Абдукарим Мирзаев озод қилинди

Жамият 11894
image

Бир муддат аввал, Туркияда қамоққа олинган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев озод қилинди. У Истанбул Иммиграция идорасининг Чет элликларни депортация қилиш марказидан қўйиб юборилган. 

Ҳозирда Абдукарим Мирзаев ўз уйида, оиласи бағридалиги айтилмоқда. Журналист тез орада жонли эфирга чиқиб, бўлиб ўтган воқеалар юзасидан ўз муносабатини билдириб, мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинганди.

Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлади.

10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ярим оқшомда зирҳли автомобилларда қуролланган ва ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказишган. Улар уйдан ҳеч қандай шубҳали нарса топа олмаган ва қўшнилар гувоҳлигида ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетган.

Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Абдукарим Мирзаевнинг ҳибсланиши Ўзбекистоннинг сўрови асосида бўлмагани, мамлакатда унга нисбатан жиноий иш очилмаганини маълум қилди. Ҳозиргача Ташқи ишлар вазирлиги, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳолат бўйича расмий баёнот берганича йўқ. 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 646
Рейтинг: 3
t
×