Ҳукумат ажратган 150 млрд сўм кимларга, қай тартибда тарқатилади?

Жамият 11974
image

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан “Саховат ва кўмак” фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам сифатида 150 млрд сўм тарқатилиши белгиланди.

Фармойиш эълон қилиниши билан таҳририятимизга фуқаролардан ёрдам кимларга ва қай тартибда тарқатилиши юзасидан кўплаб саволлар тушди. Шу сабабли “Саховат ва кўмак” фонди раҳбари Дилшод Усмонов билан боғланиб, саволларга жавоб олдик.

Унинг сўзларига кўра, моддий ёрдам ажратиладиган оилалар рўйхати жойларда сектор раҳбарлари томонидан шакллантиради. Кейин, рўйхат депутатлар кенгашларига тасдиқлатилади. Банк орқали нақд пул олиниб, сектор раҳбарлари (ҳоким, прокурор, ички ишлар бошқармаси раҳбари, Давлат солиқ инспекцияси раҳбари), банк ходимлари ва волонтёрлар билан биргаликда тарқатилади. Пуллар нақд кўринишда тарқатилади.

“Жойларда туман ҳокими ўринбосари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва волонтёрлар билан рўйхатлар шакллантирилган. Бунинг ичида карантинда уйда ўтирган, ҳозир ишсиз бўлиб қолган, кам таъминланган, ногирон, чин етим ва қариялар бор. Пул тарқатиш бошланган. Рўйхатга яна оилалар қўшилиши мумкин”, дейди Дилшод Усмонов.

Фонд раҳбарининг айтишича, ҳудудларда 1197 Call-марказига тушган мурожатлар рўйхатлари йиғиб бориляпти. Фуқаролар ёрдам оладиганлар рўйхатига тушганми-йўқми билиши ҳам мумкин экан. 

“Туманда “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказ”лари бор. Ўша ердан жойига бориб ёки телефон орқали билиш мумкин. Ҳеч қандай рўйхатга киритилмаган бўлса, жойида муаммони ҳал қилиш имкони бор”, дейди Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида 400 мингдан ортиқ оиланинг 1,7 млндан ортиқ аъзосига 380 млрд сўмни тарқатиш белгиланди.

Бу маблағларни тарқатиш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идораларга юклатилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 387
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×