11 яшар болани ким “ўлдирди“? Сўз шифокорларга

Интервью 20504

Охирги вақтларда шифокорларнинг беморларга бўлган муносабати, ўз ишига нисбатан садоқатсизлиги мавзуси билан боғлиқ ҳолатлар кун тартибида турибди. Шифокорлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, беморларни даволаётгани рост, лекин улар орасида оқ халатга доғ тушираётган ёки масъулиятсизлари ҳам йўқ эмас, десак тўғри бўлади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборотига таяниб, Тошкент вилоятида 11 яшар Муҳаммад Ўринбоев коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Бу мамлакатда коронавирусга чалинган болаларнинг вафоти билан боғлиқ илк ҳолат экани айтилганди. QALAMPIR.UZ Муҳаммад Ўринбоевнинг ота-онаси билан суҳбатда бўлгани ва болакайнинг ота-онаси шифокорлардан норозилиги ҳақидаги видеони эълон қилган эди

Воқеага бир томонлама ёндашмаслик, бу ҳақида тўлиқ маълумот олиш мақсадида Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмасига бориб, болакайни қабул қилган шифокорлар билан суҳбатда бўлдик. Муҳаммад Ўринбоевга нега COVID-19 ташхиси қўйилгани, унинг ҳолати аслида қандай бўлгани ва ота-онасининг норозилигига шифокорларнинг муносабати билан қизиқдик. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

Болани қабул қилган Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмаси педиатри Наталий Ускова болакай олиб келинганда қандай ҳолатда бўлгани ҳақида айтиб берди. 

“5 сентябрь куни соат 8:00 ларда болакай бурнидан кўп қон кетаётгани учун мурожаат қилинди. Унинг бурнига томпон қўйилди. Мени педиатр сифатида болага қараш, унга ёрдам бериш учун чақиришди. Назорат вақтида боланинг тана ҳарорати 38 даража эди. Нафас олиши жуда қийинлашиб, дақиқасига 52 мартани ташкил этаётганди. Сатурацияси ҳам 78 фоизга тушиб қолганди. Бу жуда ёмон кўрсаткич. Боланинг аҳволи оғир эди. Мен уни дарҳол рентгенга олиб бордим, ўпкаси текширилди. Рентгенда икки томонлама пневмония аниқланди. Ўпканинг тахминан 50 фоизи зарарланганди. Лекин биз аниқ коронавирус, деб айта олмасдик. Кейин мен маслаҳатлашиш учун инфекционист ва реаниматолог шифокорни чақирдим. Уларга болани тана ҳарорати, енгил ва қисқа йўтал, бурундан қон кетиши безовта қилаётганини айтдим. Бу бола аввал бизда даволанганди. У нефролог ва ҳудудий педиартнинг ҳисобида турган ҳамда кузатиб борилган.

Болакай гармонга боғланиб қолганди. Мунтазам равишда гармон оларди. Сўнгги вақтларда 6 та таблеткадан преднизолон қабул қиларди. Бизга мурожаат қилишган куни преднизолон дори воситасини истеъмол қилмаганди. Биз  учаламиз уни жамоа бўлиб текширдик, ренгген натижасини кўрдик ва коронавирус инфекцияси деб ўйладик. Аммо аниқ ташхис қўя олмадик. Бу ҳақда ўз раҳбариятимизга хабар қилдик. Раҳбарият вилоят билан гаплашди ва вазиятни тушунтирди. Биз бу болани қаерга ётқизиш мумкинлигини сўрадик. Бола реанимацион эди. Бизга Чирчиқдаги, 9-кичик тумандаги COVID марказига ётқизишимиз айтилди. Биз ўз тез ёрдам автомобилимизда болани COVID марказига юбордик. Боланинг тана ҳарорати юқори ва аҳволи оғир бўлгани учун биз унга Тана хароратини туширувчи дорилар ва гармон қилдик”, дейди Наталий Ускова

Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмаси Реанимация бўлими мудири Худоёр Дўсовнинг айтишича, боланинг аҳволи оғир бўлган. У шифохонага келганида иситмаси борлиги, нафас олиши қийинлиги яққол кўриниб турганини айтиб ўтди. Лекин болакайнинг ота-онаси берган баёнот шифокорларники билан мос келмаётгани сабабли Реанимация бўлими мудири Худоёр Дўсовга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Худоёр Дўсов, шифокор: — 5 сентябрь куни тахминан соат 9:00 лар атрофида мени Реанимация бўлимидан чақиришди. Оғир аҳволдаги бола келгани ва уни кўришим айтилди. Болани келиб кўрган вақтимда, уни бутун бадани шишган, тери ва шиллиқ қаватлари оч пушти рангда эди. Бола ҳансираган ҳолда эди. Унинг бурнига тампон қўйилган ва у тампон қон шимилган ҳолда қип-қизил бўлиб турганини айта оламан. Беморнинг ўпкасини эшитиш жараёнида унда нам хириллаш борлиги, эркин нафас олмаётгани сезилди. Болада оқ Акроцианоз белгилари бор эди. Зудлик билан боланинг қондаги кислород миқдори ўлчанганда, 65-60 % эканлиги аниқ бўлди. Болани зудлик билан сунъий нафас олиш аппаратига уладик. Бола ҳақида онасидан маълумот олиш жараёнида, унда чақалоқлик вақтидан Гломерулонефрит касаллиги борлиги, 2012 йилдан буён Тошкент давлат тиббиёт академияси нефрология бўлими, кейинчалик Чирчиқ шаҳридаги болалар тиббиёт бирлашмасининг нефрология бўлимида даволангани аниқланди. Бу гал бурнидан қон кетиб, ҳансираб Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмасининг қабулхонасига келган. Унда коронавирус касаллигининг белгилари аниқ яққол кўрингани, яъни қондаги кислород миқдори 60 дан ошмагани, ҳансираши 50-60 тага борганини ҳисобга олиб, дарҳол маъмуриятга маълумотларни тақдим этдик. Бизни раҳбарият вилоят ССБ билан боғланди. 1,5 соатлар оралиғида беморни Тез ёрдан машинасида Чирчиқ шаҳар COVID марказига юбордик. Лекин шуни аниқ айтаманки, боланинг аҳволи оғир эди

