“Аввалгиларга ўхшамас” ёхуд ўзбек футболи учун жавобгарлар нега истеъфога чиқмади?

Спорт 29386
image

Жорий йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Футбол ассоциацияси конгрессида билдирилган фикрлар шуни кўрсатдики, бугунги ўзбек футболидан нафақат мухлисларнинг, балки мансабдорларнинг ҳам кўнгли аллақачон қолган. Миллий терма жамоанинг натижасидан табиийки, ҳеч ким қониқмаган. 

Конгрессда ДХХ раиси – ЎФА президенти Абдусалом Азизов ўзбек футболидаги доимий услуб, мураббийлар масаласи ва муаммолар ҳақида гапирди. Бироқ, бошқарувга асосий масъул, вице-президент Равшан Эрматов эса, ЎФA томонидан қилинган ишлар тўғрисида баёнот билан таништирди холос.

МТЖ бош мураббийи Вадим Абрамов бош эгиб, мағлубиятдан афсусда эканини айтди. У кутилганидек, истеъфога чиқарилди. Аслида Абрамовнинг истеъфоси Ўзбекистон учун янгилик эмас. 

Замонавий ўзбек футболининг фавқулодда моҳир ўйинчиси Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлашини эълон қилиб, кетар олди сўнгги сўзини айтди. У раҳбарият ва мухлислар эътиборини асосий ва азалий муаммо – болалар футболига қаратди. “Асосий катта муаммоларимиздан бири – болалар футболини тўғри йўлга қўймаганимизда”, деди Аҳмедов. Бу гап унинг бўғзидан вулқондек отилиб чиққани ва муаммолар ҳақида гапиришга ҳамиша ҳам имкон топа олмаслиги сезилиб турарди. 

Азиз Ҳайдаров футбол оммасидан узр сўради ва миллий терма жамоа ҳеч қачон тактик жиҳатдан кучли бўлмаганини тан олди. Бироқ, ҳозир узр сўрашнинг ўрни эмас: поезд аллақачон кетиб бўлди ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна Жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Бунга эса Ҳожибой Тожибоев таъбири билан “чиқолмайдиям-да”, деб таъриф бериш ўта оғриқли ва камситиш оҳангида бўлмаса керак. 

Табиийки, бир қанча саволлар юзага чиқади

Энди эса бир неча кундан буён жумбоқ бўлиб турган саволларни ўртага ташласак. Одатда жамоатчилик ташкилотлари, жумладан ЎФАни ҳам тўғридан тўғри биринчи ўринбосар бошқаради. Бу ўйинга ҳакамлик қилишдан анча мураккаб иш, албатта. Шунга қарамай, бундай масъулиятли вазифа халқаро даражадаги ҳакам Равшан Эрматовга юклатилганди. ЎФАга келгунча аллақачон таниқли компанияларнинг юзига айланган, рекламаларда кўриниш берган Эрматов Саудияда “қўлга киритилган” мағлубиятдан кейин трибунага чиқиб, вазиятга тушунтириш бермаганини қандай баҳолаш мумкин? Ҳар ҳолда МТЖ энг ишонилган мутахассис раҳбарлиги даврида ЖЧдан қуруқ қолди. 

Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида қандай ишлар амалга оширилди? Футболга ажратилаётган маблағлар орқали маош олаётган бош мураббий қандай фаолият олиб борганини ким назорат қилди? МТЖнинг жаҳон чемпионатига чиқа олмаслиги аслида Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги алмашинувлар  ва улар йўл қўйган хатолар сабаб содир бўлмадими? Биз энг охирида, ўйин натижасига ва голлар ҳисобига қараб баҳо берамиз. Толиққан, шармандаликдан юзлари қизарган футболчиларга қулоқ тутилдими? Нега уларга сўз берилмади? 

Қолаверса, хорижда ана шундай ҳолат рўй берса, бутун бир раҳбарият истеъфо беради, узр сўрайди. Бизда нега узр-маъзур Абрамов ва Аҳмедов билан якун топди? Бошқалар-чи? Нега бошқаларнинг хатоси учун ЎФА раиси баёнот бериши керак? Ана шундай саволлар бизни ҳар томонлама ўйлашга ундайди. 

Футбол ва ЖЧ орзуси

Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистонда футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш ҳамон орзу. 30 ёшида футболга мухлислик қилишни бошлаганлар 60 га кирди. Ҳамон умид қилади, кутади, ўйинни қолдирмай кўради ва якунда сўкиб телевизорни ўчиради. 

