Дарсларни ўзлаштиришнинг 2 муҳим омили маълум қилинди

Саломатлик 8134
image

Чарчоқ, сусткашлик ва яхши ўқимаслик танада темир моддасининг танқислиги билан боғлиқ. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, темир моддаси етарли ва жисмоний ҳолати яхши бўлган талабалар ўқишда ҳам дарсларни муваффақиятли ўзлаштирган. Бу ҳақда “Science Daily” нашри ёзмоқда.

Нашрга кўра, Американинг Небраска-Линкольн ва Пенсильвания университетларининг тадқиқотчилари 105 нафар коллеж талабаласининг маълумотларини ўрганган. Олимлар иштирокчилар организмидаги темир моддаси ва жисмоний тайёргарлик даражаси билан дарсларни ўзлаштириш қобилияти ўртасида боғлиқлик бор ёки йўқлиги устида изланган. 

Аниқланишича, талабаларнинг билим савияси ва дарсларни ўзлаштиришига энг катта таъсир қилувчи омил уларнинг жисмоний ҳолати бўлиб чиққан. Организмдаги темир моддасининг даражаси эса иккинчи ўриндаги таъсир этувчи омил экани аниқланган. Ушбу иккала омилга ҳам эга бўлган талабаларнинг дарсларни ўзлиштириши бошқаларга нисбатан енгилроқ кечган.

Тадқиқот сўнгида, синовда қатнашган талабаларга жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш ва темир моддасига бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш тавсия этилган.

Қайд этилишича, яшил баргли сабзавотлар, гречка, горох, ловия, қора шоколад, тухум ва ёнғоқ каби кундалик дастурхонда учратиш мумкин бўлган маҳсулотлар темирга бой ҳисобланади. Темир эса танадаги муҳим функцияларни бажаради, жумладан, қонда кислород ташиш билан шуғулланади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 368
Рейтинг: 3
t
×