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Коронавирусга чалинган беморлар орасида ҳам бурундан қон кетиши кузатиладими?

Х.Д.: — Йўқ, бундай ҳолат коронавируснинг белгиси деб айта олмаймиз. 11 ёш бола деярли 2012 йилдан буён Гломерулонефрит билан касалланган, бурин қонашининг сабаби ДВС (диссеминированная внутрисосудистая свёртываемость) бўлиши мумкин. Бу қон томирни ичида қоннинг ивиш даражаси ортиб кетади. Иккинчи томондан COVID болани аҳволини оғирлаштирган, лекин болада ҳансираш борлиги, қондаги кислород миқдорининг пастлигига қараб коронавирус экканлигига гумон пайдо бўлиб зудлик билан COVID марказига юборишга қарор қилдик.

Ф.Н.: — Боладан анализ олмай туриб, шунчаки гумон билан уни Коронавирус билан касалланган беморлар даволанаётган шифохонага юбориш қанчалик тўғри?

Х.Д.: — Биз нафақат клиник белгиларига қараб балки, рентген натижасига қараб ҳам шу қарорга келдик. Рентген натижаси 50% ўпканинг зарарланишини кўрсатган эди. Боланинг натижалари аҳволига қараб унда кўпроқ коронавирус деб ўйлаб дарҳол COVID марказига юбордик.

Ф.Н.: — Болакайнинг ота-онаси билан суҳбатда бўлганимизда воқеа бўлишидан аввал болакайда ҳарорат бўлмаганини айтишди. Болани коронавирус деб айтсак ҳам шу кунгача у билан мулоқотда бўлган яқин қариндошлари ҳам коронавирус билан оғримаган.

Х.Д.: — Ҳозир ҳансираш ҳисобига сизда ёки бошқада коронавирус бор деб айта олмаймиз. Чунки кўп ҳолларда юрак етишмовчилиги натижасида ҳам ҳансираш бўлиши мумкин. Астма касаллиги билан оғриганларда, умуман нафас етишмовчилиги билан оғриганларда ҳам ҳансираш ҳоллари бўлади. Лекин шуни айтиш керак, болада ҳансираш ўзгача эди. Нафаси юзакилиги ва тез-тез нафас олгани айнан коронавирусда учраб туради.

Ф.Н.: — Болани рентген қилиш жараёнида уни футболкаси ечилмаган ва уни рентген қилиш жараёнида онасидан қоғоз тутиб туриш кераклигини айтишган. Бу қанчалик тўғри?

Х.Д.: — Қоғоз эмас плёнкада кассета бўлади шуни тутиб туриши айтилган бўлиши мумкин. Рентгенда ўзига яраша нурланиши бор, ходимларимиз ҳар куни рентген хонасига 10-20 маротаба киришади, уларни ҳам уйида болалари бор, бу вазиятда онаси ушлаб туриши тўғри деб ўйлайман.

Футболкани ечилмаганига келсак, Рентген аппаратимиз янги бўлганлиги сабабли, рентген учун кийим ҳалал бермайди деб айтсам тўғри бўлади.

Ф.Н.: — Болакайнинг отаси шифокорларнинг “тезроқ COVID деб ёзиб беринглар пул ишлаб оламиз” деган гапларини эшитган, бу қанчалик рост ва умуман бир беморни коронавирус бўлиб COVID марказига кетишидан шифокорлар қанчалик манфаатдор?

Х.Д.: — Ҳеч қайси ходим кимнидир бесабаб COVID деб ёзиб, у марказга юборишдан манфаатдор эмас, бу учун қўшимча маош олмайди. Ким қандай талқин қилганини билмайман, лекин  бу нотўғри.

Ф.Н.: — Агар рентгенда 50% пневмония аниқланса, бу COVID-19 деганими?

Х.Д.: — Доим ҳам эмас. Рентгенограммада Матовое стекло деган тушунча бор – ўпканинг чегаралари ноаниқ ёйилган, ҳаттоки қовурғаларни суръати тиниқ бўлмайди. Бу ҳам СOVID’нинг белгиси ҳисобланади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 544
Рейтинг: 2.9
t
×