Бир ёндан имтиёз, бир ёндан чеклов. Қонун мукаммал қабул қилинмаса, ёғ, гўшт ва тухум нархи ошаверади

Таҳлил 14375
image

Ўзбекистонда импорт қилинадиган ўсимлик ёғи учун ҚҚС бекор қилинмоқда. Тўғри, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам тайёр маҳсулот учун ҚҚС тўламайди. Бироқ, ёғ олинадиган хомашё, хусусан кунгабоқар учун ҚҚСнинг бекор қилинмаслиги, ёғ, гўшт, гўшт маҳсулотлари, товуқ гўшти ва тухумнинг нархи ошишига олиб келади. Бу ҳақда батафсил ушбу мақолада ўқишингиз мумкин.

Айни вақтда бутун дунёда озиқ-овқат хафсизлиги масаласи долзарб бўлиб турибди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳукуматларга озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар мўтадиллигини таъминлаш масаласида баёнот билан чиққанди. Пандемия даврига келиб, бу масала нақадар муҳим экани ўз исботини топди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ҳам Бош котиб Антониу Гутерриш бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклиф билдирди ва сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. 

Хабарингиз бор, кеча, 14 октябрь куни коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокама қилинаётгани маълум қилинди. 

Ўзбекистон айрим маҳсулотлар импортида ҚҚСни бекор қилмоқчи

Кодексга киритилиши режалаштирилаётган янги ўзгартиришга кўра, жорий йилнинг 15 октябридан 2021 йилнинг 1 июлигача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари ҳам ҚҚСдан озод этилиши кўзда тутилмоқда. 

Кодексга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб 2021 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар ҳомашёсини олиб кириш, шунингдек, уни реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод этилишини ҳам назарда тутади. 

Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар К.Эрназаров, М.Қурбонбоев ва А.Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Ё сих куяди, ё кабоб

Айни вақтда Ўзбекистон парламентининг ва қонунчиликка таклиф киритиш ваколатига эга бўлган ташкилотларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ўринли, бироқ ҳар қандай лойиҳа мукаммал ишлаб чиқилса, сих ҳам, кабоб ҳам куймаса, лўнда қилиб айтганда, али – хўжа, хўжа – али бўлмаса, одамлар бўлаётган ўзгаришлар, оғиз кўпиртирган, қулоқни қоматга келтирган ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида, оддий турмушида, дастурхонида сезсагина, уни мукаммал деб айтиш мумкин. 

Ушба масалага атрофлича эътибор қаратсак. 

Маълумки, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда гўшт, ўсимлик ёғи ва тухумнинг нархи кескин ошиб бораётганини кўриб турибмиз. Товуқ тухум қўймаяптими ё мол гўшт бермаяпти? Ё қассоб камайиб кетдими? Қани энди гап фақат шунда бўлса... Бозор ва дўкон пештахталарини безаб турган маҳсулотларнинг қозонимизга бориб тушиши ортида кўплаб тортишувлар бор. 

Айтайлик, ёғ масаласи айни кунда баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Ушбу мунозара ва йўл қўйилган кичик хато Ўзбекистонда кўплаб ёғ ишлаб чиқарувчиларнинг миллионлаб зарар кўриши, ойликларнинг камайиши, ишчи кучининг қисқариши, охир-оқибат катта заводлар фаолиятини тўхтатиши ва импорт маҳсулотига ўрнини бўшатиб беришига олиб келиши мумкин. 

Ваҳима қилмаяпмиз, бунга етарли асослар бор

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришга кўра, 2021 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасига ўсимлик ёғини олиб кириш, шунингдек уни реализация қилиш айланмалари ҳам ҚҚСдан озод этилиши кўзда тутилмоқда. Шу ўринда ўринли савол туғилади: хўш, нега фақат импорт маҳсулоти ёки нега фақат ёғ маҳсулоти? Хомашё-чи? Ахир Ўзбекистондаги 300 та завод ўсимлик ёғи учун кунгабоқарни хориждан импорт қилади-ку.

