Қийноқлар вақтида кузатув камераларининг “кўзини ким кўр қилади?”

Интервью 18561

Кузатув камералари ва қийноқлар. Ҳозирги кунда Жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ), тергов ҳибсхоналари, тергов изоляторларининг барчасида кузатув камералари бор. Шундай бўлишига қарамай, маҳкумлар ва айбланувчиларга нисбатан қийноқ, тазйиқ ва таҳдидлар ҳақидаги хабарлар матбуот саҳифаларидан ўрин олмоқда. Кузатув камералари борлиги ростдир, лекин улар қанчалик кузатувда? Бу саволга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов жавоб берди.


“Кузатув камералари ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, доим мониторинглар ўтказилади. Жамоатчилик вакиллари, бундан ташқари, Демократия ва инсон ҳуқулари институти директори Сайёра Хўжаева билан бирга муассасаларга огоҳлантиришсиз кириб борамиз. Мониторинглар жараёнида жойлардаги кузатув камералари ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Носоз ёки шунчаки ишламаётган кузатув камералари йўқ. Биз жорий йилда фақат Жазони ижро этиш муассасаларини мониторинг қилмадик. Сўнгги вақтларда журналистлар, жамоатчилик ва халқаро ташкилотларни қизиқтирган савол – қийноқлар масаласига ҳам эътибор қаратдик”. 

“Электр энергиясининг ўчиши ёки турли техник носозликлар бўлди” қабилидаги баҳоналар камераларнинг ўчиқ қолишини қанчалик оқлайди? Умуман, тергов ҳибсхоналари ва ЖИЭМларда камераларни ўчириб қўйиш имкони борми? Агар йўқ бўлса, Андижон шаҳар ИИБ ва Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБда фуқароларга нисбатан қийноқлар содир этилган вақтларда “камераларнинг кўзини ким кўр қилганди?” Бу саволга Саидов қуйидагича жавоб берди:

“Aндижон ва Қашқадарёдаги воқеалар барчанинг эътиборини тортди. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди, ходимлар орасида айримлари шундай ҳолатлар рўй беришига сабабчи бўлишди. 

Бу йил тергов ҳибсхоналари ҳам мониторингдан ўтказилди. Кузатув камераларнинг алоҳида базаси бор, сервер вилоят ИИБда жойлашган. Ҳеч ким камераларни ўчира олмайди. Кузатув камераси ўчиши билан боғлиқ ҳолат кузатилса, сигнал бўлади ва нега ўчирилгани дарҳол аниқланади”. 

Унинг таъкидлашича, айбланувчилар тергов, терговга қадар изоляторларга олиб келинаётганида уларнинг ҳужжатлари ҳам текширилади. Бунгача тиббий муассасада даволангани, қандай ҳолатда бўлгани текширилиб, ҳар бир ҳужжатга индивидуал ёндашилади. Мониторинг жараёнида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳар бир ҳужжатни олиш, текшириш шу билан бирга маҳкумлар билан яккама-якка сухбатлашиш ҳуқуқига эга ва бу жараёнда тергов изолятори ёки ЖИЭМ раҳбари қатнашмайди.  

Саидбек Aзимов сўзида давом этаркан шундай дейди: 

“Бир нарсани инкор қилиб бўлмайди. Маҳкумлар билан суҳбат жараёнида камчиликлар борлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга 2019 йилнинг декабрь ойида БМТнинг қийноқларга қарши  қўмитасида Ўзбекистон ҳисоботи тингланди. Aфсуски, юртимизда қийноқ ҳолатлари учраб турганини далил сифатида келтириб беришди. Жорий йил 30 июнь куни Президент бошчилигида Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.  Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) иштирок этди ва аниқ вазифалар юклатилди. 

Яна Aндижон ва Қашқадарёдаги каби қийноққа солиш ҳолатлари кузатилса, нафақат тизимга, балки Президентга ҳиёнат бўлиши айтилиб, Бош прокурор ва Ички ишлар вазирига жуда қаттиқ огоҳлантириш берилган. Юқоридаги каби ҳолатлар яна такрорланса, иш Ички ишлар вазири ва Бош прокурор даражасида жазолашгача боради”.

У қўшимча қилар экан, асосий мақсад фуқароларни олиб борилаётган сиёсатга ишонтира билиш, буларни фақат гапда эмас, амалда исботлаш. Азимов ҳар бир олиб борилаётган ислоҳот Ўзбекистон имиджи билан боғлиқ эканини урғулади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жорий йил ноябрь ойидаги маълумотларига кўра, ҳозирга қадар маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари жами 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган.

Шу ўринда QALAMPIR.UZ’да мавжуд бўлган статистик маълумотларга назар ташласак: жорий йилнинг январь – сентябрь ойлари давомида прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жами 2 323 та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242 таси, яъни 10 фоиздан кўпроғи қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатларни ташкил қилган. Январь – сентябрь ойларида 11 нафар ички ишлар ходимлари қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлари учун айбланиб, иш судга оширилган.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 3.1
t
×