Фатҳулла Маъсудов йўқолиб қолган тўй ёхуд 400 доллар ҳикояси

Маданият-санъат 53191
image

2010 йил эди, бир яқинимиз тўй қилсам, албатта Фатҳулла Маъсудовни олиб келасан, дерди мени ҳар кўрганида. “Хўп” деб қўяқолардим. Аммо тўй пайти бирор баҳона топарман, деб юрардим. Чунки Фатҳулла ака билан таниш эмас эдим-да.

Тўй қилмоқчи бўлган киши кенжа ўғлининг исмини Фатҳулла деб қўйган, санъаткорга ихлоси жуда баланд эканлигини шундан ҳам билиш мумкин эди. Тўй куни яқин, бироқ мен ҳали суюкли санъаткоримиз билан гаплашолганим йўқ. Қишлоқда эса гап-сўз бўлиб кетган, “Тойчоқ” тўйга келаркан деб.

Тўй арафасида Миллий театримизга бордим. Фатҳулла акага учрашиб, ака, мана шундай гап деб тўй соҳибининг муддаосини айтдим. Тўй кунини сўрадилар. Айтдим. Орада 11 ёки 12 кун бор эди.

— Бундай қиламиз, — дедилар Фатҳулла ака. — Мен бугун Қозоғистонга ўн кунлик сьёмкага кетаман. Фалончи куни фалон соатда Собир Раҳимовдаги Шоҳ бекатда кўришамиз, дедилар.

Рости, мен ишонмадим. Негаки, на хизмат ҳақини айтдилар, на бориб келиш қанақа бўлади, деб сўрадилар. Нима бўлганда ҳам ишонмасдан кетдим. Яқинимиз эса ҳар куни ўн марта телефон қилади, гаплашдингми деб. Ҳа, дейман палағда қилиб. Унда машина юбораман, актёримизни уринтирмай, толиқтирмай опкеласан, дейди. Хўп, дейману машинани фалончи кунга айтинг, деб ҳам айтолмайман. Ахир, актёрга ишончим йўқ.

Хуллас, ўн кун ўтиб кетди. Ўн биринчи куни тонг саҳарда Фатҳулла ака билан келишилган жойга, айтилган соатда бордим. Не кўз билан кўрайки, ака турибдилар пўримгина кийиниб. Хурсанд бўлиб кетдим. Тўй соҳибига машинани юборинг, деб айтмаганимга жуда ҳижолат бўлдим. Аммо қараб туриб бўлмайди, бир уловни гаплашиб, Фатҳулла ака турган жойга келсам, ака йўқ. Бир пайт мени чақириб қолдилар. Қарасам, бир мундайроқ Нексиянинг орқасига ўтирволиб мени чақиряптилар.

Юринг, алоҳида машинада кетамиз, десам, йўқ деб туриб олдилар. Унда ҳеч бўлмаса, олдинги ўриндиққа ўтинг десам, йўқ сизнинг гавдангиз катта, орқада қийналасиз, орқа ўриндиқда кетавераман дедилар. Шундай қилиб, орқада севимли актёримиз ва яна икки бегона одам, олдинда эса худди халқ артистидек мен кетяпман. Ҳозир ўйласам, уятдан ҳижолат бўлиб кетаман.

Тўйхонага етиб бордик. Тўй эгаси жуда қаттиқ ният қилган экан. Канн фестивалидаги гиламлардай пояндоз тўшаб, ўзининг суюкли актёрини кутиб олди. Елкасига тўн ёпди, қадамларига қўчқорни бўғизлади. Бундай илтифотдан Фатҳулла ака ҳижолат бўлар, керак эмас, керак эмас, дерди нуқул.

Тўйни жуда чиройли қилиб очиб бердилар. Ора-орада даврага чиқиб шеърлару монологлар ўқиб кўнгилларни шод этдилар. Навбат қўшиқчига берилгач, одамлар қий-чув солар, Фатҳулла ака гапирсин, қўшиқ ҳар куни бор, бундай одамларни қачон кўрамиз, дерди ҳамма.

