Даҳанаки жангчилар: АҚШ-Хитой қарама-қаршилигида ким қудратлироқ? (2-қисм)

Таҳлил 10677
image

Аввалроқ QALAMPIR.UZ’да “Даҳанаки жангчилар: АҚШ-Хитой қарама-қаршилигида ким қудратлироқ?” номли мақола эълон қилинганди. Унда АҚШ ва Хитойнинг ҳарбий ва технологик салоҳияти хусусида батафсил маълумот берилган ва таҳлил сўнггида Хитой катта тезлик билан ривожланаётган бўлса ҳам, АҚШ ҳали ушбу критериялар бўйича етакчиликни ўз қўлидан сақлаб қолаётгани маълум бўлганди. Ушбу мақоланинг иккинчи қисмида АҚШ ва Хитойнинг иқтисодий ва мафкуравий кучи тўғрисида батафсил сўз боради. 

Икки гигантнинг иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларига назар

Мамлакат иқтисодиётига баҳо беришда кенг фойдаланиладиган кўрсаткич бу – ялпи ички маҳсулот. ЯИМ – истеъмол, экспорт ва жамғариш учун давлат ҳудудида иқтисодиётнинг барча тармоқларини қўшиб ҳисоблаганда 1 йил вақт давомида ишлаб чиқарилган барча якуний товарлар ва хизматларнинг бозор қийматини акс эттирадиган макроиқтисодий кўрсаткич. 

2020 йил ҳисобига кўра, АҚШ ЯИМи 19,48 триллион, Хитой ЯИМи эса 12,33 триллион АҚШ долларини ташкил этди. 

Орада яхшигина фарқ мавжуд бўлса-да, Хитойнинг яқин келажакда АҚШдан ўтиб кетиши башорат қилинмоқда. Хитой учун ижобий бўлган бундай башоратнинг асоси унинг йилдан-йилга ўсиб бораётган ЯИМида акс этган. Гап шундаки, сўнгги ўн йилликда “Самовий Империя”нинг ялпи ички маҳсулоти ўртача йилиги 6,9 фоиз билан ўсишни ташкил этди. Ўз навбатида АҚШда бу кўрсаткич 2,2 фоизга тенг бўлди. Умумий ҳисобда АҚШ олдинда бўлса ҳам, Хитойнинг имкониятлари каттадек кўринмоқда. Хусусан, Иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази маълумотларига тайаниб Bloomberg’нинг ёзишича, Хитой 2028 йилда АҚШ иқтисодиётидан ўзиб кетади.  

Лекин хулоса чиқаришга шошилиш ярамайди. Имкониятга эга бўлиш, ундан фойдалиниш дегани эмас. Бунга ўхшаш башорат аввал ҳам бўлган. Фақат унда АҚШдан Хитой ўтиб кетиши эмас, балки СССР ўтиб кетиши айтилган эди. Худди Хитойнинг ҳозирги кўрсаткичлари каби СССРда ҳам 1928-1960 йилларда миллий даромад йилига 6 фоизга ўсиб борган. Бундай тенденцияни кўрган Нобел мукофоти лауреати, ғарблик иқтисодчи Пол Самуэльсон СССР АҚШни 1984 йилда қувиб ўтишини айтганди. Охирида эса қувиб ўтиш керак бўлган давлат парчаланиб кетди.

Коронавирус Хитойга ёрдамлашиб юборди  

Жорий йилнинг январь ойида Хитой тўғридан-тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар бўйича АҚШни ортда қолдиргани маълум бўлди. БМТ тақдим қилган рақамларга юзланадиган бўлсак, 2020 йилда хорижий инвесторлар Хитойга 163 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган бўлса, АҚШ учун бу кўрсаткич 134 миллиард долларни ташкил этган. Экспертлар Хитойнинг бу мувафаққиятини коронавирусни тезлик билан енгиб, оз фурсатда иқтисодиётни тиклаб олгани билан боғлади. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг февраль ойида АҚШ Савдо вазирлиги мамлакат ЯИМи 3,5 фоизга қулаганини маълум қилди. Ўз навбатида ушбу давр учун Хитойнинг ЯИМи 2,3 фоиздаги ўсишни намойиш қилди. Кўриниб турибдики, пандемия Хитойга “ёқди”. 

Лекин бу омиллар Хитой иқтисодиёти АҚШни ортда қолдирди, деган хулоса қилиш учун етарли эмас. Коронавируснинг АҚШ ва Хитой иқтисодиётига таъсири ҳақида гап кетганда, бу икки мамлакатнинг иқтисодиёти тубдан бир-биридан фарқ қилишини эсдан чиқармаслик керак. Хитой саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ортидан ЯИМ ўсишига эришга бўлса, АҚШ иқтисодиётининг асосини хизмат кўрсатиш ҳамда уни истеъмол қилиш ташкил этади ва айнан хизмат кўрсатиш соҳаси пандемия давридан энг кўп зарар кўрди.

Кимнинг олтини кўпроқ?

Бутунжаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, АҚШ 8133 тоннадан ортиқ олтин билан дунёда биринчи ўринда қайд этилган. Кейинги ўринларни Германия, Италия, Франция ва Россия эгаллаган. Хитой эса 1916 тонна олтин билан “фахрли” 6-ўриндан жой олган.   

