Андижон воқеаларига 15 йил: Водийни титратган тун ҳақиқатлари

Таҳлил 84398
614f9e36a285ea315135a8f7d04cf8df

Мустақил Ўзбекистон тарихида йирик давлат тўнтаришига уриниш – теракт дея баҳоланган Андижон воқеалари содир этилганига бугун, 13 май куни 15 йил тўлди. Шу боис воқеалар хронологияси назар ташлашни маъқул топдик. 

Азалдан олтин водий номи билан машҳур бўлган Фарғона водийси қадимий Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида, Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган. Олтин водий дейилишига сабаб бу минтақанинг нафақат ер усти ва ер ости бойликлари билан тўлиб тошгани, балки бу ерда ўта тинчликпарвар ва бағрикенг одамлар, бир сўз билан айтганда, олтин қалб эгалари яшаши билан ҳам боғлиқ.

Асосий қисми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган олтин водий ҳамиша дунёнинг диққат марказида бўлиб келган. Бу минтақага эътибор қаратганлар орасида эса катта геостратегик ва сиёсий мақсад-манфаатлар илинжида юрганлар ҳам бор. Айрим катта давлатларнинг Марказий Осиёни ўзига қарам қилиш йўлидаги интилишлари энг аввало ушбу минтақанинг энг асосий давлати бўлган Ўзбекистонни тизгинлаб олишга қаратилган. Шунинг учун ҳам 2005 йилнинг май ойи ўрталарида Фарғона водийсининг юраги саналган Андижон шаҳрида ташқи кучларнинг режиссёрлиги остида Марказий Осиёдаги энг кучли қонуний конституцион тизимни ағдаришга қаратилган ҳаракатлар театри бошланди. 

2005 йилнинг 12 майдан 13 майга ўтар кечаси. Соат 01:45 да Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов мамлакат олий бош қўмондони, Президент Ислом Каримовга телефон қилиб, Андижон шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этилаётгани ҳақида хабар беради. Хусусан, бир гуруҳ жиноятчилар Андижон шаҳридаги соқчи-патруль хизмати, ҳарбий қисм ҳамда қамоқхона ҳудудига ҳужум қилганини, айни пайтда улар шаҳар бўйлаб қатор террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётганини маълум қилади. 

13 май, эрталаб соат 07:00. Президент Ислом Каримов ўтирган самолёт Тошкентдан Андижонга учиб кетади. 

Соат 07:30. Андижонга етиб келган Президент Каримов зудлик билан штаб тузади. Штаб олдига мавжуд вазиятни аниқлаб, уни тинч йўл билан бартараф этиш, гаровдагиларни озод қилиш, андижонликлар осойишталигини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилади. 

Кейин Андижон шаҳар фаоллари, маҳалла оқсақоллари ва кайвони аёллардан иборат жамоатчилик вакиллари ҳам штабга таклиф этилди. 14 май куни Ислом Каримов раҳбарлигида штаб йиғилиши бўлиб ўтди. 

“Авваламбор, сизлар билан маслаҳат қилиб чора-тадбирларни кўзда тутиб, ундан кейин шу чора-тадбирларни амалга оширишга киришишни маъқул топдим. Жуда катта урғу бериб шуни айтмоқчиман: шаҳарда ким яшайди? Шаҳарда халқ яшайди, аҳоли яшайди. Шу аҳолининг орзу-ниятлари, кайфиятини, бўлган воқеаларга уларнинг муносабатини билмасдан туриб, қандай чора-тадбирлар кўришимиз мумкин? Минглаб ҳарбийлар, минглаб аскарларни олиб келсанг ҳам, улар ҳеч нарса қилолмайди, агарки, Андижон заминида яшайдиган одамлар, аҳоли, кайвонилар, маҳалла оқсақоллари, қариялар, фахрийларнинг фикрини билмасак. Улар бундай хунук ва нохуш воқеаларга қандай қараяпти, кайфияти қандай, муносабати қандай? Шунга суяниб, шунга таяниб кейин чора-тадбирларни кўрамиз”, деган эди марҳум Ислом Каримов. 

Ўзбекистон Ҳукумати бирор қарор қабул қилишдан аввал уни жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашишни маъқул топган бўлса, террорчиларнинг ҳаракатида бунинг акси кузатилди. Улар барча ишни аввал бошданоқ террордан, портлатиш ва ёндиришдан, одам ўлдириш ва халқ юрагига ваҳима солишдан бошлади. 

Андижондаги воқеаларни бошлаб берган террорчилар дастлаб 12 май куни 23:45 да Андижон шаҳридаги соқчи-патруль хизмати ҳудудига ҳужум қилишди. Соқчилик қилаётган тўрт нафар ички ишлар ходимини ўлдириб, қурол-яроқ омборини бузишди ва ўнлаб автоматлар, тўппонча, граната ва бошқа қуролларни қўлга киритишди. 

Орадан бир соат ўтгач, қуролларни кўпайтириб, сафларини кенгайтириб олган жиноятчилар тўдаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли 34-ҳарбий қисм ҳудудида пайдо бўлади. Бу ерда ҳам жиноятчилар томонидан 4-5 соқчи ўлдирилиб, кўплаб қурол-яроқлар ўғриланади. 