Фатҳулла ака эса аксарият тўйларда бунинг аксини кўрганини айтиб, одамлар шеърдан безор бўлган бир пайтда бу ургутликлар шеър сўраганини қаранг, дердилар кулиб.

Қизиғи, ака шеърни бошлагач, одамлар гурра-гурра келиб пул қистирар, актёримизнинг костюм шимидаги чўнтаклари пулга тўлиб кетарди.  Фатҳулла ака бундан яна ҳижолат тортгандек қизариб-бўзарарди.

Бир пайт актёр кўринмай қолдилар. Қўшиқчи беш-олтита машҳур ашулани бузиб-бузиб айтиб бўлгач, яна даврага акани чорлади, аммо у киши йўқ. Ҳамма қидиришга тушди. Бир пайт бир болакай айтдики, қўшнининг уйида пешин намозини ўқияпти эканлар. Қўшиқчи бу ҳақда даврага эълон қилиб, ҳозир келарканлар, пешинни ўқиётган эканлар, деган эди, қий-чув бўлиб кетди. Бу шовқин санъаткорга бўлган ҳурмат, унинг эътиқодига, ахлоқига эҳтиромнинг намунаси эди.

Тўй жуда зўр ўтди. Тўй соҳиби беҳад миннатдор бўлди. Актёрни қўярда-қўймай ўша куни олиб қолди уйига. Эртасига Ургутнинг машҳур Юқори бозорига олиб борди. Бозорда юрибмиз, сотувчи зоти борки, актёрни кўриб дастхат сўрайди, расмга тушайлик дейди. Ака қуршовда қолиб кетди. Аммо бундан хурсанд бўлар, раҳмат-раҳмат дерди тинмай. Бир аёл чаппаки нондан йигирматани санаб актёрга берди. “Мана буни баллариз билан енг, мазаси оғзизга қолади, айланай сезга” деди. Буни кўриб бир отахон шошганидан нима қилишни билмай сотаётган носидан ярим килоча тортиб, мана буниям олиб кетинг, деди. Мен чекмайманда, дегандилар, қўшниларга берасиз, Ургутники бошқача, деди беғубор кулиб отахон.

Ана шунақа бир олам эҳтиромларга чўмиб, Тошкентга қайтдик. Хайрлашар чоғимиз, менга бояги нондан тўрттасини бир пакетга солиб бердилар. Ҳарчанд қаршилик қилмайин, оласиз, ахир сиз бўлмасангиз мен қаёқдаю ургут қаёқда эди, дедилар.

Уйга келдим. Нонни пакетдан олиб ёйиб қўяй деб, шундоқ қарасам, уларнинг орасидан тўрт юз доллар чиқди. Оҳ, дедим, бу пулларни адашиб бериб юборган деб, шу заҳоти уйларига телефон қилдим. Ҳайрият, ўзлари кўтардилар гўшакни. Ҳолатни тушунтирдим.

“У сизнинг ҳақингиз, она сутидай ҳалол, атайин нонни орасига солиб юбордим. Мендан эса хавотир олманг, Ургутдан ўнта тўйдан ҳам ололмайдиган пул тушди, кўрдингиз-ку”, дедилар.

Шу воқеадан кейин ака билан қадрдон бўлиб қолдик. Кўп суҳбатлашардик. Суҳбатлаша туриб одам дегани шунчалар самимий, шунчалар тоза бўлиши мумкинми, деб кўп ўйлардим. Вафотларидан кейин янада маълум бўлдики, у киши ҳақида ҳамма шундай ўйларкан. 

Ҳаммани йиғлатиб кетган акам, охиратингиз обод бўлсин. Чинакам халқ артисти деб сиздекларни айтишади. Эл орасига кирсангиз, ўз фарзандидай қабул қилган бу халқ сизни унутмайди. Сизни тўйига чорлаган мухлисингиз вафотингизни эшитиб, уч кун бел боғлабди, одамларга худойи қилиб берибди. Сиз ана шундай бағри уммон инсонлар қалбида мангу яшайсиз...

Мақсуд Жонихонов, журналист

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2417
Рейтинг: 3
t
×