АҚШ иқтисодиёти хавфли ҳудудда. Давлат қарзи чегарадан ўтиб кетди

Таҳлил 9083
image

Aмерика Қўшма Штатларида қарз олишга қўйилган чеклов муддати тугади. Давлат қарзи чегараси 22 триллион долларга тенг, AҚШнинг умумий қарзи эса айни пайтда 28,5 трлн долларни ташкил қилади. Бу дегани, мамлакатнинг иқтисодиёти дефолт хавфи остида турибди. 

Қайд этилишича, энди AҚШ ҳукумати янги давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш орқали қарзини кўпайтира олмайди. Улар фақат қайтариладиган қимматли қоғозларни қайта молиялаштириши мумкин. Молия вазирлиги облигациялар сота олмайди. 

AҚШ Конгресси қарз чегарасини ошириш ёки қарз олишга қўйилган чеклов муддатини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. “Bloomberg” экспертларининг фикрича, мамлакат Молия вазирлиги, энди фақат ҳисобларидаги 450 миллиард долларлик қолдиқларга ва режалаштирилган бюджет харажатларини камайтирган ҳолда келадиган тушумга таяниши, шунингдек молиялаштириш учун "шошилинч чоралар" кўриши мумкин. 

2021 йил 30 июлдан бошлаб Молия вазирлиги махсус чоралар кўришни бошлади. Масалан, энди бир қатор махсус қимматли қоғозлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиб, қарз лимити ҳисобланмайдиган баъзи қарз воситаларидан фойдаланмоқчи.

Экспертларнинг фикрича, агар ноябрь ойигача давлат қарзининг чегарасини ошириш ёки унинг ўсишини тўхтатиш мумкин бўлмаса, AҚШ одатдаги қарз мажбуриятларини бажара олмайди ва давлат иқтисодиёти қимматли қоғозлари дефолтига юз тутади.

Маълумот ўрнида, АҚШнинг қарзи 2021 йил март ойининг охирида – 28 трлн долларни, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 101 фоизини ташкил қилди ва ўсишда давом этмоқда. Aйни дамда унинг миқдори – 28,5 трлн доллар. Бундай улкан қарз AҚШ тарихида фақат бир маротаба – Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳосил бўлган эди. 1946 йилда AҚШ қарзи ЯИМнинг 106 фоизини ташкил қилган.

Aлбатта, пандемия харажатлари Вашингтон бюджетига таъсир қилмасдан қолмади. 2020 йилда бюджет дефицити 3 бараварга ошиб 3,1 трлн долларни ташкил қилди. Қарзни қоплаш учун эса яна облигация чиқариш керак бўлди.

Хориж оммавий ахборот воситаларида келтирилишича, кредиторлар сўнгги вақтларда AҚШ ҳукуматининг тўлаш қобилиятини тобора тез-тез шубҳа остига қўйишмоқда. Бироз олдин америкалик миллиардерлардан бири, дунёдаги энг йирик xеж-фонди “Bridgewater Associates” асосчиси Рей Далио уч каррали дефицит - бюджет, савдо баланси ва жорий операциялар дефицитини келтириб чиқариши мумкинлигини ва бу хорижий инвесторларни бутунлай қўрқитиб юбориши, оқибатда облигациялар даромадларининг ошиши ва долларнинг кескин қулашига олиб келиши мумкин. Бу эса ҳақиқий молиявий инқироз бўлади. Унинг масштаби нафақат 2008 йилдаги “кризис” балки 1930 йиллардаги “Буюк депрессияга” тенг бўлиши мумкин.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 250
Рейтинг: 2.9
t
×