Ислом Каримов ишлаган хонадан эксклюзив видеорепортаж

Бу қизиқ 62662

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1997 йилдан 2004 йилгача Олий Мажлис биносида жойлашган хонада фаолият юритганидан хабарингиз борми? Айни вақтда эса ушбу хонадан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов фойдаланмоқда. Хона аввал бошданоқ қандай таъмирланган, жиҳозлар қандай жойлаштирилган бўлса, ҳамон шундайлигича турибди. Акмал Саидов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ундаги ҳеч нарса ўзгартирилмаганини айтади. 

“Бу ерда 1997 йилдан 2004 йилгача  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Aбдуғаниевич Каримов ўтирган. Икки палатали парламент бўлгандан кейин бу хонага деярли кирмаганлар. Бир палатали парламент бўлган пайтларда, шу хонага келиб, ишлаганлар. Икки палатали парламент даврида фақатгина қўшма мажлисларда келиб, кирсалар ҳам қўл чайишга кирган бўлишлари мумкин. 

Лекин мен бу ерда ҳеч нарсани ўзгартирмадим. Бу ерда 1997 йилдаги услуб қолган. Ўзига хос тарихий хона бу. 

Бу бинога 1997 йилда кўчганмиз. Ўшанда Ислом Абдуғаниевич шу хонада ўтирганлар. 

1997 йилдан 2004 йилгача ҳар уч 3 ой 4 ойда келиб турардилар. Пастки қаватда бирга тушлик қилардик. Кейин шу ерга чиқардик. Қоғозлари шу ерда турарди, шу ерда қўл чаярдилар. Мен ҳалигача ҳеч нарсани ўзгартирмаганман. Фақат китобларимни олиб келдим. 

Мен Ислом Aбдуғаниевич билан 1989 йил июндаги Фарғона воқеалари бўлгандан бери ишлаганман”, дейди Акмал Саидов ушбу хона ҳақида гапираркан. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқарган Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этган эди. 

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1881
Рейтинг: 4.1
t
×