Импичмент масаласи: Трамп АҚШ тарихига кирди

Олам 8065
image

Кеча, 13 январь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси АҚШ Президенти Дональд Трампга импичмент эълон қилиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади.

Конгресснинг қуйи палатаси АҚШ тарихида биринчи марта амалдаги Президентга иккинчи марта импичмент эълон қилмоқда.

Трампга импичмент эълон қилиш учун 232 конгрессмен, жумладан 10 республикачи овоз берди, 197 нафари қарши чиқди. Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси уни имзолади. Эндиликда ҳужжат Конгресснинг юқори палатаси – Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади.

Резолюцияда Трамп ўтган ҳафта Капитолийда юз берган тартибсизликлар ортида исёнга чақиришда айбланган.

Аҳамиятлиси Вакиллар палатаси мажлиси ҳарбий ҳолатдаги Конгрессда ўтказилди. Капитолий тепалигини Миллий гвардиянинг 15 минг ҳарбийчи қуршаб қўриқлаб турди.

Ҳужжат Сенатга топширилгач, у ерда суд жараёни бошланади. Аммо юқори палатада Трамп тарафдорларининг кўплигини инобатга олса, улар ишни кўришни ё чўзиб туради, ёки бутунлай рад қилади. Сенатдаги кўпчилик етакчиси, республикачи Митч Макконелл импичмент масаласини кўриб чиқиш учун шошилинч йиғилиш чақиртирмаслигини айтган. Сенатнинг режа бўйича навбатдаги йиғилиши 19 январга, сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурацияси эса 20 январга белгиланган.

АҚШ ОАВ ушбу масала тезкор шаклда кўриб чиқилишига қарамай, сенаторлар уни Байденнинг инаугурациясигача кўриб чиқишга улгуришлари мушкул эканини таъкидлаяпти.

Бироқ Сенат импичмент бўйича суд жараёнидан фойдаланиб, Трампни яна президент лавозимига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича овоз бериш ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирган эди. Шундан сўнг бир қатор мессенжерлар Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларни “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган. 

Трамп вакиллар палатаси икк марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди. Амалдаги Президентга 2019 йил декабрида биричи марта импичмент эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ Сенат Трампни оқлаганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 235
Рейтинг: 3
t
×