ИШИДнинг “главный бухгалтер”и қўлга тушди

Олам 16147
image

Ироқ разведкаси ИШИДнинг “бош ҳисобчиси” Сами Жосим ал-Жабурийнинг қўлга олинганини эълон қилди. Ўтмишда у ИШИД иерархиясидаги иккинчи рақамли шахс бўлган.

Ҳожи Ҳамид номи билан ҳам машҳур бўлган ва гуруҳнинг молиявий ишлари билан шуғулланган Жасим қўлга олинганини мамлакат Бош вазири Мустафо ал-Козимий маълум қилди. АҚШ Ҳожи Ҳамид учун 5 млн доллар мукофот ваъда қилган.

Бош вазирга кўра, Жасим Ироқ разведкаси томонидан ўтказилган мураккаб халқаро операция вақтида ҳибсга олинган. У операция қайси мамлакатда ўтказилганига аниқлик киритмаган.

Федерал тергов бюросига кўра, Жасим бюджетни ИШИД аъзолари амалга оширган терактлар учун тақсимлашдан ташқари, нефть, газ, қазилма бойликлар ва асори-атиқалар савдоси билан ҳам шуғулланган.

Ҳожи Ҳамид ИШИД учун ажралмас мутахассис. Шунинг учун унинг қўлга олиниши жуда аҳамиятли. Жасимнинг ўрнига яқин орада бошқаси келиши аниқ.

BBC’нинг мудофаа масалалари бўйича журналисти Фрэнк Гарднернинг сўзларига кўра, бу ерда энг муҳими, унда гуруҳ , жумладан яқин вақтлар ичида режалаштирилган ҳужумлар ҳақида кўплаб муҳим маълумотлар борлигидир.

Ироқ махсус кучлари Матбуот хизматининг маълум қилишича, қўлга олинган "бухгалтер" Абу Бакр ал-Бағдодий ўрнига ташкилотга раҳбарлик қилаётган Амир Муҳаммад Саид Абдул Раҳмон ал-Мавлийнинг яқин кишиларидан ҳисобланган.

2019 йилнинг октябрь ойи охирида АҚШ ҳарбийлари Суриянинг Идлиб вилоятида ал-Бағдодий яширинган дала ҳовлида рейд уюштирган. Унинг қўриқчилари йўқ қилинган, Бағдодий эса ўзини отиб ташлаган.

“France Press” агентлиги берган маълумотларга кўра, Ироқ разведкаси Жасимни Туркияда қўлга олган. Туркия расмийлари Бағдод баёнотига изоҳ бермади.

Жорий йил сентябрь ойи ўрталарида Франция Президенти Эммануэль Макрон ИШИД раҳбариятининг юқори мартабали вакилларидан бири Аднан Абу Валид ас-Саҳрави француз ҳарбийлари томонидан ўлдирилганини маълум қилди.

Ас-Саҳрави ўз гуруҳини 2015 йилда ташкил этган. Бу гуруҳ раҳбариятида ундан ташқари ИШИДнинг асосий раҳнамолари – Абу Бакр ал-Бағдодий ва Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший ҳам бўлган.

ИШИД қайсидир паллада Ироқ шарқидан Сурия ғарбигача бўлган ҳудудларда 88 минг квадрат километр майдонни эгаллаган. Террорчилар ҳукмронлиги остидаги аҳоли сони саккиз миллион киши атрофида бўлган.

2017 ва 2018 йилларда ИШИД жанг майдонида биринчи бўлиб Ироқда, кейин Сурияда мағлубиятга учради. Бироқ, гуруҳ Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиа масжидини портлатиш каби ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишда давом этмоқда. Портлаш камида 50 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу Америка қўшинлари мамлакатдан чиқарилгандан кейинги энг йирик ҳужум.

БМТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, ИШИДнинг асосий кучлари Ироқ ва Сурияда Амир ал-Маула бошчилигида тўпланган. Ташкилотга кўра, ИШИДнинг янги ҳужумлари Африка, Афғонистон ва Жануби-Шарқий Осиёда ҳам содир бўлиши мумкин.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 447
Рейтинг: 2.9
t
×