“Без"нинг иши доим беш”. Коронавирус панасида қолиб кетган 5 муҳим воқеа

Таҳлил 21712
image

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида тарқалган коронавирус 2020 йилнинг биринчи чорагида бутун дунёга хавф туғдирди.  Дунёга шиддат билан тарқалган касаллик Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Жорий йил 15 март куни соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.  Айни вақтда эса беморлар 37 кишини ташкил этмоқда.

Жамоатчиликнинг доимий диққат марказида бўлиб турган коронавирус фонида сўнгги вақтларда кўплаб долзарб хабарлар панада қолиб кетди. Охирги вақтларда иши 5 бўлаётган шахслар ва масалаларга эътибор қаратамиз. 

“UZAUTO MOTORS”НИНГ “ОРТДАН ПИЧОҚ УРИШИ”

8 март куни Ўзбекистонда хотин-қизлар куни сифатида нишонланади. Ушбу байрам ўтиши биланоқ, яккаҳокимликка таяниб фаолият юритувчи компания ими-жимида нархларни оширди.

Аҳоли орасида энг талаб юқори бўлган автомобиллар саналмиш Damas ва Spark 21 фоизгача, Nexia, Cobalt ва Lacetti 15 фоизгача оширилди. Қимматбаҳо автомобиллар эса бу ҳолатдан четда қолди. 

Компаниянинг ўзбилармонлик билан нархларни оширгани жамоатчиликнинг нафратига дучор бўлди. Фаоллар, депутатлар, журналистлар, блогерлар ўз муносабатларини билдириб, нархлар кўтарилишига фаол қаршилик кўрсатишди. Танқидлар ҳаттоки, мамлакатнинг юқори минбаридан ҳам янгради. 

“Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим. Ҳар бир қарорни етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш зарур. Аввало халқимизнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш керак”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Шахсан давлат раҳбарининг танқидига ҳам қарамай, компания нархларни тушириш масаласини кўриб чиққани йўқ. Автомобилларнинг кўтарилган нархлари зиғирча пастлай демади. 

ЯШАСИН “ҚИРОЛ” ПУТИН!

10 март куни Россия Давлат Думаси депутати Валентина Терешкова Россия Федерациясида Президентлик муддатининг чекланишни бекор қилиш ва амалдаги давлат раҳбарига ушбу лавозимга қайта сайланишга рухсат беришни таклиф қилди.

11 март куни Россияда ушбу ҳолатга нисбатан норозилик митинглари ҳам бўлиб ўтди. 100 га яқин киши Князь Владимирнинг Кремль қаршисидаги ҳайкали олдида ташкил этилган пикетда иштирок этди. Намойишчилар "ЙЎҚ", "Нолга тенг бўлган муддатлар – давлат тўнтарилиши" ва "Халқ билан маслаҳатлашилмади" деб ёзилган плакатлар билан Кремль қаршисида туришган.   

14 март куни депутатларнинг Россия Президентининг муддатлари қайта ҳисобланиши бўйича таклифи Владимир Путин томонидан Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун билан мустаҳкамланди.

Президент Владимир Путин ўзининг муддатини узайтириш ҳақида ҳужжатни имзолаганидан сўнг, Федерация Конституциявий суди мамлакатнинг бош қонунига Президентнинг қайта сайланиш ваколати бўйича ўзгартириш киритишни маъқуллади.

“Россия Федерациясининг “Давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва фаолиятининг айрим масалаларини тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида” Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Россия Федерацияси қонунининг 1-моддасини кучга киритиш тартиби Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ ... Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фаолиятининг айрим масалаларини тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги Россия Федерацияси қонунининг кучга кирмаган қоидалари Россия Федерацияси Конституциясининг 1, 2 ва 9-бобларига мувофиқ”, дейилади РФ КС расмий сайтида.

ПРОПИСКА

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатида прописка тизимини танқид қилди. “Бу масаланинг қандай қийинлигини ҳаммамиз биламиз. Бу масалани ҳал қилмай 20-30 йил биз фуқароларимизни оёғига кишан қилганмиз. Агар улар Ўзбекисоннинг исталган ерида пропискага туриш ва ишлаш имкониятини қонуний яратмас эканмиз, гап билан бу ишлар амалга оширилмайди”, дея бу масалада 2020 йил 1 апрелгача парламент ва Ҳукуматга мухлат берди. 

