Дунёда коронавирусга чалиниш бўйича антирекорд ўрнатилди. Европада иккинчи тўлқин бошланди

Олам 10854
image

Дунёда бир суткада қарийб 308 минг одам коронавирусга чалинди. Бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич дегани, деб хабар бермоқда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

Дунёда 307 930 та коронавирус билан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Аввалги антирекорд 6 сентябрь куни 306 857 нафар бемор аниқланганда ўрнатилганди.

ЖССТ маълумотига кўра, дунёда жами 28 637 952 киши коронавирусга чалинган. 917 417 нафар бемор вафот этган.

ЖССТнинг таъкидлашича, касалланишнинг катта қисми Шимолий ва Жанубий Америка ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда жами 14,7 миллион касалланиш қайд этилган. Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида 5,4 млн, Европада 4,8 млн одам коронавирусга чалинган.

Европа давлатларида кунлик касалланиш сони ошиб боряпти. Австрия ва Чехия мамлакатда расман коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини маълум қилди.

Австрияда бундан икки ҳафта аввал кунига 350 та атрофида касалланиш қайд этилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 850 дан ошган. Тез орада мингдан ошиши тахмин қилиняпти.

 Чехияда коронавирусга чалинганлар сони 35 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар сони 456 нафарни ташкил қилмоқда. Сўнгги суткада касалланганлар сони 1541 нафарга ошган. Австрияда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари 33 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар сони 756 нафарни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ 11 март куни коронавирус инфекцияс тарқалишини пандемия деб эълон қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 427
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×