Албатта, 30 йиллик тарихда футболимиз умуман ўзгаришсиз қолгани йўқ. Бу эса кўпроқ ўша даврдаги раҳбарлар билан боғлиқ жараён эди. Узоқ йиллар давомида футболни ривожлантириш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. 1994 йилга келиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларида ғалаба қозонди.  

Шундан сўнг, халқаро майдоларда Ўзбекистон МТЖ яхши натижалар кўрсата олмади. 2000 йилда Ливанда ўтган Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида Японияга 1:8 ҳисобида мағлуб бўлган терма жамоамиз тарихдаги энг йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.

Ўзбек футболи инқирозга юз тутаётган бир пайтда Мираброр Усмонов Ўзбекистон футбол федерацияси президенти лавозимига тайинланди ва аста-секин натижалар яхшилана бошлади. Ҳар бир ёш тоифасида жамоалар шакллантириб борилди. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамолари Осиё чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлди. 

Ўша вақтларда спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган ва ҳозирда Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган ЎФАнинг собиқ маслаҳатчиси Санъат Шарипов  Мираброр Усмоновнинг атрофида футболнинг эмас, балки ўзининг манфаатини кўпроқ ўйлайдиган одамлар ишлагани ҳақида QALAMPIR.UZ нашрига интервью берди. 

“Уларнинг кимлигини айтиш шарт эмас. Молиявий томондан барча шароитлар яратиб берилган бўлса-да, Усмоновнинг ёнидаги инсонлар у кутган натижани бера олмади. Ажратилган пуллар футболни ривожлантириш учун эмас, кимларнингдир шахсий юмушлари учун ишлатилди.

Ҳаттоки, терма жамоанинг ҳорижий йиғинлари вақтида оила аъзолари билан саёҳат учун борганлар ҳам бўлди. Менимча, [Усмоновнинг – таҳр.] маслаҳатчилари, лавозимга кимларни тайинлаш борасида тўғри тавсия бера олишмади. Терма жамоага мураббийлар тайинлаш ҳам шошиб амалга оширилган кўринади. Сабаби оддий: Мираброр Зуфарович давлат арбоби ва давлат хизматидаги шахс эди. У ишонган одамлар футболнинг орқага қараб кетишига сабабчи бўлди.

Мираброр Усмонов даврида халқаро алоқалар ҳам яхши йўлга қўйилди. ФИФА ва ОФК қўмиталарида ЎФФнинг бир қанча ходимлари фаолият юритишди. Бу халқаро алоқаларда Ўзбекистон имижи шакилланаётганидан далолат эди. Бу инсоннинг Осиё футболида ҳам ўрни бор эди”, дейди Шарипов.

2012 йилда ҳалол ўйин учун тақдим этилувчи FIFA Fair Play соврини Ўзбекистон футбол федерациясига топширилди. 

Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси

Мираброр Усмонов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда ўтказилган 2010 йилги Осиё чемпионатида финалга қадар етиб борди ва финалда КХДРга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди. 2012 йилда Эрон мезбонлик қилган қитъа биринчилиги том маънода ўзбек футболининг Осиё миқёсида етакчи эканлигини кўрсатди, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси барча рақибларни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. 

2011 йилнда Мексикада ўтган жаҳон чемпионатининг чорак финалида Уругвайга имконият бой берилди. Тошкентда тантанали равишда кутиб олинган футболчиларнинг 13 нафари ҳамда бош мураббий Алексей Евстафеев ва катта мураббий Аҳмаджон Мусаевга автомобиллар совға қилинган эди. Ўша вақтда ўзбек футболининг умиди сифатида қаралган футболчиларни бугун эслолмаймиз ҳам. 

2013 йил БАА мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида Гондурас вакилларимизнинг юришларига якун ясади.

2008 йилда Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси финалга қадар етиб борди ва Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига мағлуб бўлди. 2012 йил БАА мезбонлик қилган қитъа биринчилигида бронза медалини қўлга киритган вакилларимиз, 2014 йилда Мьянма давлатида ўтган турнир якунида ҳам худди шу натижани такрорлашди. 

Жаҳон чемпионатларидаги иштирок ҳам чакки бўлмади. Ўзбекистон ЁТЖ 2009 йил Мисрда ўтказилган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида бир очко тўплаб, ўз юришини якунлади. 2013 йилда Туркия мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионати чорак финалида мусобақа ғолиблигини қўлга киритган Францияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Янги Зеландияда ўтган 2015 йилги жаҳон чемпионатида ҳам чорак финалга қадар етиб борди.

