“Электрон поликлиника” тизими кенг жорий этилади

Жамият 2457
image

Жорий йилнинг 17 май куни парламент қуйи палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Қонунчиликка соғлиқни сақлаш тизимига инновацион технологиялар жорий қилинишини рағбатлантиришга қаратилган қоидаларни киритиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, соғлиқни сақлаш тизимининг масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – тиббий хизматларни кўрсатиш соҳасида замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш жараёнларини рағбатлантириш ва фаоллаштириш мақсадида миллий қонунчилик тизимини янада такомиллаштиришга доир масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тегишли таклифлар ишлаб чиқишдир.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давра суҳбатида соғлиқни сақлаш соҳасида сифатли тиббий хизмат кўрсатишда самарали ахборот коммуникация технологиялари ва замонавий инновацион механизмлар лозим даражада қўлланилмасдан келинилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу масалалар юртимизнинг узоқ ва чекка ҳудудларида аҳоли билан ўтказилган мулоқотларда улар томонидан билдирилган фикрларда ўз аксини топмоқда.

Тиббиёт соҳасида ўз ечимини кўтаётган долзарб масалалардан бири — ривожланган мамлакатларда кенг тарзда қўлланилаётган телемедицина институтини жорий этиш, бунда унинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг “Телемедицина тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолига, айниқса чекка қишлоқлардаги фуқароларимизга қўлай шароитларни таъминлашда “электрон поликлиника” тизимини кенг жорий этиш ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси тўлиқ шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти.

Тадбирда иштирокчилар томонидан амалдаги қонунчиликда соғлиқни сақлаш тизимига замонавий инновацион технологияларни кенг жорий қилинишини рағбатлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×