Бугунги кунда Ўзбекистон бозорига асосан Россия ва Қозоғистондан ўсимлик ёғи импорт қилинмоқда. Мамлакатда эса 350 та ёғ ишлаб чиқариш заводи мавжуд бўлиб, уларнинг 16 таси давлат тасарруфида. Мавжуд заводларнинг 50 тасида пахта ёғи, қолган 300 тасида эса ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилади. Заводларда қарийб 30 минг киши меҳнат қилади. Уларнинг қуввати 4,1 миллион тонна бўлиб, 900 минг тонна кунгабоқар уруғи қайта ишланиб, улардан жами 380 минг тонна писта ёғи олинади. Заводларда 415 минг тонна писта шроти ва 100 минг тонна писта пўчоғи ишлаб чиқарилади. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: ёғ заводида нега писта пўчоғи ва шрот ишлаб чиқарилади? Гап шундаки, ушбу маҳсулотлар қорамол фермер хўжаликларига ва товуқ фермаларига озуқа сифатида савдога чиқарилади. 

Энди масаланинг моҳиятига эътибор қаратсак. Хўш, бозорларда нима учун ўсимлик ёғига мутаносиб тарзда тухумнинг нархи ошиб кетди? Бунинг бирламчи ва иккиламчи сабаблари мавжуд эмас. Барча ҳолатлар занжирдек бир-бирига боғлиқ ва уларни биридан иккинчисини айириб бўлмайди.

Сабабларга тўхталсак: 

•    Ўзбекистонда ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчилар кунгабоқарни асосан Россиядан импорт қилади. Россияда эса кунгабоқар экспорти учун 6,5 фоиз божхона тўлови мавжуд бўлиб, ушбу миқдор 2021 йилнинг 1 январидан кунгабоқар экспортига тақиқ қўйилиши ёки божхона тўлови 20 фоизга оширилиши кутилмоқда.  

Ўзбекистонда хориждан келтирилган хомашёни олиб кириш даврида эса божхона декларацияси асосида маҳсулот учун 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи тўланади. Юқоридаги иккала ҳолат ҳам ўз-ўзидан маҳаллий заводларда ишлаб чиқариладиган тайёр ўсимлик ёғининг нархи қимматлашишига олиб келади.

•    Ўсимлик ёғи олинган кунгабоқар шроти ва писта пўчоғи эса қўрамол хўжаликлари ва товуқ фермаларига сотилади. 

Бу ҳам шрот ва писта пўчоғининг нархига ҚҚС қўшилишига сабаб бўлади. Натижада эса гўшт ва товуқ гўшти, шунингдек, аҳолининг кундалик истеъмол саватчасидан ўрин олган тухумнинг нархи кўтарилишига олиб келади. Олиб келди ҳам. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 октябрдаги ПК-4858-сонли фармонига биноан бир қатор товарлар божхона тўловларидан озод қилинди. Жумладан тайёр импорт қилинган кунгабоқар ёғи ҳам божхона тўловларидан озод қилинди. Эндиликда Солиқ кодексига ўзгаритириш киритиш орқали хориждан импорт қилинаётган ўсимлик ёғи учун ҚҚСни бекор қилиш эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятига салбий таъсир ўтказади. Қолаверса, Россия кунгабоқар экспортини тўхтатишни муҳокама қилаётган бир вақтда хорижий тайёр маҳсулотларнинг Ўзбекистонга киришини кўпайтиради. 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг бирламчи истеъмол маҳсулотларини мўтадил нархларда сотиб олиши, улардан ҚҚСнинг олиб ташланиши муҳим, бироқ бу Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчиларнинг йўқотишлари эвазига бўлмаслиги керак. Агар хориждан келитирилаётган хомашё – кунгабоқар уруғи, кунжут ва бошқалар учун ҳам ҚҚС бекор қилинса, ана шунда ҳам маҳаллий, ҳам импорт маҳсулотларнинг тенг рақобат қилишига имкон яратилади. Бордию Солиқ кодексига киритиладиган ўзгартириш фақат бир тарафлама бўлиб қолса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар танг аҳволда қолиши, бозорларда яна ўсимлик ёғи, бунинг ортидан эса гўшт ва тухум нархи ошиб кетиши мумкин. 

