий холдек кўринар, аммо биз учун бу спорт қоидаларига қарши чиққан шахс сифатида кўринди. Тўғри, бундай қоида ҳеч қаерда ёзилмаган бўлиши мумкин, аммо делегация раҳбарининг устидаги кийим қандай бўлса, спортчилар ҳам шундай кийимда бўлиши керак эди. Вазир агар стадионга костюмда чиқишни истаган экансиз, унда қолганларни ҳам ўзингиз билан бир хил кўринишга келтириб олмайсизми? Сиз ахир шу делегациянинг юзисиз, Ўзбекистонда спорт вазирисиз.
 
Шу қисмида вазир билан МОҚнинг фикри бир ердан чиқмагани сезилди. Биламизки, вазирлик ва МОҚ ўртасида доимий ҳамкорлик ришталари, келишувчанлик бўлган ва бундан кейин ҳам давом этади. Хуллас, “бири боғдан, бири тоғдан” иборасини бу икки ташкилотга нисбатан ишлатиш ярашмайди ҳар ҳолда.
 
Майли, костюм кийса нима қилибди?, дерсиз. Аммо бундай мусобақаларнинг ёзилмаган қоидаси бор. Ҳамма бир хил эпировкадан фойдаланиши шарт! Эгнига Adidas, оёғига Nike... Тасаввур қиляпсизми, ташқаридан қандай қўпол кўринади?
 
Қолаверса, мусобақаларда биздан анча яхши натижаларга эришган тажрибали рақиблар биз “ўзбеклар” эътибор бермайдиган майда деталларни ҳам муҳокама қилишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Биз вазирнинг спортчилар ортидан Жакартага келганидан мамнун бўлдик, энди бу ернинг шарт-шароитига кўникишини ҳам кўриб қўйсак зарар қилмайди.
 
Мақола сўнгида айтаримиз шуки, ҳурматли Дилмурод Набиев сиз олимпия шаҳарчасига борибсиз, спортчилар билан учрашувлар ўтказишга улгурибсиз. Бундан айрим сабабларга кўра, хабаримиз бўлмади. Аммо устингиздаги костюмни стадионга чиқишдан олдин 2-3 соатга Ўзбекистон ёзуви туширилган кийимларга алмаштирганингизда, мамлакат спортининг бошида турган шахсга ярашадиган иш қилган бўлар эдингиз.
 
Унутманг, Сиз Жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирисиз, спортчиларнинг стадиондаги қўриқчиси эмас... Селфи қилишни бас қилиб, сиздан ўз вазифангизни жиддий раҳбарлар каби бажаришингизни юксак ҳурмат ила сўраб қоламиз. Ўзбекистон ёзуви бор ҳар бир кийимдан фойдаланишга эса ҳеч қачон уялманг, ҳеч қачон ор қилманг.

Теглар:Дилмурод Набиев Осиё ўйинлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!