Шундан сўнг, жиноий тўда тезкорлик билан ЗИЛ-130 юк автомобили ва бир қатор енгил автомобилларда тергов изолятори, яъни Андижон шаҳрида жойлашган қамоқхона томон йўл оладилар. Қамоқхона эшигини ЗИЛ автомобили ёрдамида бузиб, ичкарига кирадилар ва 600 га яқин маҳбусларни, шу жумладан 23 нафар “Акромийлар” ва шу қамоқхонада сақланаётган ўта хавфли рецидивистларни чиқариб юборишади.  

“Эшиклар бузилиб, тақиллаётгани эшитилди. Қий-чувлар бошланиб кетди, одамларнинг овози эшитиляпти. Камераларнинг эшигини ҳам буза бошлашди. Бизни камерани эшигини рус миллатига мансуб бўлган, ёши 30 лар атрофидаги йигит бузиб очди. Қуролланган икки йигит “ҳамма ташқарига чиқсин, ҳамма озод” деб бизни ташқарига чиқишимизни буюрди. “Чиқмаганларни отиб ташлайсан, ҳеч ким қолмасин бу ерда”, деди бири иккинчисига. Кўчага чиқсак одам тўлиб ётибди. Ким қаерга боришни, нима қилишни билмайди. “Дарвоза томонга қараб юринглар” бер буйруқ беришди. Дарвоза ёнига чиққанимизда у қулаб ётган эди. Ёнида эса икки милиция ходими ўлиб ётарди. Ҳама жой қон, ўтиб бўлмасди. Бизни ҳокимият тарафга олиб боришди. Қуролланган йигитлар ўша ерни ўраб олди. Биз кетамиз, дедик. Ҳеч ким кетмайди, ҳамма шу ерда қолади дейишди. Ўша маҳал дарахтнинг панасига ўтиб, қамоқхона кийимларини ечдик ва келган йўлимизга қараб қочдик”, дейди маҳбус Баҳодир Қурбонов. 

“Бизга ҳокимият томонга борасан, деб айтишди. Йўлда кетаётганимизда ёнимизда яна автоматли йигитлар пайдо бўлди. Кейин билдимки, ҳокимиятгача коридор қилинган. 50 метр юрганимиздан кейин қамоқхона тарафдан автомат овозлар эшитилди. Ўша вақт ёнимдаги қуролли йигит ортига ўгирилиб, телефонида гаплашди. Мен эса ўзимдан ёш яна иккита маҳбусни олиб, Андижон гўшт комбинати ёнидаги корхонага кириб, қоровулини уйғотдик ва соат 04:00 гача ўша ерда яшириниб ўтирдик. Ўшанда мен бир нарсага аҳамият бердим. Уларнинг туришларидан, автомат тутишларидан тайёргарлик кўргани сезиларди. Уларнинг коридор қилишлари, ҳар 10 метрда қурол билан туришлари аввалдан режа тузгани ва машқ қилганини кўрсатди”, дейди яна бир маҳбус Адҳам Тожибоев. 

Эътибор беринг, жиноятчилар тўдасининг жуда яхши ҳарбий тайёргарлик кўрган йигитлар эканини, ҳатто, маҳбуслар ҳам бир қарашдаёқ англаган. Уларнинг ўта аниқлик ва тезкорлик билан амалга оширган биринчи ҳаракатлари эса Андижон воқеалари олдиндан пухта ўйланган режа асосида содир этилганини ва бу ҳаракатларни мутлақо тинч намойишлар сирасига қўшиб бўлмаслигини кўрсатиб турибди. Лекин ўша кунлари халқаро оммавий ахборот воситаларида бу воқеалар очиқ ва тўғри баён этилмади. Ҳатто, айрим журналистлар мавжуд ҳолатни нотўғри талқин қилдилар. Улар террорчилар томонидан амалга оширилган босқинчилик, вайронкорлик ишларидан кўз юмган ҳолда автомат ва тўппончалар, портловчи ва ёндирувчи мосламалар билан қуролланган жиноий гуруҳни тинч намойишчилар деб исботлашга уринди. 

Андижон воқеаларини содир этганлар ўша куни ўз хатти-ҳаракатларини 23 нафар “Акромийлар”ни ноҳақ қамашгани учун бош кўтардик, деб баҳолашга уринади. Ваҳоланки, “Акромийлик” деб аталиш диний-экстремистик оқим аъзолари бўлган ўша 23 нафар шахс устидан олиб борилаётган суд ҳали ўз ишини якунламаган, уларга нисбатан қандай чора қўлланилишини ҳали ҳеч ким билмас эди. 

Бунинг устига Андижон воқеаларини содир этганлар “Акромийлар”ни қамоқдан қочириш билан чекланиб қолмадилар. Энди улар бир йўла 3 объектга – Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги биноларига ҳужум қилдилар. Мақсад – мавжуд конституцион тузумни ағдариб, ўз ҳокимиятини ўрнатиш эди. Улар вилоят ҳокимлиги биносини ишғол қилдилар-у лекин ҳар қанча уринишмасин, Ички ишлар ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати бошқармалари биноларини эгаллай олмадилар. 

