Алишер Шодмонов коронавирусдан осон қутулиш йўлини айтди

Саломатлик 37538
image

Коронавирус инфекциясидан тезда даволанишнинг осон йўли соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Сирдарё вилоятининг Оқолтин туман ҳокимлигида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашувда шундай фикр билдирди. 

Учрашув давомида вазир соғлом турмуш тарзининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди.

"Коронавирус инфекцияси кишиларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф солаётган бир пайтда ҳаммани вирусдан зарарланганда қандай қилиб ундан тез ва осон қутулиш мумкин, деган савол қийнамоқда. Муаммонинг ягона ва энг самарали ечими соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Бу нафақат вирусдан ҳимояланиш, балки узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг ҳам энг асосий қоидаси, талаби ҳисобланади. Касалликнинг кучли асоратлари ва ўлим ҳолатлари асосан юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари бўлган ёки ортиқча вазнга эга бўлган, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган, камҳаракат инсонларда учрамоқда. Шуни унутмаслигимиз керакки, касалликнинг енгил кечиши ёшга боғлиқ эмас, катта ёшда бўлса ҳам тўғри овқатланадиган, жисмоний фаол бўлган, семизлиги ва диабети бўлмаган инсонларда касаллик анча енгил кечади", дейди Алишер Шодмонов.

Қайд этилишича, соғлом турмуш тарзининг асоси — жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишдир.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон кунига 5-7 километр юрса, қон томир касалликлари, юрак хуружи, инсульт каби ҳасталиклардан бутунлай йироқ бўлади. Ортиқча вазн эса, касалликлар уясидир. 

Сўнгги маълумотларга кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 62 минг 175 нафарни ташкил этмоқда. Соғайиш кўрсаткичи 95 фоиз.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1454
Рейтинг: 3
Теглар
t
×