Ўзбекистонда аёлларга тазйиқ авж олганми? Рақамлар “сўзлаганда”

Жамият 2441

Сиз тазйиқ ёки зўравонликка учраганмисиз? Оила аъзоларингиз, атрофингиздаги танишларингиз-чи? Йўқ-ми?

Лекин Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида 29 541 та аёл зўравонлик қурбони бўлган ва уларга ҳимоя ордери берилган. Оиладаги можароларни ташқарига чиқармай деб, тазйиққа учраётганини яшириб юрганлар ҳам оз бўлмаса керак. Зўравонлик нафақат жабрланувчига, балки ота, фарзанд, ака-ука ёки опа-сингил, бутун жамиятга ва бизнинг узоқ муддатли келажагимизга ҳам таъсир қилади. Бу тўлқин кучайиб борар экан, тараққиёт ва ижтимоий хавфсизлик йўлидаги энг катта тўсиқлардан бирига айланиб қолиши мумкин. Зўравонлик қурбони бугун биз учун бегона, эртага эса қариндошимиз, онамиз ёки опамиз бир кун келиб эса ўзимиз ҳам бўлишимиз мумкин.

Ижтимоий тармоқлар ривожлангани сари оилада жамиятдаги аёлларга нисбатан бўлаётган ноҳақлик, зўравонликларни яшириш мураккаблашди, муаммолар сув устига қалқиб чиқди.

Аёлларга нисбатан қилинаётган жинсий ва жисмоний зўравонликлар бугун асосий муаммолар сирасига кириб улгурди. Уларнинг психологик, жинсий ва репродуктив саломатлигини асраш ҳукуматлар олдидаги муҳим вазифалардан бири. Аёлни ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқи, унга ҳам барча қатори эркинлик ва имкониятлар берилаётгани ҳақида кўп айтилади. Лекин ҳар қанча имконият берилмасин, гендер тенглик, аёллар ва уларнинг ҳар қайси ҳуқуқлари ҳақида бонг урмайлик, бугун уларга бўлаётган зўравонликлар камаймаяпти.

Аслида аёлларга нисбатан зўравонлик, тазйиқ ва таҳдидилар билан кураш бугун бошланмади. 1999 йил 25 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни деб эълон қилинган.

Халқаро Амнистия ташкилотининг баёнотида келтирилишича, бутун дунёда аёллар ҳуқуқлари учун кураш олиб борилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, ҳар куни Европадаги аёлларнинг 12-15 фоизи уйда зўравонликка дучор бўлишади.

Ўзбекистонда ҳам аёллар тазйиқ ва зўравонликдан азият чекаётгани тан олиниб, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кураш олиб бориляпти. Бунинг учун Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ҳам тузилган.

"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар аёлларни ҳимоя қилиш фақат оғизда бўлмай, бу қонун билан ҳам ҳимоя қилинганини кўрсатади. Бу қонунлар қабул қилинганига қарамай Ўзбекистонда кун сайин аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ортиб бормоқда. Авваллари бу ҳолат фақат оилада кўзга ташланган бўлса, бугун жамоатчилик ораси, иш жойида ҳам аёллар жабрланувчи бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида, 4 турдаги зўравонлик қайд этилган. Бу жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий зўравонликлар. Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда “тазйиқ” деган тушунча ҳам пайдо бўлди.

Дунё тажрибасида 1996 йилда пайдо бўлган, ҳозирги вақтга қадар 126 та давлатда таъсис этилган ҳимоя ордери 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун билан биргаликда Ўзбекистонда ҳам жорий қилинди.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаеванинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 2021 йил 9 ой давомида 29 541 та аёлга ҳимоя ордери берилган. Улардан 10 343 нафар аёл жисмоний, 146 та аёл иқтисодий, 13 940 нафар аёл руҳий зўравонлик ва 5353 нафар аёл тазйиққа учраган.

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда қайд этилган ажримлар сони ҳам аёлларга берилган ордерларга яқин. Январь-сентябрь ойларида республика бўйича 29 031 та ажрим ҳолатлари қайд этилган.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар ўзбек жамияти учун ҳам жиддий муаммога айланиб улгурган. Шундай экан аёлга бўладиган зўравонлик ёпиқ эшиклар ортида қолмаслиги, жамиятда, оилада ноҳақликка учраганлар, инсоний ҳуқуқлари топталганлар жим турмаслиги жуда муҳим.

25 ноябрь – “Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш” куни. Сиз аёлларга қарши тазйиққа қарши курашяпсизми?

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3.2
t
×