Ҳокимлар нега Тошкентда даволаняпти?

Жамият 15297
image

Аввалроқ, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов коронавирусга чалингани ва Тошкентдаги шифохонада даволанаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳокимларнинг ўз ҳудудида эмас, пойтахтда даволаниши ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар томонидан нега Карим Камолов вилоятда эмас, пойтахт шифохонасида даволаняпти, бу ҳолат вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик эмасми, мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда.

Шу сабабдан Бухоро вилояти ҳокимлиги Карим Камолов нега Тошкентда даволанаётганига изоҳ берди. 

“Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда жорий йилнинг 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Қайд этилишича, агар Карим Камолов маҳаллий шифокорлар ва шифохоналарга ишончи бўлмаганида ўша заҳотиёқ пойтахтга борган бўларди!

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасига юклатилган.

“Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди. Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради”, дея изоҳланган ҳокимнинг Тошкентда даволанаётгани.

Аввалроқ, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам коронавирусга чалингани ва Тошкентда даволанаётгани хабар қилинганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 518
Рейтинг: 3
t
×