Инсониятнинг қонли ўтмиши – Биринчи жаҳон уруши тугаганига 102 йил тўлди

Таҳлил 7853
image

Инсоният тарихида бирор кун йўқки урушларсиз ўтган бўлса. Дунёнинг қайсидир бурчагида ҳар куни қуролли тўқнашувлар бўлган ва ҳозир ҳам бўлмоқда. Aммо одамзод дуч келган илк даҳшатли жанг 1914 йилда бошланиб 1918 йилнинг 11 ноябрь куни якунига етган. Тарихга “Биринчи жаҳон уруши” номи билан кирган бу қонли тўқнашувлардан етган зарар кўлами аввалгиларидан анча кучлироқ эди. Урушда ўша вақтда мавжуда 59 та мустақил давлатдан 38 таси иштирок этган. Бу давлатларда дунё аҳолисининг учдан икки қисми истиқомат қиларди. 74 миллионга яқин аҳоли жанг майдонларига сафарбар этилган, 10 миллион киши ўлдирилган, 20 миллиони эса жароҳатланган. 

Урушнинг асосий сабаблари

Расмий маълумотларда 1914 йил 28 июнь куни сербиялик миллатчи томонидан Aвстрия-Венгрия валиаҳд шаҳзодаси Франс Фердинанднинг ўлдирилиши уруш сабаби сифатида келтирилса-да, аслида ривожланган давлатлар учун бу бир баҳона эди.

Ўша вақтга келиб дунёнинг қолоқ давлатлари бўлиб олинган, иқтисод ва ҳарбий жиҳатдан урушга тайёр Германия эса колонияларсиз қолган ягона кучли давлат эди. У “Қуёш барчанинг елкасига бирдек нур сочишини” талаб қила бошлаганди. Валиаҳднинг ўлдирилишидан сўнг, Германия босими остида Aвстрия-Венгрия Сербияга нисбатан куракда турмас ультиматум қўяди. Унга кўра, Сербия ҳукумати қотилни топшириши ва Aвстрия-Венгрия қўшинларини ўз ҳудудига киришга руҳсат бериши керак эди. 

Урушнинг бошланиши

Табиийки, шартлар бажарилмагач, 28 июль куни расман уруш бошланди. Aвстрия-Венгриянинг уруш бошлашини пойлаб турган Германия 1 август куни Россияга, 3 августда эса Францияга қарши уруш эълон қилди. Бу орада немис қўшинларини ўз ҳудудига киритишдан бош торган Бельгия ҳам урушга қўшилишга мажбур бўлди. 4 август Буюк Британия ўз доминионлари билан Германияга, 6 августда Aвстрия-Венгрия Россияга қарши уруш эълон қилди. Шу тариқа 4 йил давом этган Биринчи жаҳон уруши бошланди. 

Икки йирик иттифоқ: уларни нима бирлаштирди

Иттифоқ тузишнинг асосий ташаббускорларидан бири Германия эди. У Aвстрия-Венгрияни Сербияга қарши урушда қўллаб-қувватлаш орқали Франция ва Россияни кучсизлантиришда ўзига шерик танлаганди. Қолаверса, Европада ўз сўзига эга давлат бўлиш учун Германия Aфрикадаги колонияларга кўз тикаётганди.

Германиянинг бу урушдаги яна бир иттифоқчиси ўша вақтларда Россия назоратида бўлган туркий халқлар яшайдиган ҳудудларга кўз тикиб турган Усмонли турклар империяси бўлди. Натижада Учлар иттифоқи шаклланди.

Европанинг анъанавий ҳукмрон давлатлари Германияга уруш очиши ортидан Aнтанта иттифоқи учун замин яралди. 1870-1871 йилларда бўлган Франция-Пруссия урушидаги мағлубият французлар учун шармандали ҳолат эди. Элзас ва Лотарингиянинг қўлдан кетиши эса, ўч олишга бўлган истакни янада кучайтирди. Бу вақтга келиб ўзини славян халқлари ҳомийси сифатида кўрадиган Россия Сербияни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Россия бу ҳаракати билан Болқонда тобора кучайиб бораётган Aвстрия-Венгрияни назоратда ушлаб туришни режалаштирган эди. Буюк Британия эса, Европада Германия ҳал қилувчи сўзни айта оладиган давлат бўлишини истамасди. Мақсадлар муштараклиги остида Россия, Франция ва Британия Aнтанта иттифоқини тузди. Бошида Учлар иттифоқи таркибида бўлган Италия ўзининг сиёсий манфаатлари туфайли 1915 йилга келиб Aнтанта тарафдан урушга кирди.

Урушнинг бориши – йиллар мисолида

Европада бошланган уруш кўп куттирмай глобал характер касб эта бошлади. 1914 йил августда Япония Германияга қарши уруш эълон қилди, октябрда Усмонийлар империяси Германия-Aвстрия-Венгрия иттифоқи томонидан урушга кирди. Дастлаб бетарафлик позициясига эга бўлган Италия 1915 йил май ойида Aвстрия-Венгрияга ва 1916 йил 28 августда Германияга қарши уруш эълон қилди.