Айнан ёшлар жамоаларидан етишиб чиққан Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Қувватов, Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Игор Сергеев, Жамшид Искандеров каби чарм тўп усталари Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ўзларини кўрсата олишди.

Лекин ўчмирлар ва ёшлар жамоалари таркибидаги футболчиларнинг аксарияти МТЖга қадар бўлган йўлда “йўқолиб қолди”. Яъни ёшлар футболи ва миллий жамоани боғловчи кўприк умуман ишламади. Темур Ҳакимов, Далатбек Ёрбеков, Аббосбек Махситалиев, Акобир Тўраев, Асилбек Омонов, Максимилиан Фомин, Сарвар Каримов каби футболчилар шулар жумласидан.

Узоқ йиллар ўзбек спорт журналистикасида меҳнат қилган устоз шарҳловши Мирзаҳаким Тўхтамирзаев QALAMPIR.UZ журналисти билан бўлган суҳбатда ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоаларини шакллантириш ҳам тизимли йўлга қўйилмаганлигини таъкидлади.

“Омадимиз чопса, муваффаққиятга эришамиз, холос. Мунтазам равишда қитъа мусобақаларида совриндорлар қаторидан жой олмаганмиз. Ёшлар ва МТЖ мураббийлари услуб, тактика ва стратегия бир хил бўлиши учун доимий алоқада бўлишлари керак. Ана шунда ҳеч бўлмаганда битта терма жамоадан камида 3-4 та юлдуз футболчилар етишиб чиқади”, дейди Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. 

Самвел Бабаян ва Жаҳон чемпионати

Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар футболида мундиалга йўлланмани қўлга киритишни уддалаган, бироқ “алдагани бола яхши” деганларидек, катталар футболида натижа қўлга киритилмагунича футбол мухлислари ва мутахассислари танқид тошларини ёғдиришдан тўхтамайдилар.

Усмонов даврида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги йилларда бўлганидек, Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг сўнгги босқичида муваффаққиятсизликка учрайверди. Бироқ йилдан йилга натижалар яхшиланиб борди.

Масалан, Жанубий Африка Республикаси мезбонлик қилган 2010 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг сўнгги босқичида Ўзбекистон МТЖ гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган бўлса, Бразилия яшил майдонларида ўтказилган 2014 йилги Мундиал саралашида вакилларимиз финал босқичига чиқиш учун жуда яқин келган, бироқ якунда гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, ўтиш ўйинида Иорданияга тўсиғидан ўта олишмаган.

2018 йил Россия мезбонлик қилган мусобақанинг Осиё қитъаси учун саралаш баҳсларига МТЖни Миржалол Қосимов тайёрлаган, бироқ, 2-босқичнинг дастлабки ўйинида КХДРдан учралган мағлубиятдан сўнг, истефога чиқарилган. Унинг ўрнига “Пахтакор” собиқ менежери Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинланди.

Бабаян бочилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқа олмади. Сўнгги саралаш босқичи натижаларига кўра, Эрон, Жанубий Корея ва Сурия терма жамоаларидан сўнг “А” гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллади. Бабаян матбуот билан мулоқотларда ўзини жуда ёмон тутди. Терма жамоа муваффаққиятсизликларида журналистларнинг танқидларини рўкач қилиб кўрсатди. 2017 йил 6 сентябрь куни бўлиб ўтган Жанубий Корея терма жамоасига қарши гуруҳдаги сўнгги тур ўйинидан сўнг (0:0) матбуот анжуманига ҳам келмади ва 7 сентябрь куни лавозимидан озод этилди. 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқа олмагач, футбол федерацияси раҳбарияти ҳам ишдан кетди.

ЎФА Умид Аҳмаджонов даврида 

12 сентябрь куни ЎФФ президенти Мираброр Усмонов истеъфога чиқди. Ўша вақтдаги Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов федерация президентлигига тайинланди. 2018 йилнинг январида эса, ЎФФ ташкилоти ЎФА деб ўзгартирилди ва Очилбой Раматов раҳбарлик лавозимини эгаллади. Аҳмаджонов биринчи ўринбосар сифатида иш олиб борди. Шу йилларда футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигаси Суперлига деб номлана бошлади ва формати ўзгартирилди, жамоалар сони қисқарди. Спортга бўлган эътибор кўп томонлама ўсди. Тотализатор аталмиш иллатга қарши кескин кураш олиб борилди. Энг муҳими ўйинчилар билан раҳбарият ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди. Уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзи, ҳатто, уйқисию таомланиш режаси ўзгарди. Зарарлари одатлари билан курашилди. Бу бизнинг гапимиз эмас, балки соҳадагиларнинг эътирофи. Бу даврда эса футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортди, қисқа қилиб айтганда тизим чиройли тарзда йўлга қўйила бошлаганди. 