Ички ишлар ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати бошқармалари биноларида ниятига етолмаган аламзада террорчилар шаҳар бўйлаб ваҳшийлик ва вайронкорлик ҳаракатларини амалга ошира бошлади. Йўриғига юрмаган одамларни урдилар, автомобилларни ёқдилар. Шаҳардаги театр биноси, Аббос Бакиров номли кинотеатрга ўт қўйилди. 

Террорчилар вилоят ҳокимлиги биносини тўлиқ ишғол қилгач, энг аввало ўз яқинларига қўнғироқ қилиб, уларни ҳокимлик олдига тўплай бошладилар. Асосан аёллар ва болалардан иборат бўлган қариндошлар ҳокимлик ичкарисидаги террорчилар учун жонли девор бўлиб хизмат қилишлари кўзда тутилган эди. Бу ерга олиб келадиган йўлларга эса одамлардан тортиб олинган машиналарни териб, ёқиб юборишди. 

“Биздаги маълумотлар шуни кўрсатадики, улар Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятларига ва ҳатто Афғонистонга қўнғироқ қилган. Яъни улар ўз ҳомийларига, ушбу ишларни ташкил қилган, ёрдам ва кўмак берган хўжайинларига телефон қилиб, ахборот беради: мана шундай ишлар бўлди, биз ғалаба қозондик... Бу қўнғироқларни бизнинг одамларимиз эшитган ва ёзиб олган”, деган эди ўша вақтдаги матбуот анжуманида Ислом Каримов. 

Ҳокимлик биноси атрофидаги ҳар бир дарахт тагида, арчалару гулзорларга ўрнашиб олган террорчилар навбатдаги вайронкорлик ва ваҳшийлик учун, янги ҳужум ёки ҳимоя учун пухта тайёрланишар, шиша идишларга бензин қуйиб, портловчи ва ёндирувчи мосламалар тайёрлашарди. Муайян бир гуруҳ эса теварак атрофдан одамларни тўхтовсиз ушлаб келар, уриб-туртиб ҳокимият ичкарисига олиб кириб кетарди. Эътиборли жиҳати шундаки, террорчилар томонидан гаровга олинаётганлар ҳам тасодифий эмас, асосан Андижон вилоятининг бошқарув ва суд органларида ишлаган ёки ишлаётганлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда вилоят фаоллари бўлиб, уларнинг аксарияти ярим тунда вилоят ҳокимлиги биносига алдов йўли билан чақириб олинган ёки кейинроқ зўрлаб олиб келинган. 

Қўлга олинганлар шунчаки гаровда ушлаб турилгани йўқ. Аксинча, уларнинг бошига террорчилар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азобларни солган. Гаровдагиларнинг кўплари ваҳшийликлар қурбонига айланган. Баъзиларини эса шунчаки отиб ташлашган. Андижон шаҳар прокурори Ғанижон Абдураҳимов ҳам ана шундай қийноқлар қурбони бўлади. 

Террорчилар томонидан шунга ўхшаш қатор ваҳшийликлар амалга оширилаётган бўлса-да Ислом Каримов раҳбарлигидаги штаб аъзолари масалани имкон қадар тинч йўл билан ҳал этиш, беҳуда қон тўкилиши ва ортиқча вайронкорликларнинг олдини олиш мақсадида тинч музокараларга киришди. 

“Бўлар иш бўлди, қилганингизни қилдингиз. Ниятингизга етдингиз, лекин сизларга қаттиқ айтадиган бир гапимиз, шартимиз, керак бўлса таклифимиз шу: бошингиздан бир тола сочингиз тушмайди, ҳеч ким сизларга зарар бермайди. Хоҳласангиз қуролни топширинглар, хоҳламасангиз қуролни топширмасдан мана уч-тўртта автобус, шу автобусларга жойлашиб, хоҳлаган жойингизга боринглар. Такрор айтаман, сизларга ҳеч ким тегмайди. Бу Президентнинг ваъдаси”, деган эди Ислом Каримов. 

Бу таклиф ва умуман 13 май эрталабдан то соат 18:00 га қадар олиб борилган музокаралар, афсуски, кутилган натижани бермади. Террорчилар илгари сурилган таклифларнинг барчасини инкор этгани ҳолда Ҳукумат олдига мутлақо бажариб бўлмас талабларни қўйдилар. Хусусан улар аввалига мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган 6 нафар раҳнамоларининг озод этилишини талаб қилишди. Кейин бу рўйхат яна кенгайди. Улар сўраган одамлар конституцион тизимни ағдариш мақсадида республика ҳудудида амалга оширилган аввалги террористик ҳаракатларда фаол қатнашган кимсалар бўлиб, уларни озодликка чиқариш юрт осойишталигини янада каттароқ хавф остига қўйиши мумкин эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2753
Рейтинг: 2.9
t
×