Баку Арманистонни Қорабоғда ҳар қадамни миналашда айблади

Олам 2231
image

Баку яна Арманистонни вазиятни нормаллаштириш жараёни ва минтақада тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига тўсқинлик қилаётганликда айблади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) нинг мамлакатда давом этаётган мина хавфи билан боғлиқ баёнотида айтилади. 

Вазирликнинг эслатишича, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 21 ноябрь куни Озарбайжоннинг Лочин вилоятидаги Сарибаба баландлигининг шимолий йўналишида PMN-Э типидаги 350 та пиёдаларга қарши миналар топилган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, миналар 2021 йилда Арманистонда ишлаб чиқарилган ва ҳали Озарбайжон ҳудудидан чиқмаган Арманистон Қуролли кучлари томонидан ўрнатилган. 

ТИВ жорий йилнинг август ойидан буён Арманистон-Озарбайжон чегарасининг Калбажар ва Лочин йўналишларида 1119 та, Қорабоғ иқтисодий райони ҳудудида 1609 та мина топилгани ва зарарсизлантирилганини таъкидлади. 

“Буларнинг барчаси Арманистон 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотнинг 4-бандига зид равишда ўз қуролли тузилмаларини Озарбайжон ҳудудидан тўлиқ олиб чиқмаганлигини яна бир бор кўрсатади”, дея таъкидлайди ТИВ. 

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Арманистонни Озарбайжонга қарши ноқонуний фаолият ва провокациялар учун Лочин коридоридан фойдаланганликда айблади. Вазирликнинг қайд этишича, миналар Озарбайжон ҳудудига Лочин йўлаги орқали олиб ўтилади ва бу, ўз навбатида, уч томонлама баёнот 6-бандининг жиддий бузилиши ҳисобланади. 

Арманистон томонидан давом этаётган провокациялар минтақада кенг кўламли тиклаш ва қурилиш ишларига, ушбу ҳудудларда яшовчи тинч аҳоли хавфсизлигига, собиқ ички кўчирилганларни ўз ватанларига қайтариш жараёнига таҳдид солмоқда. 

ТИВ маълумотларига кўра, 2020 йилда иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан бери 268 Озарбайжон фуқароси миналардан жабр кўрган, 45 киши ҳалок бўлган, улардан 3 нафари журналист ва 35 нафари тинч аҳоли вакиллари. 

“Буларнинг барчаси Арманистоннинг минтақада тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва нормаллашув жараёнига тўсқинлик қилаётганини яна бир бор кўрсатмоқда. Арманистоннинг бундай ҳаракатлари уруш жинояти, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва уч томонлама баёнот бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни жиддий бузиш ҳисобланади”, дея таъкидлаган Ташқи ишлар вазирлиги. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 2.6
t
×