2018 йил январь ойида Хитой мезбонлик қилган U-23 Осиё чемпионати ўтказилди. Мусобақани мағлубият билан бошлаган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси навбатдаги учрашувларнинг барчасида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.

Россия мундиали якунига етгач, Миср терма жамоасининг собиқ мураббийи Эктор Купер Ўзбекистон МТЖнинг бошқарувига олиб келинди. 2019 йил январь ойида жамоамиз ҳимоявий футбол тарафдори бўлган Эктор Купер мураббийлиги остида Осиё кубогида иштирок этиб, чорак финалда имкониятни бой берди. Австралия билан бўлиб ўтган учрашувда пенальтилар сериясида омад биздан юз ўгирди.

Умид Аҳмаджонов раҳбарлиги даврида ЎФАда маслаҳатчи лавозимида фаолият юритган Санъат Шариповнинг айтишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси етакчи ва кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этган.

“Уругвай, Марокаш ва Сенегал каби терма жамоалар билан аввалари ўйинлар ташкил этилмаган. Осиё чемпионатида ҳам терма жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Илгари Австралия билан ўйинларда дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қололмаганмиз. Йигитларда ўзларига бўлган ишонч юқори эди. Камчиликлар бўлган. Ўзбекистон чемпионати ўйинларида тушунарсиз воқеликлар ва “Пахтакор”нинг аввалги раҳбарлари ҳамда ҳукуматга яқин одамлар ўзига тегишли жамоанинг чемпионатда яхши натижа кўрсатиши учун ассоциацияга таъсир ўтказишга уриниш ҳолатлар учраб турган.

“Бу аввал ҳам содир бўлган жараён. Менимча, айнан шундай муаммолар Умид Аҳмаджоновнинг ишдан кетишига сабаб бўлди. Чунки, одатда бирор натижага эришилмаса, нафақат спортда балки бошқа соҳаларда ҳам бутун жамоа истеъфога чиқарилади. Аҳмаджонов билан бу нарса кутилмаган пайтда содир бўлди. 

Шундан сўнг футболни тушунадиган ва яхши биладиган одам бошқарувга келсин, деб футбол оммаси талаб қилди. Умид Аҳмаджонов жамоасини футболдан узоқ, футболни тушунмайди, деган иддаолар билан истеъфога чиқаришди”, дейди Шарипов QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда.

Равшан Эрматов — ЎФА вице-президенти

Умид Аҳмаджонов икки йиллик фаолияти давомида ўзбек футболига том маънода туртки бера олди. Вазият жонланди. Мухлислар нафақат футбол, балки майдон ортидаги ўйинлардан бохабар бўлишни бошлади. У истеъфога чиққанидан сўнг, футбол оламининг машҳурларидан бири – FIFA рефериси Равшан Эрматовнинг тайинланиши ўзбек футбол оламида қувончли воқелик сифатида қабул қилинди. Лекин...

Эрматов кўп йиллар ўзбек футболида ҳакамлик қилган, ФИФА рефериси, Жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйин ўтказган рекордчи. Бир сўз билан айтганда ўзбек футболида ўзининг ўрнига эга бўлган шахс. 

Санъат Шарипов Равшан Эрматов даврида ЎФАдаги фаолияти ҳақида берган саволимизга: 
“Аксарият мутахассислар томонидан Эрматовнинг келгани яхши бўлди, энди футбол ривожланади, қабилидаги гаплар айтилган эди. Бу жамоа билан натижага эришиб бўлмаслигига ишончим комиллиги сабабли ўз аризамга кўра ишдан кетдим. 

Дунёнинг энг яхши ҳакамларидан бири ЎФАда фаолият юритган пайтда, ҳакамлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўпайиши ҳайратланарли жараён. Кўпчилик Абрамов терма жамоага келишини истаб, Купернинг истеъфосини талаб қилди. Унинг кетиши учун Фаластинга қарши ўйин шунчаки бериб юборилган, деган фикримда қоламан. Буни кимгадир исботлаш шарт эмас”, дея жавоб берди.

