18+ "Sevimli” телеканалидаги сериалнинг беҳаё лавҳалари ортидан текширув бошланди

Жамият 81011
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Sevimli” телеканалида эфирга узатилган сериаллардан бирида ахлоқсиз саҳналар эфирга узатилгани ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Расмий ахборотда шундай дейилади:

"Sevimli” телеканали орқали миллий сериал намойиш этиш чоғида ахлоқсизлик саҳналари мавжудлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллар жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан текширув ишлари Агентлик томонидан назоратга олиниб, экспертиза тайинланди.

Экспертиза натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”.

Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат "Sevimli” телеканали билан биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. 2018 йилда ҳам канал порнографик саҳналари мавжуд фильмини эфирга узатгани учун огоҳлантирилганди. 

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида 2018 йилнинг 27 июль куни ўтган йиғилишда “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган “Sevimli” ва “STV” телеканаллари мониторингида бир қатор қонун талаблари бузилгани айтилганди. 

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Sevimli” телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 21:10 да  эфирга узатилган “Ҳурлиқо” (“I feel pretty”) бадиий фильмининг 45-дақиқасида порнографик мазмундаги саҳна мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, ушбу телеканалда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёзишмалар, матнида ҳаёсизликни ташвиқот қилувчи жумлалар мавжуд хорижий қўшиқлар намойиш этилгани кузатилган.
 
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “STV” телеканали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17 да ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи “Sausage party” номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Жумладан, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган.
 
Шунингдек, мазкур телеканал орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45 да хорижнинг “Я легенда” фильми эфирга узатилган. Мазкур фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. Сюжетида томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати”га киритилган.
 
Телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 5-моддаси, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.
 
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги “STV” телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди. “Sevimli” телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 0
Рейтинг: 3
t
×