АҚШ валютаси етакчи

Бутунжаҳон валюта фондига кўра, АҚШ долларининг бутун дунё олтин захираларидаги ҳиссаси 62 фоизни ташкил этади, Хитой валютаси – юанники эса атига 2,02 фоизга тенг. Бу эса Америка долларининг халқаро савдо ва жаҳон молиявий тузилмасида асосий валюта эканидан далолат. АҚШнинг бундай устунликка эга бўлиши иқтисодий ва молиявий инструментлар орқали ташқи сиёсатда ўз сўзини айтиши ҳамда манфаатларини самарали ҳимоя қилишида қўл келади. 

Узоқ келажакка қаратилган лойиҳа

Давлат глобал кучга айланиши учун, нафақат ҳарбий, технологик ёки иқтисодий жиҳатдан етакчи бўлиши, балки ўзига хос, ўзгармас қадрият сифатида шаклланган мафкуравий ғояга эга бўлиши ҳам керак. Мазкур ғоя баъзи манбаларда элитар лойиҳа, деб аталади ва у ташқи сиёсатда мамлакат имижини шакллантириб, бошқа давлатларнинг ўз атрофида бирлашишига жалб қилади. Бу йўлда маълум бир қарашлар, шиорлар тарғиб қилинади. Ҳукумат, Президент ва раҳбарлар келиб-кетаверади, давлатнинг йўналган курси, бош ғояси, элитар лойиҳаси ўзгармайди.

Масалан, ўтган асрнинг 90-йилларига қадар дунёнинг шарқий яримшарига “эгалик қилган” СССРни олсак, бу давлатда элитар лойиҳа ҳам, ички муҳитда бирдамликни ва ташқи сиёсатда иттифоқчиларни ўзига жалб қила оладиган қараш ва шиорлар ҳам бўлган. АҚШга тенг келувчи гегемон СССР социализм мафкурасига асосланганди. “Бутун дунё пролетарлари (ишчилари – таҳр.) бирлашинг” – СССР сиёсатининг энг машҳур шиорларидан бўлган ва у ҳатто 6 та кейинчалик 15 та тилда шунингдек, ўзбек тилидаги варианти ҳам мамлакат гербидан ўрин олганди.  

Бироқ СССРга қўшилиб унинг лойиҳаси, мафкура ва шиорлари ҳам қулади. Капитализм эса ғалаба қилди. Шундан сўнг дунёда АҚШ танҳо етакчига айланди. Хўш ушбу давлатнинг қандай қадриятларга асосланган лойиҳаси бор? 

Бу либерализм бўлиб, сўз эркинлиги, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, хусусий мулк дахлсизлиги, гендер тенглиги ва инсон ҳуқуқлари устунлиги каби демократик қадриятларга асосланган. Ушбу қадрятлар дунё бўйлаб шунчалик кенг тарқалганки, ҳар қандай жамият буни АҚШнинг бир лойиҳаси, ташқи сиёсатда юмшоқ куч(soft power) воситасидан фойдаланиши учун асосий бир мавзу деб эмас, балки нормал ҳолат сифатида танийди, унга эргашади. 

Аслида, АҚШнинг мувафаққияти ҳам шунда: инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини ўзига қалқон, жоиз бўлса “қилич” қилиб олган. Бу орқали Америка ўзига хос имиж ҳосил қилиб, озодик ҳимоячиси сифатида гавдаланмоқда. Қарашлари атрофида ўз тарафдорларига эга бўлмоқда. Вақти келса, бирор давлатга санкция қўллашда демократик қадриятлар топталишини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

АҚШ машъала кўтарган чемпион сингари демократияни тарғиб қиляптику-я, лекин юқорида айтилган сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари устунлиги каби демократик қадриятларнинг ўз ҳудудида таъминланганлиги бўйича етакчилик қилмайди, дунё рейтингларида баланд ўринларда турмайди. Бундан ташқари, АҚШнинг 28 штатида ўлим жазоси қонунийлигича қолмоқда. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, Америка жамиятида ирқчилик муаммоси чуқур илдиз отганини “BLACK LIVES MATTER” ҳаракати дунёга намойиш этди. Кўриниб турибдики, демократия АҚШ қўлидаги бир “жозибадор” восита ҳисобланади.

Хитой-чи? Унда шундай катта таъсир кучига эга бўлган нима бор? Хитой дунёга қарз, инвестиция ва иқтисодий фаровонлик таклиф қиляпти. Лекин унда АҚШнинг либерализм каби ғояси йўқ. Конфуцийлик, даосизм ва маоизм эса кези келса хитойликларнинг ўзига ҳам қизиқ эмас. 2019 йилда Хитой юмшоқ куч – сиёсати, маданияти, брендлари, таълим тизими ва имижи каби омиллар орқали халқаро муносабатлар субъектлари яъни мамлакат ва ташкилотларга таъсир ўтказиш маҳоратидан фойдаланиш бўйича 27-ўринни эгаллаган. Кўриниб турибдики, бу борада АҚШга рақобат қилиш, дунё етакчисига айланиш, атрофига бошқа давлатларни жалб қила олиши учун Хитой ҳали ишлаши керак.

Хулоса ўрнида юқорида санаб ўтилган критериялар бўйича АҚШ ва Хитой натижаларига тўхталсак, кўриниб турибдки, “Самовий Империя” технологик ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича АҚШга анча яқинлашиб қолибди, лекин ҳарбий жиҳатдан ҳали ортда. Бироқ АҚШ элитар лойиҳанинг мавжудлиги, soft skill’ни қўллаш, жозибадорлик ҳамда халқаро майдонда иттифоқчи ва тарафдорларга эгалик борасида Хитойга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Мақоланинг 1-қисмини ўқиш учун: босинг.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 2.9
t
×