Француз компанияси Тошкентдаги хонадонларга “ақлли” сув ҳисоблагич ўрнатади

Жамият 5765
image

Тошкент шаҳрининг ичимлик сув таъминотига 218 млн евродан кўп маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президентнинг “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилган.

Қайд этилишича, лойиҳа қиймати 218 млн еврони ташкил этади. Шундан 154,5 млн евро Франция ғазначилиги ва Европа банклари, 64,3 млн евро эса Ўзбекистон томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳани амалга оширишда кутилаётган кўрсаткичлар қуйидагилар:

•  жисмоний шахс бўлган истеъмолчиларнинг барча тоифалари учун ичимлик сув истеъмолининг назорати ва ҳисобини юритиш бўйича масофадан маълумот узатувчи 673 мингта “ақлли” сув ҳисоблагич ўрнатиш;

•  ичимлик сув таъминоти тизимида сув йўқотишларини 12 фоизга камайтириш;

•  ичимлик суви таъминоти ва оқова сув таъминоти бош режаларини ишлаб чиқиш.

Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида ҳосил бўладиган қўшимча қиймат солиғи суммаси хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан тўланади.

Тўланган қўшимча қиймат солиғи суммаси хўжалик юритувчи субъектларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Маълумот учун, 2020 йилда Уй-жой қурилиш вазирлиги, шаҳар ҳокимияти,“Тошкент шаҳар сув таъминти” МЧЖ ва Франциянинг “SUEZ International SAS” компанияси ўртасида “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш”лойиҳаси бўйича 7 йил давомида амал қиладиган биргаликда бошқариш тўғрисида шартнома тузилган.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 133
Рейтинг: 3
t
×