Қозоғистонда Ўзбекистон автобуси ағдарилди. Икки киши ҳалок бўлди

Олам 7779
image

Кеча, 12 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жаулин туманида Олма-ота – Тошкент йўлининг 571-километрида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган йўловчи автобуси ағдарилди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ёрдамчиси ва йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (ёмғир ва дўл) туфайли рўй берган, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Жамбил вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, воқеа жойига Жаулин туманида тўққизта тиббиёт бригадаси етиб борган.

Жуалин тумани шифохонасининг тез тиббий ёрдам бўлимига йўловчи автобуси ҳалокати муносабати билан 48 нафар ўзбекистонлик жабрланувчи мурожаат қилган. Уларнинг 38 нафари эркак, тўққиз нафари аёл ва бири бола. 16 нафар бемор шифохонага ётқизилган, улардан тўрт нафари реанимация бўлимида, 12 нафари жарроҳлик бўлимида. Қабул бўлимининг диагностика хоналарида 12 нафар бемор шифокор назоратида қолмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (Транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Керакли текширувлар тайинланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 275
Рейтинг: 3
Теглар
t
×