Бу шунчаки гап бўлиб қолмасин, рақамларга эътибор қаратайлик. 

Ўзбекистонга 2019 йил давомида 238 минг тонна, жорий йилнинг 9 ойи давомида 73,400 тонна эса кунгабоқар импорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даврида эса 199 минг тонна кунгабоқар импорт қилинганини кўриш мумкин. Албатта, пандемия ишлаб чиқариш ва импортга етарлича таъсир ўтказди. Бу ҳам етмагандек, айни шароитда хорижий мамлакатлар, хусусан Россия айрим маҳсулотлар, жумладан ўсимлик ёғи ва кунгабоқар экспортини қисқартирди. Бу эса ўзбекистонлик ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчиларга, шунингдек қорамол хўжаликлари ва товуқ фермаларига зарба берди. 

Импорт ошиб кетди

Ўзбекистонга кунгабоқарнинг кириб келиши камайиши эса чет элдан ўсимлик ёғи импортининг ортишига олиб келди. Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларда эса жорий йилнинг ўтган 9 ойида 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоиз кўп ўсимлик ёғи импорт қилинганини кўриш мумкин:

•    2019 йилнинг январь–сентябрь ойларида қиймати 157,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган 194,6 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган.

•    2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида қиймати 179,2 млн АҚШ долларига тенг бўлган 219,5 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 % га ошган.

Ўтган йилларда маҳаллий ёғ ишлаб чиқарувчиларга божхона ва солиқ имтиёзлари берилиши  натижасида истеъмол бозорида ёғ ва ёғ маҳсулотларининг тақчиллиги кузатилмаган. Айни вақтда эса имтиёзларнинг бекор қилиниши, импорт ва маҳаллий ёғ маҳсулотидан ҚҚСнинг олиб ташланиши, аммо маҳаллий ишлаб чиқариш учун асосий хомашё – кунгабоқарга ҚҚСнинг сақлаб қолиниши ишлаб чиқарувчиларни боши берк кўчага тиқиб қўйиши мумкин. 

Ишлаб чиқарувчи кунгабоқар учун тўлаган қўшилган қиймат солиғини тайёр маҳсулот устига қўёлмайди. Маҳсулот устига қўйилмагандан кейин буни тўлаш ҳам мантиқсиз. Бунда ҚҚСни тадбиркор ўз даромадидан тўлаётган бўлиб қолади. Агар ҚҚСни писта пўчоғи ва шротга қўйса, бу гўшт ва гўшт маҳсулотлари, товуқ гўшти ва тухумнинг нархи ошиб кетишига олиб келади. Бир тарафдан импорт қилинаётган ўсимлик ёғининг нархи тушади, бошқа тарафдан кундалик истеъмол саватчасидаги бошқа маҳсулотлар нархи янада кўтарилади. 

Айтайлик, ҳозирги вақтда маҳаллий завод Россиядан 30 минг тонна кунгабоқар импорт қилса, бу 15 фози ҚҚС қўшилганда ўртача 11 миллион 400 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ёғ олинган 30 минг тонна кунгабоқардан 13,5 минг тонна шрот чиқади. 13,5 тонна шротнинг нархи эса 15 фоиз ҚҚС билан 3 миллион 375 минг АҚШ долларига баҳоланади. Хомашёдан ҚҚСнинг олиб ташланиши орқали нафақат тайёр ўсимлик ёғи нархининг, балки тухум ва гўштнинг нархи пасайишига эришилади.  

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, фақат импорт қилинаётган ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ўсимлик ёғига нисбатан 15 фоиз ҚҚСни бекор қилиш билан кутилган натижага, яъни бозорда ўсимлик ёғи, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, товуқ гўшти ва тухумнинг арзонлашишига эришиб бўлмайди. Хомашёни импорт қилишга белгиланган божхона ставкалари ҳам нолга тенглаштирилмас экан, нарх пасайишини кутмасак ҳам бўлади. 

Хулоса ўзингиздан!

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 162
Рейтинг: 3.1
t
×