Саида Мирзиёева “Мендирман Жалолиддин” сериали қандай яратилганини айтиб берди (фоторепортаж)

Маданият-санъат 24306
4

Аввал хабар барганимиздек, бугун, 3 октябрь куни Tashkent city Конгресс-холида ўзбек ва турк киноижодкорлари томонидан суратга олинаётган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи қисми тақдимот маросими бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов, Президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева турмуш ўртоғи Отабек Умаров билан иштирок этди. 

Маросимда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёев, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайя Эр ва “Orient Finans Bank”бошқарув кенгаши раиси Бобур Парпиев нутқ сўзлади.

Мазкур фильм туркиялик продюсер Меҳмет Бўздоғ бошчилигидаги “Бўздоғ фильм” киностудияси томонидан суратга олинган бўлиб, лойиҳа Саида Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилган. 

Фильмда бош ролларни Эмре Кивилжим, Гуленай Калкан, Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова, Жаҳонгир Абдумаликов, Акмал Мирзо, Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов ижро этган.

Тақдимот  маросимида нутқ сўзлаган Саида Мирзиёева бу каби лойиҳани амалга оширишни бир неча йиллардан буён орзу қилганини, бунда эса Самарқанд шаҳри билан боғлиқ хотиралари алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. 

“Дадам Самарқанд вилоятининг хокими лавозимига тайинланиб, биз Жиззахдан Самаркандга кўчиб келганимизда, бу шахар менда кандай таассурот қолдирганини жуда яхши эслайман. Дадам озгина бўш вақт топдилар дегунча, бизга Самаркандни кўрсатардилар, тарихий обидалар билан таништирардилар ва буюк тарихий шахслар хақида сўзлаб берардилар. Бўш вақтимда тез-тез ўша қадимий масканларни зиёрат килиб, буюк қаҳрамонлар ҳаётини ўрганар эдим. Шоҳи Зинда, Бибихоним, Регистон майдонида юрар эканман, хаёлимда ўша тарихий даврларни тасаввур қилар эдим. Гўё атрофимда бир неча аср олдинги ҳаёт қайнаётгандек, сершовқин бозорлар, отларнинг кишнаши ва сарой саҳналари. Тасаввуримдаги ўша ажиб воқеалар хотирамда бир умрга муҳрланиб колган. Ва бир кун келиб имкони бўлиши биланоқ, ўтмишдаги буюк тарихий шахслар хақида бирон фильм тайёрланишига ўз ҳиссамни кўшаман, деган ният бўлар эди. Чунки фақат фильмлар орқалигина ўша манзарани тасвирлаб бериш мумкин, деб ўйлардим.  Бир сўз билан айтганда, менинг тарихга бўлган қизиқишим айнан Самарқанддан бошланган. 

Йиллар ўтиб, тақдир тақазоси билан мен Ўзбекистон имиджини хорижий давлатларда шакиллантириш, матбуот ва тарғибот ишларига маъсул бўлиб фаолият юритишни бошладим. Ва шу аснода бундан бир ярим йил олдин ҳозирги Маданият вазиримиз Озодбек Назарбеков, Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди сериалини турк ҳамкасблари билан суратга олиш таклифини берди. Албатта, биз бу ғояни қўллаб-қувватладик. Чунки ўзингиз яхши биласиз, афсуски, ўзбек миллий киночилигида тарихий шахслар, буюк алломаларимиз ҳаётига бағишланган сериаллар деярли йўқ даражада.  Сериаллар яратилиши эса нафақат тарихни ўрганиш, балки буюк боболаримиз ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини беради. Бундай сериаллар ҳар бир ўзбек миллати вакилида миллий ғурурни шакллантиради, ўзбек халқининг қаддини янада баланд кўтаради. 

Жараён бошланди. Orient Finans bank бу лойиҳани тўлиқ молиялаштиришга рози бўлди. Туркия ижодкорлари билан ҳамкорликда 30 гектарлик ерда суратга олиш майдонлари яратилди, Жалолиддин саройи, жанг майдонлари барпо этилди, ўша даврдаги миллий кийимларимиз, урф одат ва анъаналаримизнинг ҳар бир деталларига алоҳида ёндашув бўлди. Ўзбек ва турк актёрлари эса қиличбозлик, отта жанг қилишдан тортиб, то кунлик  жисмоний тайёргарликни ҳам ўтадилар. 

Ҳаммаси жуда яхши кетаётган эди, лекин бирданига пандемия балоси бизнинг ишга ҳам жиддий зарар келтирди. Карантин даврида суратга олиш ишлари режадан чиқиб кетди. Қанчадан қанча ижодкорлар Туркияда яшаб, ўша ерда сабр қилишига тўғри келди. Очиғини айтаман, мен бу лойиҳамиз бу йил якунланишига шубҳа қила бошладим. Лекин Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши, фидойи ижодкорларимизнинг саъй-ҳаракати билан мана бугун тақдимот кунигача ҳам етиб келдик. 

Бугун ушбу сериалнинг биринчи қисмини томоша қиласиз. Албатта, бу сериал турли баҳс, мунозара, балки танқидларга ҳам учрар. Биз бунга тайёрмиз. Биз фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар бир фикрни ҳурмат қиламиз. Ва нима бўлганида ҳам олдимизга қўйган ҳар бир режамизни охирига етказамиз. Бу лойиҳани ҳам уддалай олдик, деб ўйлайман”, дейди Саида Мирзиёева.

Сериал жами 13 қисмдан иборат бўлиб, у 2021 йилнинг январь ойида экран юзини кўради.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 378
Рейтинг: 3.1
t
×