Чартер рейслар учун чипталар қимматга сотилса, кимга шикоят қилиш керак?

Интервью 4583

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 майигача хориждаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун ўндан ортиқ чартер рейслар ташкил қилиниши белгиланган. Рейслар учун чипталарнинг нархи ҳам эълон қилинди

QALAMPIR.UZ мухбири хорижий давлатлардан қайтариладиган ўзбекистонликлар рўйхатини шакллантириш, чипталар нархи  ва уларни топиб бўлмаётгани юзасидан Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Навруз Ашурматов билан суҳбатлашди.

Хориждан Ватанга қайтишни истовчи ўзбекистонликлар рўйхати чет давлатдаги элчихона ва консулликлар орқали тузилиши айтилганидан кейин, Ўзбекистоннинг ўзга давлатлардаги дипломатик идоралари олдида узун навбат ва тартибсизликлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Шу сабабдан мухбиримиз дастлаб қайтишни хоҳловчилар рўйхатини шакллантиришда Транспорт вазирлигининг ҳам иштироки бор-йўқлигини сўради.

“Мазкур жараёнда Транспорт вазирлиги Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан чартер рейларини амалга оширишни ташкил этиш билан шуғулланади. Самолёт бортига чиқадиган йўловчилар рўйхатини шакллантиришда Транспорт вазирлиги иштирок этмайди. 

Рўйхатлар жойлардаги Ўзбекистон Республикаси элчихона ва консулликлари томонидан шакллантирилади. Шу ўринда фуқаролар ҳам бир нарсани тўғри тушуниши керак, ҳозирда консулликлар ва элчихоналарга бўлаётган мурожаатлар сони кескин ошиб кетган. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, қўнғироқ қилган пайтда туша олмаслиги мумкин. Шу сабабдан консулликлар ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ҳам рўйхатдан ўтишни ташкил этган.

Консулликларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини кузатиб бориб, ўша ерда берилган манзиллар орқали рўйхатдан ўтишни тавсия қилиб қоламиз”,  деди Ашурматов.

– Ўзбекистонга қайтиш учун самолёт чипталари нрахлари эълон қилинди. Бу нархлар жудаям арзон. Лекин ўртакашлар пайдо бўлиб, чиптани топиб бўлмаётгани, нархлар 2-3 баравар ошиб кетгани бўйича ҳам эътирозлар бўляпти. Чиптани парвоздан бироз аввал аэропортдан сотиб олиш айтилганди. Шунга амал қилиняптими?

“Тўғри, элчихона ва консулликларда шакллантирилган рўйхат асосида бортга чиқиши керак бўлган фуқаролар парвоз амалга оширилишидан тўрт соат олдин авиачипталарни сотиб олиши лозим бўлади. Ҳар бир йўналиш бўйича чипталар нархини эълон қилдик. Борди-ю, мана шу чипталарни белгилангандан ортиқ нархда сотилаётган ҳолатлар бўлса, фуқароларимиз Uzbekistan Airways`нинг Call-марказларига мурожаат қилишлари мумкин”, дея таъкидлади вазирлик вакили.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 май куни Малайзия ва Сингапурдан 237 нафар ўзбекистонлик чартер рейс орқали олиб келинди. Уларнинг барчаси 14 кун муддатга карантинга олинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3
Теглар
t
×