Бойники шўхлик, камбағалники жиноят. Махсус комиссия ресторанлар ҳақидаги қарорини кимга атаб чиқарган?

Таҳлил 18477
image

Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 17 июлдаги қарори билан 20 июлдан бошлаб, умумий овқатланиш объектлари – ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарни соат 8:00 дан 20:00 гача фақатгина очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилди. Бу ҳам етмагандек, етказиб бериш хизмати ҳам 23:00 гача ишлаши мумкинлиги белгиланди.

Комиссиянинг навбатдаги ғалати қарори жамоатчиликнинг муҳокамаси ва эътирозига сабаб бўлди. Кун давомида ишхона, жамоат транспорти ва бозор ва супермаркетларда юқмаган коронавирус айнан соат 20:00 дан кейин ресторан ва кафеларда юқадигандек тасаввур уйғонди. Чекловлар кучга кирганда Tashkent city’да катта концерт ўтказилиши ва у ерга минглаб одамларнинг тик оёқда, ўт зич шаклда тўпланиши эътирозларни янада оширди. 

Албатта, аксарият кафе ва ресторанлар раҳбарлари Республика махсус комиссиясининг қарорига бош эгди. Улар 20:00 дан кейин эшикларини ёпди. Бироқ, комиссия ва бошқа назорат ташкилотлари барча кафе ва ресторанларда ушбу талабнинг бажарилишини таъминлай олдими? Албатта, йўқ. 

Махсус комиссия ўз қарорининг ижросини таъминлай олмади. Аксар емакхоналар қарорга бўйсуниб, ўз ишини тўхтатса, пойтахтнинг қоқ марказидаги айрим бош эгмас кафе-ресторанлар карантинни ҳам, Бош вазир тасдиқлаган қарорни ҳам менсимасдан ярим кечасигача ишлашда давом этмоқда. 

QALAMPIR.UZ’га келиб тушган мурожаатлар асосида журналист Феруза Нажмиддинова пойтахтнинг қоқ марказидаги “Tashkent City” ҳудудида жойлашган емакхонларга бориб, бу ерда кафе ва ресторанлар кеч соат 22:00 гача фаолият юритаётганига ва Махсус комиссия қарори ишламаётганига гувоҳ бўлди. Шунингдек, бизда Тошкент марказидаги “Crystal Garden”, “TOKU”, “Куранты” ресторанлари ҳам соат 20:00 дан кейин ишлаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Сайтимизда кафе ва ресторанлар ҳақида эълон қилинган репортаж кенг жамоатчиликда қатор савол ва эътирозлар туғдирди. Бунгача ҳам жамоатчилик вакиллари Махсус комиссия қарорининг тўғрилигига шубҳа билдирганди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ошхоналарнинг ишламаслигига одамларнинг кўчага чиқишдан қайтармаётганини, улар барибир кўчада овқатланаётганини таъкидлади.

“Кечаси соат 20:00 дан кейин ошхоналарнинг ишламаслиги одамларга ноқулайлик туғдираётган экан. Ишда кечгача қоладиганлар бўлади, ошхонага кирасиз, нарса харид қиласиз. У ерда қулай стол-стуллар бор, лекин унда ўтириб овқатланиш мумкин эмас. Кўчага чиқиб, йўлма-йўл, машинаси борлар уловида, бошқалар тик туриб ё ўтириб овқатланяпти. Кўзга жуда ҳам хунук кўринади, одамлар барибир овқатланяпти. Ичкарида стол-стул бор, лекин мумкин эмас, касаллик тарқалиб кетади. Метро тўла одам, автобуслар ғиж-ғиж одам билан юрибди, бу ўйланмаяпти. Ҳар бир қилинаётган ишда, чеклов қўйишда ҳам мантиқ бўлиши керак. Ё бутунлай чеклаш ёки рухсат бериш керак. Бу ерда мантиқ бўлмаяпти-ку. Тадбиркорлар қанча солиқ тўлайди, ҳаммаси қийналяпти. Буни қайта кўриб чиқилса, яхши бўларди”, дейди Кушербоев.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов эса вирус айнан соат 20:00 дан кейин кафе-ресторанларда айланишини кулгига олиб, Комиссия қарорига ўзига хос сатирик муносабат билдирди.