Эрматов лавозимни эгаллагандан кейин ўтказилган илк матбуот анжуманида ЎФАда бажарилиши лозим бўлган 10 та муҳим масала ҳақида сўз юритганди. Умуман олганда, ЎФА конгрессида муаммо сифатида қаралган масалаларнинг деярли барчаси, матбуот анжуманида у томонидан айтилган эди. Икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Лекин яна ўша муаммолар ҳақида гапириляпти, демак ислоҳотлар ўтказилмагани ойдинлашмоқда.

Режалардан биринчиси, футболда адолат ўрнатиш, келишилган ўйинлар ва тотализаторларни йўқотиш эди. 

Бир жиҳатга эътибор қилинг, Очилбой Раматов ва Абдусалом Азизов ЎФА президенти лавозимида фаолият юритган. Улар давлат амалдори ва ўта масъулиятли вазифаларда фаолият юритган. Раматов Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Азизов эса, Давлат хавфсизлик хизматининг раиси. Табиийки, уларнинг ўзбек футболидан кўра муҳим ва масъул вазифалари талайгина. (!) Шунинг учун ҳам жамоатчилик ташкилоти ҳисобланган ассоциация фаолиятига оид аксарият вазифаларни вице-президент бажаради. 

Мураббийлар масаласи

Эктор Купернинг таништирув маросимида “3+1” кўринишида шартнома имзолангани айтилган эди. Унинг йиллик маоши 2 млн евро атрофида эканлиги истеъфога чиққач, маълум бўлди. Шартнома бекор қилингани боис, табиийки, унга компенсация тўлаб берилиши керак эди. ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов интервьюларнинг бирида бу миқдор 5-7 миллион атрофида эмаслигини айтди. Демак, Купер саҳий инсон экан-да. (!) Ҳаттоки, унинг нима учун истеъфога чиқарилгани ҳақида бирорта хабар эълон қилинмади.

Асосий мақсад Жаҳон чемпионатига чиқиш бўлганида, Эктор Купер кетганидан сўнг, ундан кучлироқ мураббийни таклиф этиш ҳам мумкин эди-ку! Йўқ, осонгина яна Вадим Абрамов олиб келинди.

Ўзбек футболида маҳаллий мураббийлар билан тузилган шартнома бандлари ҳеч қачон маълум қилинмаган. Ёки биз бу ҳақида эшитмаганмиз. Йил давомида миллий терма жамоа учун қанча маблағ сарфланиши ҳам биз учун жавобсиз саволга ўхшайди. Аниқки, уюштириладиган йиғинларга футболчилар ўзларининг ҳисобидан боришмайди.

ЎФА терма жамоалар бўлими раҳбари Азиз Ҳайдаров Абрамовнинг бош мураббийликка тайинланиши қандай содир бўлганига ЎФА конгрессида ойдинлик киритиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Вадим Абрамов терма жамоага халқниг фикри билан тайинланган. Мураббийлар кенгаши мавжуд, раҳбарият мураббий масаласида Ҳайдаровга мурожаат қилганида, собиқ мураббийнинг психологик томондан футболчиларни яхши тайёрлай олишини айтган эмиш.  

Шу ўринда учта савол: 

•  биринчидан, шунча муаммо мавжудлигидан ЎФАда фаолият юритаётганлар хабардор экан, нима учун шу пайтга қадар улар ўз вақтида ҳал қилинмади?
•  иккинчидан, Ассоциация бирор марта халқнинг фикрини сўраб, шундан кейин мураббийлар билан шартнома имзоладими? 
•  учинчидан, агар халқнинг фикри билан мураббий тайинланган бўлса, нима учун бу ҳақида энг охирида маълум қилинди?

Фикрлар хилма-хиллиги

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев:

“Ўзбекистон МТЖ саралаш учун йиғинни 21 май куни бошлади, Саудия эса 31 май куни. Якунда 10 кун кейинроқ йиғилган жамоа 3 та тўп фарқи билан ғолиб чиқди. 

Саудияни европалик мураббий бошқаради ва доим ФИФА кунларини ҳамда жамоаларнинг унга бўлган муносабатларини ҳурмат қилади, Купер ҳам шундай эди. Абрамов эса якунда ўзининг қанчалар савиясиз эканини кўрсатди (аслида бунгача ҳам 2 марта кўрсатиб, Пекин ва Лондон олимпиадаларидан четда қолишимизга сабабчи бўлган). Юқоридаги 10 кунлик ЎзПФЛ режаларига таъсир ўтказади. Биз мавсумни 30 ноябрдан ўтказмай тугатиш ниятида эдик”, дея ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган эди.

