Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги мулкларини фарзандлари олиши мумкинми?

Жамият 31442

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган қатор кўчмас мулклар давлат активларига айлантирилиб, сотувга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Хусусан, унга тегишлилиги айтиб келинган “Пойтахт” бизнес мажмуаси, “Сижжак” дам олиш оромгоҳи ҳамда “Ичан қалъа” меҳмонхонасини хусусийлаштириш жарёни бошланган.

Давлат активларини хусусийлаштириш жараёни шаффоф ўтиши юзасидан кўплаб саволлар юзага келаётган бир вақтда Каримовага тегишли бўлган қимматли мулкларни сотишда холисликнинг таъминланиши қанчалик кафолатланган? QALAMPIR.UZ мухбири Aдлия вазири Русланбек Давлетовга шу савол билан мурожаат қилди ва савдоларда Каримованинг фарзандлари ҳам қатнашиши учун бирор тўсиқ бор-йўқлигини сўради.

“Гулнора Каримова ҳақида берган саволингизга жавоб берадиган бўлсам, бугун давлат активларига айлантирилган мулкларнинг сотув жараёнида шаффофлик қанчалик бўлаётганига биз эмас, сиз баҳо берганингиз маъқул. Жараёнлар ОAВда ёритилмоқда. Биз ўйлаймизки, шаффофлик белгиланган стандартлар ва қонунчилик асосида амалга оширилмоқда. Aслида эса қандай? Бунга сиз жавоб беришингиз мумкин. 

[Жараённи] кузатиб борадиган органлар бор. Шаффофлик таъмининланяпти! Aгар, "Йўқ, шаффофлик бўлмаяпти", десангиз буни кўриб чиқишга тайёрмиз.

Каримованинг фарзандлари сотув тендерида қатнашиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тенг ҳуқуққа эга. Aгар, пули бўлса, белгиланган тартибда сотиб олаверади. Бугунги кунда ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас”, деди Давлетов.

Адлия вазири шунингдек, давлат мулки қандай ҳолларда хусусийлаштирилиши ҳақида ҳам маълумот берди. Давлетовнинг айтишича, давлат активларининг барчасини ҳам хусусийлаштириш мумкин эмас. Шахсий мулк сифатида сотувга чиқарилиши мумкин бўлмаган обектлар ҳам мавжуд.

“Фуқаролик кодексида ёзилганки, мана шундай давлат мулкларини Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий мулк бўйича эса вилоят ҳокимликларида тасарруф этиш ҳуқуқи бор. Тасарруф этувчи ташкилотлар мулкдан у ёки бу кўринишда фойдаланишни белгилайди. Шу жумладан хусусийлаштиришни ҳам. 

Хусусийлаштириш бўйича қонунлар ва талаблар бор. Қайси мулк хусусийлаштирилмаслиги бўйича рўйхат мавжуд. Масалан, маданий объектлар, тарихий обидалар, стратегик объектлар ва бошқалар.  Шу каби объектларнинг хусусийлаштирилиши мумкин эмас. Қолган мулклар эса хусусийлаштирилиши мумкин ва бу давлатнинг иқтисодий сиёсатидан келиб чиқади.

Кўришингиз мумкин, ҳаттоки Миллий Банк, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” акционерлаштирилди. Aэропортлар давлат унитар корхонаси эди акционерлик жамиятига айлантирилди. Акционерлик жамияти дегани эса нодавлатлаштиришдир”, деди Aдлия вазири.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 апрель куни QALAMPIR.UZ Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиб келинган учта йирик давлат активидан бири – “Сижжак” дам олиш масканига борганди. Объект билан танишиш давомида мазкур оромгоҳнинг нархи ҳали эълон қилинмагани, баҳолаш тизими якунлангандан сўнг қиймат келиб чиқиши маълум қилинганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишацевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Гоогооша 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 672
Рейтинг: 3.1
t
×