Шундан сўнг, 17 февраль куни Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири  ўринбосари Азиз Икрамов прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш”  сўз бирикмаси ишлатилишини айтиб ўтди. Прописка тизими йўқ қилиниши халқ орасида ижобий қабул қилинди. 

Президент берган муддат тугаш арафасида келганда, 16 март куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди. Кечроқ муҳокамага қўйилгани етмагандек, қарор лойиҳасида соддалаштириш эмас, аксинча қийинлаштирувчи нормалар киритилди. Булар: 

– Лойиҳанинг 7-банди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни умумий мулк асосида олишига қаратилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш, шунингдек, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишга йўл қўйилмайди – аввал бу норма йўқ эди.

– Лойиҳанинг 13-банди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинганидан сўнг уч йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, эр (хотин) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олинган доимий пропискасини йўқотади – аввал бу бир йил эди.

Прописка масаласи Президент танқидидан сўнг, бирма-бир амалдорлар томонидан тошбўрон қилинди. Бироқ охир-оқибат, бу тизим яна фуқароларни камситиш, оёғига тушов бўлишда давом этадиган кўринади. 

ТРАМП ИККИНЧИ МУДДАТИ

17 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп расман ўзининг қайта сайланиши учун имкониятни қўлга киритди. Республикачилар партиясининг Флорида ва Иллинойсдаги дастлабки сайлов натижаларига кўра, шундай хулосага келинган. Трамп ушбу икки штатдаги дастлабки сайловда ишончли ғалабага эришган. Шу тариқа президентлик сайловида Республикачилардан номзод бўлиш имкониятини қўлга киритган.

АҚШда умумий президентлик сайлови жорий йилнинг 3 ноябрида ўтказилади. Унда амалдаги Президент Дональд Трампга Демократлар партиясидан собиқ вице-президент Жо Байден рақобатчи бўлиши тахмин қилиняпти.

Трамп айни коронавирус пандемияси кучайган вақтда ғалабани қўлга киритди. Балки республикачилар қулай фурсатдан фойдалангандир. Трампга нисбатан Қўшма Штатлар Вакиллар Палатаси 2019 йилнинг декабрь ойидаёқ импичмент эълон қилиш борасида овоз берган эди. Трампга қарши ваколатини суиистеъмол қилиш ва Конгресс терговига тўсқинлик қилиш бўйича айбловлар қўйилган. Бироқ унга нисбатан суд жараёни якунига кўра, АҚШ Конгресси Сенати Президент Дональд Трампни импичмент жараёнида қўйилган ҳар икки айблов бўйича оқлади. Шу тариқа Оқ уй хўжайини лавозимидан олиниб, жазонланмайдиган бўлди.

НЕФТЬ НАРХИ ТУШИШИ

Март ойининг бошида OPEC (Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) ва Россия “қора олтин” қазиб олиш бўйича янги келишувга эришолмади. Дунёда нефть нархининг тушиши ортидан рубль курси ҳам “қулади”. Россия миллий валютаси доллар ва еврога нисбатан кескин қадрсизланди.

18 март куни савдоларда Brent маркали нефть нархи 2016 йил январидан бери илк бор баррелига 28 доллардан пастлаб, 27,62 долларга тенг бўлди. WTI маркали нефть нархи 2002 йилдан бери илк бор 26,05 долларга тенг бўлди. Кейинроқ 25,95 долларгача тушиб кетди.

Нефть нархига монанд Россия рубли ҳам қадрсизланди. Евро курси 5,55 фоизга қимматлаб, 1 евро 87,5 рублга тенглашди. Доллар курси 5,73 фоизга мустаҳкамланиб, 1 доллар – 79,77 рубль бўлди.

Агар OPEC ва Россия келишув тузилмаса, жорий йилнинг 1 апрелидан битим иштирокчиларининг нефть қазиб олишига бўлган чекловлар бекор қилинади. Айни коронавирус балоси авж олаётган вақтда бутун дунё иқтисодига салбий таъсир кўрсатувчи ушбу ҳолат ҳам кўпчилик орасида қизғин муҳокама этилмади. Чунки коронавирус аталмиш пандемия эшик ортида турганди.  

Таҳр.: Юқоридагиларни инобатга олсак, коронавируснинг тарқалиши, бутун дунёнинг ушбу пандемия билан курашга бел боғлаши айрим оддий кўринган, аммо ортидан мураккаб муаммоларни етаклаб келувчи ишларни панада бажариб олиш учун айни муддао бўлгандек.

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 6
Рейтинг: 3.3
Теглар
t
×