Франция Президентига тарсаки туширган шахс суд залида. Уни қандай жазо кутмоқда?

Олам 7988
image

Аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат бўйлаб сафар қилаётганда номаълум эркак унга тарсаки туширгани ҳақида хабар бергандик. Воқеа 8 июнь куни Дром департаментининг Тен-ЛʼЭрмитаж коммунасида содир бўлганди.

Бугун, 10 июнь куни ушбу ҳолат юзасида суд жараёни бўлиб ўтди. Франция прокуратураси Президент Макроннинг юзига тарсаки туширган шахсни 18 ойга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди. Бу ҳақда “Agence France-Presse” нашри ёзмоқда.

Маълум қилинишича, мамлакат Президентига тажовуз қилган шахснинг исми Дамьене Тареле. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Тареле ва унинг шериги Президент Макроннинг ташрифи чоғида ҳушида бўлмаган. 

Хабарга кўра, прокуратура вакили маҳаллий суд жараёнида мамлакат раҳбарига тарсаки туширган шахснинг хатти-ҳаракатларини “қасддан қилинган зўравонлик”, деб баҳолаган.

Экспертларнинг фикрига кўра, Тареле 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 45 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Суд жараёнлари давом этади. Якуний ҳукм ҳали қабул қилинганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ҳолат юзасидан мамлакат Бош вазири Жан Кастекс қуйидагича фикр билдирганди:

“Давлат раҳбарига нисбатан бундай ҳаракатлар демократиянинг ўзига қарши қаратилган. Демократия – бу фикрлар тўқнашуви, аммо бу оғзаки таҳқирлаш ёки жисмоний тажовуз эмас”.

Орадан вақт ўтиб, Франция Президентининг ўзи ҳам ушбу кўнгилсизликка изоҳ берди.

“Агрессив одамларнинг жамоатчилик муҳокамасини эгаллаб олишига йўл қўймайлик. Улар бунга лойиқ эмас”, деган Макрон.

Ушбу ҳолат Франция Президентига уюштирилган илк ҳужум эмас. 2011 йилда Франция Президенти Николя Саркози оломонга яқин бўлган темир панжара бўйлаб юриб кетаётганда одамлардан бири давлат раҳбарининг ёқасидан ушлаб олган. Ўшанда Президентга ташланган киши шартли равишда 6 ойга қамалганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 244
Рейтинг: 2.9
t
×