Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати эҳтиёт чорасидан норози

Интервью 10971

Жорий йилнинг, 6 октябрь куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасидан озод қилиниб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғида сақлаш чорасига ўзгартирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Суднинг қарорига кўра, ҳибсхонадан озод қилинган Йўлдошева уй қамоғи даврида уйдан чиқмаслиги, телефондаг фойдаланмаслиги, интервью бермаслиги ва ижтимоий тармоқларга кирмаслиги белгиланган. 

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Ахроровга кўра, айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси  бироз қаттиқ адвокат унга белгиланган қоидаларни юмшатиш талаби билан судга мурожаат қилди. 

Бугун, 12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Йўлдошеванинг адвокати томонидан уй қамоғи эҳтиёт чорасининг шартларини юмшатиш бўйича киритган аппеляция шикояти асосида ёпиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Аппеляция суди давомида эҳтиёт чораси ўзгартиришсиз қолдирилди. Бу ҳақда адвокат Ҳушнут Ахроров шундай дейди.

“Ҳозирги кунда Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция босқичига, ҳимоям остидаги Йўлдошевага нисбатан Чирчиқ шаҳар Жиноят ишлар суди томонидан танланган эҳтиёт чораси чекловлари жуда қаттиқ бўлганлиги боис аппеляция шикояти киритдим. Аппеляция суди томонидан танланган эҳтиёт чораси ўз кучида қолдирилиши, лекин бу чекловлар жуда қатъий эмаслиги, тергов органига ёзма равишда мурожаат қилиб, фарзандлар тарбияси, яъни мактабга спорт машғулотларига олиб бориб, олиб келишини сўраб мурожаат қилишимиз мумкинлиги айтилди.

Яна шуни айтиб ўтишим мумкин, ҳимоям остидаги Йўлдашева COVID-19 хасталигини бошдан кечирган, унда оғирлаштирувчи ҳолатлар нафақат ўпкада, балки юрак қисми ва оёқ холсизланиши, заифланиши туфайли, тегишли тор мутахассислар кўригидан ўтиш бўйича шифохоналарга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги, бу ҳолатлар бўйича дастлабки тергов органига ёзма илтимоснома билан мурожаат қилинган тақдирда, ўз рухсатини бериш ҳақида қўшимча тушунтиришлар берилди. Шу боис Чирчиқ шаҳар прокуратураси терговчисига ёзма равишда мурожаат қиламиз.
Терговчи билан боғланиб тушунтиришлар ҳақида суҳбатлашганимдан сўнг, ёзма равишда мурожаат қилишим ҳақида айтдим. Яқин соатларда ёзма илтимоснома киритаман ва ўйлайманки, ижобий ҳал бўлади. Агар ижобий ҳал бўлмаган тақдирда ҳам тергов органи холислиги ва беғаразлиги яна бир карра шубҳаларим асосли эканини исботлайди.

Гулжаҳон Йўлдашевага эҳтиёт чора шартлари этиб яшаш жойидан ҳеч қаерга чиқмаслик, яқин қариндошларидан бошқа ҳеч ким билан гаплашмаслик, телефон орқали ҳеч ким билан мулоқот қилмаслик белгиланган. Ҳимоям остидаги Йўлжошева ажримдаги эҳтиёт чорада кўрсатилганидан ташқари тергов органи томонидан қўшимча талаблар ёзилган қўлёзма тақдим этганларини ҳам айтиб ўтди. Лекин шуни айтишим мумкин, тергов органининг бундай иш қилишга ҳуқуқи йўқ. Фақат суд томонидан танланган эҳтиёт чора билан чекланиши зарур эди.

Норозилигимнинг яна бир сабабини қайд этиб ўтсам, эҳтиёт чораси танлаш чоғида, эътибор бериб қарасак, аниқлаш қисмининг 2-3 варроғи паст қисмида гўёки Йўлдошева 2020 йилнинг 1 февраль куни марҳум Фаррух Рустамовни Руҳий-асаб касалликлари диспансерга жўнатгани қайд этилган. Бундан ташқари, 7 февраль куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар прокуратураси қарорига асосан жиноий иш қўзғатилгани тўғрисида ёзилган. Бу ишни шошмашошарлик, ёки бепарволик айтиш керакми, билмадим. Бу холат дастлабки тергов органи томонидан келтирилган флешкадан чиқариш чоғида эътиборсиз бўлиб, бундай жиддий хатоликка йўл қўйганларини исботи, деб айтиш мумкин.

20 йилдан буён адвокатлик амалиёти билан шуғулланиб келаман. Эҳтиёт чораларини танлаш суд ваколатига киргач, уй қамоғи эҳтиёт чораси жорий этилгач, ушбу эҳтиёт чорасига бу қадар қаттиқ муносабат билдирилмаган эди. Ҳар бир иш бир-биридан фарқ қилганидек, Йўлдошеванинг иши каби ҳолат кузатилмаган. Бугунгача олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онасини ҳимоя қилмагандим. Ўйлайманки, тергов органи чекловларни юмшатиши шарт”, дейди адвокат.

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 129
Рейтинг: 3
t
×