ЎФАда бир неча йил фаолият юритган Санъат Шарипов ҳам шу каби фикрларни илгари сурди: 

“Мавсум аввалида клублар чемпионатга тайёргарлик кўриши керак. Ана шундай пайтда миллий терма жамоага йиғин ташкил этилди. Клубларнинг чемпионат учун тузган режалари барбод бўлиши аниқ. Аксарият терма жамоалар миллий чемпионати якунлангач, футболчиларни таркибга жалб қилди. Бизда эса, суперлига тўхтатиб турилди. Клуб ўз футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаб бера оларди. Мураббий талаби бажарилиши керак, лекин бу ҳолатда эмас. Ҳаттоки, ҳалигача Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўқув-машғулот базаси йўқ”.

ЎФАни танқид қилишдан чарчамайдиган журналист ва шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг фикри эса қуйидагича: 

“Мураббий истаган пайтда ЎФА томонидан ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилиб берилди. Бу яхши ҳолат, бироқ йиғинларга жалб қилинган футболчиларнинг қайсилари Саудия билан ўйинда асқатди? 

Ўртоқлик учрашувларидаги рақиблар номи ҳам олдиндан маълум қилинмади ва ўйинлар таҳлил қилинмади (аксарият ҳолларда шундай бўлган). Сўнгги ўйинда қилинган таркибдаги ўзгаришлар, ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Бироқ ҳамма айб Абрамовда эмас. Бугун айбдорни қидиришдан фойда йўқ, эртанги ишларни йўлга қўйиш керак”.

Бундан бир нарса ойдинлашади, ЎФА вакиллари Абрамовга бошидан то охирига қадар ўзига ишонгандек ишонч билдирган ва савияли мураббий деб ишонган. Йил давомида ҳеч ким ундан ҳисобот сўрамаган ва якунда фақатгина мураббий айбдор сифатида кўрилиб, ишдан олинди. Ахир футболнинг ичида юрган вице-президент, ўзбек футболи учун жавобгар эмасмиди?! Фақат мураббийнинг ўзигина ишдан бўшатилгани бироз кулгили ва ачинарли ҳолат.

Хулоса

Самвел Бабаян “каромат” кўрсатгач, мураббийликдан қувилиши аниқ эди. Шундан сўнг, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам истеъфога чиқди. Унинг ўрнига келган Умид Аҳмаджонов даврида футбол федерацияси ассоциацияга айлантирилди. Ўзи эса вице-президент этиб тайинланди. Аргентиналик Эктор Купер терма жамоа бошқарувига олиб келинди. 2019 йилнинг июнь ойида эса, Аҳмаджонов аризасига кўра ишдан кетди, деган хабарлар пайдо бўлди. Вице-президент лавозимига Равшан Эрматов номзоди тасдиқланди. 2019 йил сентябрь ойида ўтказилган Жаҳон чемпионатининг 2-саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон Фаластиндан енгилди ва Купер “яшин тезлигида” терма жамоа бошқарувидан олинди. Унинг катта-а-а пулга келгани муҳокама қилинди. Вадим Абрамов “талабларга биноан” ортга қайтарилди. ЖЧ саралаш босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз иштирокини якунлагач, Абрамов ҳам “учди”.

Хўш, ўзбек футболи истеъфолар билан қаергача боради? Балки ўз вақтида катта маош эвазига тайинланган Эктор Куперга ишонч билдириш, натижа кўрсатишини кутиш керакмиди?! Негаки, Аҳмаджонов ва Купер кетгани билан Ўзбекистон барибир ЖЧга чиқа олмади. Агар имконият берилганида у ўзбек футболига ўз услубини олиб кириб, 4 йил давомида камида ҳимоя чизиғида ишончли ўйнаш малакасини қолдирган бўлармиди?! Камида! 

Ҳозир бўлса, ўзбек футболи на ЖЧга чиқди, на малакали мураббийнинг кўникмаларини ўзига сингдирди. Икки ўртада пул ҳам кетди, вақт ҳам бой берилди. 

Мураббийлар фаолиятини назоратсиз қолдириб, муваффақиятсизликдан сўнг “панада” қолаётганларнинг ўзини ҳам истеъфога чиқариш керакдир. Балки шундагина айримларда масъулият ҳисси “уйғонар”.

Ҳумоюн Орипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 333
Рейтинг: 2.9
t
×