“Билмаганлар билиб қўйсин! Коронавирус автобусда эмас, метрода эмас, ишхонада эмас, айнан ресторанда соат 20:00 дан кейин пайдо бўлади. Соат 20:00 гача у беркиниб ўтиради. Ёмон писмиқ вирус-да бу. Билади-да ҳамма 20:00 дан кейин ресторанга ёпирилиб боришини. Ва айнан 20:00 дан кейин, эътибор беринг шу жойига, а-а-айнан ресторанга ёки кафега боради. Тўйхонага ҳам эмас, ишхонага ҳам эмас, а-а-айнан ресторан ва кафега”, дейди Алламжонов.

У бу масалани жиддий кўриб чиқиш фурсати келганини ҳам қўшимча қилган.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инсоният билан қолишини, пандемия шароитида яшашни ўрганиш муҳимлигини бот-бот такрорлаётган бир вақтда Республикаси махсус комиссияси мантиқсиз қарор қабул қилиб, кафе ва ресторанларнинг ишлашига чеклов қўйди. Афсуски, Бош вазир раҳбарлигидаги Комиссия Қуёш барчага бирдек нур сочгани каби тўғрилиги шубҳа остига олинган қарорининг барча учун тенглигини таъминлай олмади.

Республикаси махсус комиссиясининг ресторанларга доир қарори қабул қилингач, ҳеч ким бу чекловнинг вирус тарқалишига қандай таъсири борлигини тушунтирмади, масъуллар қайси фараз ва ҳисоб-китобларга кўра шундай чеклов ўрнатилгани ҳақида лом-мим демади. Аслида, тушунтирадиган нарсанинг ўзи йўқдек. Вирус ёзнинг иссиғида кундузи беркиниб ўтириб, соат 20:00 дан кейин тарқалишни бошлаши ҳақидаги сафсатага ишонувчилар бўлса, ҳозирги вазият уларнинг фикри хато эканини кўрсатди. Сўнгги кунларда Ўзбекистонда кунлик коронавирус ҳолатлари 800-900 атрофида бўлиб турибди.

Бундан кўриш мумкинки, Комиссия қарори аввал бошдан хато бўлган. Унинг барчага бирдек татбиқ этилмагани, шаҳар марказидаги шоҳона емакхоналарнинг ҳокимлик ва қарор ижросига масъул бўлган ички ишлар, санитария-эпидемиологик хавфсизлик ходимлари кўз ўнгида “Нима ҳам қила олардиларнинг?” дегандек, ишини давом эттириши ҳолатни янада оғирлаштирди.

Коронавирус тарқалиши хавфли тус олган экан, Махсус комиссия нега емакхоналар ишини тақиқлади-ю ҳар куни минглаб, балки миллионлаб одамлар фойдаланадиган жамоат транспортларига тегинмади. Нега ҳамон транспортда ниқобсиз юриш мумкин, метроларда оралиқ масофани сақлаш амалда мумкин эмас. Энг “пик” вақтда ҳам метро станцияларидаги эскалаторларнинг захирадагиси кўп ҳолларда ишлатилмайди. Бундай вазиятда вирус тарқалиши ўта табиий ҳолат. Кафе-ресторларнинг туни билан ишлаши ҳам вирус тарқалишида жамоат транспортичалик “беминнат” хизмат қилмаса керак.

QALAMPIR.UZ таҳририяти ҳеч бир тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлиш тарафдори эмас. Аммо Махсус комиссия қарори барчага бирдек татбиқ этилмас экан, кафе-ресторанларни ёпиш қароридан ё воз кечиш, ё уни ҳамма учун жорий этиш керак. Акс ҳолда одамлар давлатнинг кучига, адолатига ишонмай қўяди. Қолаверса, бундай тенгсизлик, 2020 йилда ўрнатилган қатъий карантин чекловлари оқибатида шундоқ ҳам ҳолдан тойган рестораторларга нисбатан ноҳақликдир.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 313
Рейтинг: 3
t
×