...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Тошкентда дарахтлар қирғини давом этяпти. Бунга ИИБнинг қандай алоқаси бор?


15:51, 11.10.2018 Жамият
 2 600

Тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, ушбу видео Мирзо Улуғбек туманида тасвирга олинган.

Тошкент шаҳрида дарахтлар “қирғини” давом этяпти. Бир неча йиллик, мустаҳкам дарахтлар шахсий мақсадлар йўлида таг-томори билан қўпорилиб, ундан бизнес ва бошқа турли мақсадларда фойдаланиляпти. Энг қизиғи, расмий ташкилотлар бу борада миқ этаётгани йўқ. Ёки сиз бирор мансабдорнинг кесилаётган дарахтлар юзасидан чиқишини кўрдингизми?
 
Куни кеча яна ана шундай воқеа қайд этилди. Дарахтлар кесиб кетилаётгани тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларга Facebook фойдаланувчиси Татьяна Гевергес жойлаштирган.
 
Видеода дарахтлар кесиб, олиб кетилаётган манзил ҳақида сўз бормаган. Тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, ушбу видео Мирзо Улуғбек туманида тасвирга олинган.
 
Видеода маълум қилинишича, ўтган ҳафта ҳам ушбу ҳудудда дарахтлар кесиб кетилган, бу сафар ҳам соғлом дарахтлар шахсий мақсадлар йўлида кесиб олиб кетилаётгани маълум қилинган. Бунга эса туман ИИБ ходими бош-қош бўлаётгани тасвирланган. Ходим эса ҳар қандай савол билан туман ИИБга мурожаат қилишни тушунтиришга уринган.
 
Видеода дарахтларни кесаётган ва уларни бўлакларга ажратиб, юк машинасига жойлаётганлар ҳам кўрсатилган. Дарахтларни кесиб кетаётган одам ўзини таништиришни истамаган ва ҳеч қандай рухсатномаси, лицензияси йўқлигини айтган.
 
Сиз нима учун бу дарахтларни кесиб кетяпсиз? Қайси компаниядансиз деган саволга “Ўзим учун, бу дарахтлар менга керак”, деб жавоб қайтарган тасвирдаги киши. Видеони юқоридаги плеерда кўришингиз мумкин.
 
Шу бугунгача Тошкентда минглаб дарахтлар кесилди. Бир неча йилларки, аҳоли бунга нисбатан эътирозини билдириб келади. Кесилган дарахтлар мебел фабрикалари, эшик ишлаб чиқарувчиларга хомашё бўлди, айримлари ёқиб, кул қилинди. Дарахтлар қирилган жойларда эса янги иморатлар қурилди. Ҳудуд экологияси эса ҳеч кимни ўйлантираётгани йўқ.
 
Яқиндагина сайтимизда Чилонзор туманида ҳоким буйруғи билан янги иморат қурилаётгани, бундан эса аҳоли норозилиги ҳақида хабар бергандик. Чилонзорнинг собиқ ҳокими Даврон Хидоятовнинг буйруғи билан тадбиркор томонидан кўзи ожизлар истиқомат қилаётган маҳаллада қурилаётган иморат сабаб иккита дарахт  кесиб ташлангани ҳақида “Qalampir.uz”га шикоят қилинди. Бироқ, орадан кўп ўтмай Тошкент шаҳар ҳокимияти ўзини оқлашга қаратилган лавҳа тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатди. Айбдорлар яна сувдан қуруқ чиқди, ҳамма айб одамларга ағдарилди. “Qalampir.uz” ёлғон маълумот тарқатилгани айтилди. Хўш, нимаси ёлғон эди: кўрлар жамияти уйлари қаршисида кўп қаватли бизнес маркази қурилаётганими, дарахтлар кесиб ташланганими ё уй ёнидан оқиб ўтувчи ариқ шундоқ ҳам авариявий ҳолатга келиб қолган уйга яқинроқ сурилаётганими?
 
Хўш, дарахтларни севувчи, табиатга озор бермасликни ваъда қилган Тошкент шаҳар ҳокимияти масъуллари бугун кўтарилган масалага қандай жавоб бераркин. Бир нарса аниқ: ким айбдор бўлишидан қатъи назар кесилган дарахтлар ўрнига қайтмайди. Масъуллар бўлаётган воқеалар ва одамларнинг эътирозидан қачон хулоса чиқаради?

Теглар:Дарахтлар қирғини Тошкент шаҳар ҳокимияти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар