QALAMPIR.UZ суриштирувидан сўнг Пайариқда мактаб қуриладиган бўлди. Аммо...

Жамият 4168
image
-

Хабарингиз бор, сайтимизда “Турдимов ва Саидов диққатига: Пайариқда 300 га яқин бола сарсон бўлмоқда” номли мақола эълон қилинганди. Унда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани “Дўстлик” маҳалласида яшайдиган 300 га яқин бола учун мактаб йўқлиги, шунинг учун ўқувчилар 4 км наридаги мактабга қатнаётгани ҳақида сўз борган. Пайариқ тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 19 ноябрь куни туманга бириктирилган сектор раҳбари (вилоят прокурори), туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи ва халқ таълими вазирлигининг Қурилиш бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари, туман халқ таълими бўлими масъул ходимлари томонидан жойида ўрганилган.

Ўрганиш натижасига кўра, Пайариқ тумани “Дўстлик” маҳалласи Каттасой қишлоғида 336 нафар мактаб ўқувчилари мавжуд бўлиб, шундан 214 нафари Пайариқ туманидаги 30-сонли мактабга, 84 нафари Иштихон туманидаги 72-сонли мактабга, 38 нафари эса Иштихон туманидаги 91-сонли мактабга қатнаб таълим олади.

Мазкур қишлоқнинг энг чекка қисмидан 30-сонли мактабгача бўлган масофа 4 километрни, Иштихон туманидаги 72-сонли мактабнинг оралиқ масофаси 3-4 кмни, Иштихон туманидаги 91-сонли мактабнинг оралиқ масофаси 3,5-5 кмни ташкил қилади.

Қайд этилишича, Пайариқ туманидаги 30-сонли мактабнинг қуввати 460 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлишига қарамасдан бугунги кунда 906 нафар ўқувчи мазкур мактабда ўқияпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 130-сон Раёсат баёнига кўра 2022 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган мактабларнинг Манзилли рўйхати тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатга Пайариқ туманидаги Каттасой қишлоғида янги мактаб биноси қурилиши режалаштирилмаган.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур ҳудудга 330 ўринли янги замонавий мактаб биносини қуриш таклифи берилиб, 2022 йил қўшимча таклиф этиладиган Манзилли рўйхатга киритилиши белгиланди”, дейилади хабарда.

Вилоят мутасаддилари Каттасой қишлоғидаги аҳволни тезкорлик билан ўргангани таҳсинга лойиқ. Аммо шунга қарамай қурилиш ишлари қачон бошланиши ва болалар қачон 4 км узоқликдаги мактабга эмас, уйлари яқинидаги, қишлоғидаги таълим даргоҳига бориши номаълум қоляпти. Шунга қарамай, мутасаддиларнинг жойига чиқиб ўтказган текшируви натижаси протоколларда қолиб кетмаслигига умид қиламиз.

Шу ўринда, барчамизга маълумки, мактаб бир ё икки кунда қурилмайди, бунга бир неча ой вақт кетади. Остонада эса қиш. Демак, қурилиш зудлик билан бошланган тақдирда ҳам мактаб келаси йил баҳорга битказилса, дўппини осмонга отавериш керак. Ёғинли ва совуқ кунлар "эшик қоқиб" турган бир вақтда туман мутасаддилари Каттасой қишлоғидаги болалар учун автобус ташкил қилиши ва уларнинг йўлини қисқартириши мумкин, агар хоҳиш бўлса, албатта. Айтишадику, излаган имкон топар деб.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3.1
t
×