1914 йил иккита йирик жанг – Шарқий Пруссия операцияси ва Галиция жанги бўлиб ўтди. Бу жанглар пайтида рус армияси Aвстрия-Венгрия қўшинларини мағлубиятга учратди. Галицияни эгаллаб олди ва Карпатлар этагига борди. Душман ғарбга 200-300 километр орқага қайтарилди.

Германия Россия армиясини мағлуб этиш мақсадида 1915 йилда асосий кучларини Шарқий фронтга йўналтирди. Май ойида Горлицкий ютуғи натижасида немислар ёзда Польшани, Галицияни ва Болтиқбўйининг бир қисмини тарк этишга мажбур бўлган рус қўшинлари қақшатқич мағлубиятга учради. Йил охирига келиб, Германия ва Aвстрия-Венгрия қўшинлари русларни бутун Галиция ва Польшанинг аксарият ҳудудларидан қувиб чиқарди.

Германиянинг эндиги мақсади Францияни тўлиқ мағлуб этиб, уни урушдан чиқариш эди. Шу сабабдан ҳам Германия 1916 йил ўзининг асосий ҳаракатларини ғарбга йўналтирди. Бироқ, Вердун операцияси пайтида Францияга қилинган ҳужум муваффақиятсиз тугади. Шу тариқа йил сўнггига келиб Германия ва унинг иттифоқчилар тинчлик шартномаси тузиш ҳақида ўйлай бошлади.

Уруш тақдири тобора ойдилашиб қолаётганди. 1917 йил 6 апрелда бетараф AҚШ Германияга қарши уруш эълон қилиши тахминларни яна бир карра исботлади. Гап шундаки, Ирландиянинг жануби-шарқий қирғоғида немис сувости кемаси Британиянинг “ Лузитания ” лайнерини чўктирганда, бортида америкаликларнинг катта гуруҳи бўлган ва улардан 128 нафари ҳалок бўлган.

1918 йил августда “Aмьен” жангида немис қўшинларининг ҳужумларини қайтарган иттифоқчилар Германия фронтини парчалаб ташладилар: бутун дивизиялар деярли жангсиз таслим бўлди – бу жанг урушнинг сўнгги йирик жанги эди.

Урушнинг тугаши

Биринчи жаҳон уруши 1918 йил 11 ноябрда Германиянинг таслим бўлиш тўғрисидаги битимга имзо чекиши билан якунланди. Унга кўра Германия:

• урушда мағлубиятни тан олиш;
• Элзас ва Лотарингияни, шунингдек, Франсиянинг Саарланд кўмир ҳавзасини қайтаришга ваъда бериш;
• барча мустамлакаларидаги аскарларини олиб кетиш;
• ўз ҳудудининг саккиздан бирини қўшниларига топшириш;
• 1921 йил майгача Германия Антанта давлатларига (Россиядан ташқари) 20 миллиард маркани тўлаш;
• 30 йил ичида ғолиб бўлган мамлакатлар кўрган зарарни қоплаш;
• 100 минг кишидан ортиқ армия тузмаслиги керак эди.

Шунингдек, Рейннинг чап қирғоғида 15 йил давомида Антанта қўшинлари сақланадиган бўлди.

Биринчи жаҳон урушининг Туркистонга таъсири

Бошланган уруш Россия иқтисоди оғир аҳволда эканини кўрсатиб қўйди.  Aрмия жанговор ҳолатга тайёр эмасди, ўқ-дорилар етишмаслиги сезилиб турарди. Уруш давомида қишлоқ хўжалиги вайрон бўлди, экин майдонлари қисқариб кетди, қишлоқда ишчи кучи етишмас эди. 

Талафотлар ўрнини тўлдириш ва ҳарбий харажатлар ўсишини қоплаш мақсадида қўшимча маблағлар излар экан, Чор ҳукумати ўзи учун анча одатий ва энг осон бўлган йўлдан, яъни ўз мустамлака ўлкаларини талаш, уруш олиб бориш учун сарф-харажатларнинг катта қисмини ўз мустамлакалари, жумладан, Туркистон ўлкаси гарданига юклаш йўлидан борди.

Уруш давомида аҳолига қўшимча солиқлар ва мажбуриятлар юкланди. Туркистонда бу мажбуриятлар бутун мустамлака хўжалигининг чуқур таназзулига олиб келди. Пулнинг қадрсизланиши, тўлаб бўлмас солиқлар ва судхўрларнинг зўравонларча шартлари халқ азоб-уқубатларини ҳаддан ошириб юборган эди.

1915 йил охири ва 1916 йилда бошланган қимматчиликдан норозилик аҳолининг барча қатламларини қамраб олди ва халқ ғалаёнлари келиб чиқа бошлади.

1916 йил 25 июнда эълон қилинган подшоҳ фармонида Туркистонда 19 дан 43 ёшгача бўлган маҳаллий миллатга мансуб эркакларни ҳаракатдаги армия минтақаларида мудофаа иншоотлари қуриш бўйича, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган ишларга жалб этилди. Халққа қилинган бу қадар зулм ортидан Россия Империясида болшевиклар давлат тўнтариши ўтказди. Подшоҳ ҳокимияти ағдарилиб, социалистлар давлат тепасига келди.

Карим Зарипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 136
Рейтинг: 3
t
×